Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг жорий йил 6 ойлик фаолият якунлари ва йилнинг II ярмидаги режалари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда марказ директори Шовосил Зиёдов соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди.
Таъкидланганидек, Марказ томонидан буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида “Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия”си танловининг хорижий тадқиқотчилардан иборат 3 нафар ғолиби марказда стажировка ўтади.
Марказ Австрия Фанлар академияси ҳузуридаги Эроншунослик институти, Қозоғистон Республикаси Р.Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти ва Москва шаҳридаги Имом Муҳаммад ал-Бухорий номидаги мусулмонлар маҳаллий диний муассасаси билан 3 та Англашув меморандумини имзолади.
Марказ томонидан нашр қилинган китобларнинг Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университети қошидаги Ислом тадқиқотлари академияси, Ал-Азҳар кутубхонаси ва Араб қўлёзмалари институти, Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида бир қатор халқаро тақдимотлари ўтказилди.
Шунингдек, Бруней Даруссалом ислом университети ҳузуридаги Аҳли сунна вал жамоа тадқиқотлар маркази, Қирғизистон Республикаси Ўш технология университети, Туркиянинг Мармара университети, Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ўндан ортиқ илмий-маърифий семинар ўтказилди.
Юртимизда китоб фондларида сақланаётган ислом таълимоти, тарихи ва маданиятига оид қўлёзма асарларни долзарблиги бўйича таснифлаш ва уларни ўрганиш, Ўрта Осиёдан етишиб чиққан мутафаккир ва алломаларнинг мамлакатимиз ва хорижий давлатларда сақланаётган асарларини жамлаш ва тадқиқ этиш йўналишида тизимли ишлар қилинди. Жорий йилнинг ярмида Имом Бухорий қаламига мансуб 22 номдаги асарларнинг 3 минг 296 та қўлёзма нусхаси дунёнинг 41 та мамлакатидаги 260 та кутубхона фондларида сақланаётгани аниқланди ва давлатлар кесимида реестри тузилди.
Имом Бухорийнинг “Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг хорижий давлатлар қўлёзма фондларида сақланаётган 60 та қўлёзма нусхаларининг электрон варианти юклаб олинди. “Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг 18 та қўлёзма нусхаси ҳамда марказ фондида сақланаётган 76 та қўлёзма асар аннотацияси тайёрланиб, улардан 36 таси марказ сайтига жойлаштирилди.
Марказ бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаров Марказдаги илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий ишлар таҳлилини келтирди.
Унга кўра, тарих, фалсафа, исломшунослик ва диншунослик ихтисосликлари бўйича долзарб мавзуларда 14 нафар ходим фалсафа доктори (PhD) ва 3 нафар ходим фан доктори (DSc) диссертациялари устида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Шунингдек, марказ томонидан “Имом Бухорий сабоқлари” (маънавий-маърифий, илмий-адабий) журналининг 2022 йил 4-сони, 2023 йил 1-, 2-, 3-сонлари нашр этилди.
Улуғ аллома ва мутафаккирларимиз қаламига мансуб 17 та асар таржима ва таҳрир қилиниб, нашрга тайёрланди.
Ўз мухбиримиз.