Марказий банк раиси Тимур Ишметов Сенатнинг 13 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида банкоматлар орқали нақд пул ечиб олишдаги носозликлар учун банкларга молиявий жарималар қўлланилишини маълум қилди. Унинг айтишича, Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлардан бири 6 августдан кучга киради ва банкоматлардан фойдаланишда мижозларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ қоидабузарликлар учун банкларга жарима қўллаш амалиёти бошланади.

Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, 2025 йилда банкоматлар орқали 341 миллион операция амалга оширилган бўлиб, муаммоли транзакциялар улуши 0,08 фоизни ташкил этган.

Сенат мажлисида қайд этилишича, 2025 йил давомида банкоматлар орқали нақд пул ечишда техник носозликлар билан боғлиқ 290 мингта ҳолат аниқланган. Шу масала бўйича 3 мингдан ортиқ фуқаро ички ишлар органларига мурожаат қилган.

Марказий банк раисига кўра, мазкур ҳолатларнинг 85 фоизи банклар фаолияти билан боғлиқ эмас. Улар орасида банкоматда керакли номиналдаги купюралар мавжуд эмаслиги, карта блокланиши, PIN-коднинг нотўғри киритилиши, алоқа узилиши ёки электр таъминотидаги муаммолар каби омиллар бор. Шу билан бирга, тахминан 46 минг ҳолат бевосита банклар ва тўлов тизимлари операторлари фаолияти билан боғлиқ бўлган.

Шунингдек, Тимур Ишметов банкларнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини баҳоловчи махсус индекс ишлаб чиқилганини ва унинг асосида энг ёмон кўрсаткичга эга банклар жамоатчиликка эълон қилиниши бошланишини маълум қилди.

Ушбу ташаббус тафсилотлари юзасидан Марказий банк Молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати бошлиғи ўринбосари Сардор Адилов билан суҳбатлашдик.

Унинг таъкидлашича, мазкур ташаббус банкларнинг молиявий барқарорлиги ёки умумий фаолиятини баҳолаш учун эмас, балки уларнинг мижозлар мурожаатлари билан ишлаш сифатига баҳо бериш мақсадида жорий этилмоқда.

Банкка мурожаатлар тушиши муаммо эмас. Асосий масала — банк ҳал қилиши мумкин бўлган муаммоларнинг Марказий банк, Президент Халқ қабулхонаси, Президент Администрацияси, Бош прокуратура ёки бошқа давлат органларигача чиқиб кетишидир. Биз мурожаатлар ҳар бир банкнинг ўзида ҳал этилишини истаймиз”, — деди Сардор Адилов.

Унинг сўзларига кўра, банклар маҳсулот ва хизматлар ҳақидаги маълумотларни шаффоф тақдим этиши, шунингдек, мижозлар билан самарали мулоқот ўрнатиши лозим. Шу мақсадда янги регулятор инструменти сифатида махсус индекс ишлаб чиқилган.

Сардор Адиловнинг тушунтиришича, индекс банкнинг мурожаатлар бўйича бозор улушини мижозлар сони бўйича бозор улушига нисбатан ҳисоблаш орқали шакллантирилади. Индекс қанчалик юқори бўлса, банкнинг мурожаатлар билан ишлаш кўрсаткичи шунчалик салбий деб баҳоланади.

Методология ва ҳисоблаш формулалари ҳам очиқ эълон қилинади. Банклар мазкур топ-10 рўйхатга кирмаслик учун мурожаатлар билан ишлаш тизимини доимий такомиллаштириб бориши керак”, — деди у.

Сардор Адиловнинг таъкидлашича, ташаббус халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган. Жумладан, Бразилия, Португалия ва Озарбайжон марказий банклари амалиёти ўрганилган. Бразилия ва Португалияда банкларнинг ҳатто алоҳида маҳсулот ва хизматлари бўйича ҳам кўрсаткичлар эълон қилинади. Озарбайжонда эса барча банклар индекслари мунтазам жамоатчиликка тақдим этилади.

Ўзбекистонда лойиҳа ҳозирча пилот босқичда бўлгани учун дастлаб умумий мурожаатлар кесимида энг салбий кўрсаткичга эга бўлган 10 та банк маълум қилинади”, — деди у.

Сардор Адиловнинг қайд этишича, Марказий банк атайлаб “рейтинг” атамасидан фойдаланмаяпти. Чунки халқаро тавсияларга мувофиқ, регулятор органлар тижорат банкларига тўғридан-тўғри рейтинг бермаслиги керак.

Биз “биринчи ўрин” ёки “иккинчи ўрин” каби баҳоларни бермаймиз. Фақат энг салбий кўрсаткичга эга банклар ва уларнинг индексларини эълон қиламиз. Халқаро амалиётда бу “naming and shaming”, яъни муаммони оммага кўрсатиш орқали ташкилотларни ўз фаолиятини яхшилашга ундаш механизми ҳисобланади”, — деди Сардор Адилов.

Унинг фикрича, бу ташаббус оддий фуқаролар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки аҳоли қайси банкларда мурожаатлар билан боғлиқ муаммолар кўпроқ учраётганини билиб олади. Энг муҳими, банклар мазкур рўйхатдан чиқиш учун мижозлар мурожаатларини тезроқ кўриб чиқиш, ички назорат тизимини кучайтириш, хизматлардаги камчиликларни бартараф этиш ва муаммоларни юқори идораларгача етказмасдан ҳал қилишга ҳаракат қилади.

Шундай қилиб, Марказий банк бир вақтнинг ўзида икки йўналишда ҳаракат қилмоқда: банкоматлар билан боғлиқ муаммолар учун банкларнинг жавобгарлигини кучайтириш ва мурожаатлар билан ишлаш сифати паст бўлган банкларни жамоатчиликка ошкор қилиш. Регулятор фикрича, бу чоралар банк хизматлари сифатини ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Зулхумор Акбарова