Анжуманнинг мақсади — “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан доимий мулоқотни давом эттириш, уларда Ватанга садоқат, ўзбек миллий қадриятларига ҳурмат, ватанпарварлик руҳини кучайтириш ҳамда Янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати моҳияти ва мақсадларини тушунтиришдан иборат. Хорижда таҳсил олаётган ёшларга мутахассисликлари бўйича мамлакатимизни янада ривожлантириш юзасидан таклифларини ўрганиш ва амалиётга жорий қилишга кўмаклашиш, ўқишни тугатиб қайтганларидан сўнг улар учун муносиб меҳнат фаолиятини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

— Ҳеч қайси давлат ўз-ўзидан буюк бўлиб қолмайди. Мамлакат истеъдодли ва салоҳиятли ёшлари билан қудратлидир, — деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши аъзоси Минҳожиддин Мирзо. — Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан навқирон авлодни юқори интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий ва креатив фикрлайдиган, илм-фанга инновацион ғоя ва технологиялар олиб киришга қодир мутахассис қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз яшаётган бу замонлар, сизга насиб этган бу имконлар не-не инсонларга армон бўлиб қолган.

Дарҳақиқат, роппа-роса бир аср илгари маърифарпарвар боболаримиз ўз ҳисобидан миллат ёшларини хорижга ўқитишга юборишган. Бу улуғ зотларнинг мақсади, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишдан иборат бўлган.

Замон биздан маърифатпарвар жадидларга издошлик мақомида фидойилик билан меҳнат қилишни талаб этмоқда. Жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни етакчи хорижий таълим муассасаларида тайёрлаш ва малакасини ошириш Ўзбекистоннинг ҳар томонлама жадал ривожланиши учун ниҳоятда зарур. Семинарда дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таҳсил олиш ва стажировка ўташ бахти насиб этган юртимиз ёшларига ҳеч бир лаҳзани бекор ўтказмай мамлакатимиздаги Учинчи Реннесанс пойдеворини барпо этиш жараёнига муносиб ҳисса қўшишлари муҳимлиги таъкидланди.

Маълумот ўринида айтиш мумкинки, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан бир неча йиллардан буён яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу борада жамғарма томонидан ташкил этиладиган стипендия танловларида иштирок этувчи номзодларнинг Ватанимиз тарихи, буюк аждодларимиз мероси, маънавий билими даражасини аниқлаш бўйича суҳбат дастури ишлаб чиқилган. Суҳбат жараёнида олимлар, маданият ва санъат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар иштирок этишади.

Семинар қатнашчилари таниқли профессорлар, юқори мартабали шахслар, сенатор ва вазирлардан қизиқарли маърузалар тингладилар. Олий Мажлис Сенати, “Янги Ўзбекистон боғи”, Темурийлар тарихи давлат музейи, “Адиблар хиёбони”, “Қатағон қурбонлари музейи” каби диққатга сазовор манзилларга саёҳат уюштирилмоқда.

— Маърузалардан сўнг ҳаммамиз Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуасига бордик, — дейди АҚШнинг Миннесота университети талабаси Шаҳзода Икромова. — У ерда “Қатағон қурбонлари” музейида бўлдик. Мана, қаранг, Ватанимни тараққий эттираман, деган инсонлар собиқ тузум даврида қандай машаққатларга дучор этилган. Ҳатто жисмоний йўқ қилишгача борилган. Бугун эса мустақил давлатимиз биз ёшларга ўқиб-ўрганишимиз учун ҳар томонлама шарт-шароит яратиб бермоқда. Ўқув семинари ҳамда экскурсиялар орқали ўзимиздаги тарихий билимларни янада бойитдик. Жадид боболаримиз ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлдик.

Бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларнинг глобал академик рейтингларига кирган University of Oxford, University of Cambridge, University College London, Imperial College London, Columbia University, Cornell University ва бошқа шу каби нуфузли университетларда мамлакатимиз учун устувор ҳисобланган мутахассисликлар бўйича 500 га яқин стипендиатлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси таълим дастурлари бўйича ўқишни давом эттирмоқда.

— Иқтисодиёт ва сунъий интеллект йўналиши бўйича магистратурада таҳсил оляпман, — дейди АҚШнинг Дуке университети талабаси Абдумалик Абдуқаюмов. — Ёзги таътил давомида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиантлари учун ташкил этилган махсус ўқув-семинар бошқа давлатларда ўқиётган талабалар билан тажриба ва фикр алмашиш имконини бергани боис менга маъқул бўлди.

Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги кунда ахборот ва маълумотлар билан ишлаш янада тезлашган. Шу сабабдан сунъий интеллект бўйича дунёда кўплаб тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Абдумалик ўзи таҳсил олаётган университетда ҳам сунъий интеллектни иқтисодиёт билан боғлаган ҳолда фойдали дастурлар яратяпти. Ўзбекистонга қайтиб келганида, албатта, Ватан равнақи учун мана шундай стратегик дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш истагида изланмоқда.

Ёшларимиз дунёнинг қайси мамлакатида таҳсил олмасин ҳамиша Президентимиз меҳрини, ишончи ва умидини ҳис қилиб яшамоқда. Университетдаги шартнома суммаси, кундалик яшаш чиқимлари билан боғлиқ барча харажатлар давлатимиз раҳбари эътибори асосида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан қоплаб бериляпти. Улар ёшлар таълимини давлат сиёсати даражасига кўтарган Президентимиздан миннатдор эканликларини, келажакда билдирилган эътибор ва ишончни юксак даражада оқлаш учун бор имкониятларини ишга солиб илм олаётганликларини фахр билан айтиб ўтишди.

Сирожиддин РУСТАМОВ,

Республика Маънавият-тарғибот маркази ходими