Эркин ва самимий мулоқот руҳида ўтказилган учрашувда давлатимиз раҳбари бошчилигида замонавий фикрлайдиган, дунёқараши кенг, иқтидорли, янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида барча шарт-шароитлар яратилаётгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, интеллектуал ёшлар – мамлакатимизда ислоҳотларни ҳаракатга келтирувчи кучдир. Салоҳиятли ёшларнинг хорижий мамлакатларда грант асосида таҳсил олишини қўллаб-қувватлаш ўз самарасини беряпти. Хусусан, ҳозирги кунда 20 га яқин стипендиатлар жамғарма маблағлари ҳисобидан АҚШ, Буюк Британия, Япония ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олиб, банк тизимида ўз фаолиятини давом эттиряпти.

Мулоқот чоғида стипендиатлар турли мавзулардаги таклифларни илгари сурдилар. Хусусан, тадбирда банк соҳасида автоматлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, молиявий ҳуқуқ соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштириш, банк тизимига илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш каби мавзуларда қатор таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, суғурта бозорини ривожлантириш ва суғурта маҳсулотлари сифатини ошириш бўйича ҳам фикрлар алмашилди. Тадбир якунида бу каби учрашувларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олинди,деб хабар беради Марказий банк матбуот хизмати.