Ҳисоботда қайд этилганидек, Марказий банк томонидан 2021 йилда асосий эътибор пул-кредит сиёсати инструментларини инфляцияни оралиқ прогноз кўрсаткичларига эришиш мақсадларига йўналтириш ҳамда банк тизимидаги хатарларни олдиндан аниқлаш ва уларни юмшатиш чораларини кўриб бориш орқали мамлакатда макроиқтисодий ҳамда молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган.

Хусусан, инфляция даражасининг йил якунига қадар 10 фоизлик прогноз кўрсаткичига эришиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси ҳисобот йили давомида йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолинган.

Пул-кредит соҳасидаги чора-тадбирлар инфляция даражасини 2020 йилдаги 11,1 фоиздан 10 фоизгача пасайишига олиб келган.

Қайд этилишича, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 166,7 триллион сўм ёки 2020 йилга нисбатан 1,3 баробарга кўп кредитлар йўналтирилган.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида эса сўнгги 4 йилда жами 24,3 триллион сўмдан кўп имтиёзли кредитлар ажратилган ва бу орқали 983 мингдан зиёд оилалар тадбиркорлиги йўлга қўйилди. Республика бўйича ўрта ҳисобда ҳар минг хонадоннинг 110 таси ушбу дастурлар доирасида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан нархлар барқарорлигини таъминлашда пул-кредит сиёсати инструментларидан фаол фойдаланиш ва такомиллаштириш ҳамда банк тизими барқарорлигини ва тўловлар узлуксизлигини таъминлаш борасида айрим камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Кредит портфели таркибидаги муаммоли кредитларнинг банклар молиявий барқарорлигига бўлган салбий таъсирининг олдини олиш борасида банклар ва ҳукумат томонидан чора-тадбирлар кўриб борилди. Бироқ муаммоли кредитлар улуши 2021 йил якунида 5,2 фоизгача ошган.

Таҳлиллар Марказий банкнинг тижорат банклар фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш ишлари кучайтирилиши лозимлигини кўрсатмоқда.

Тижорат банклари ҳамда уларнинг ҳудудий тузилмаларининг очиқ ва шаффоф фаолият юритишини таъминлаш, уларда коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Сенат аъзолари томонидан банклар томонидан кредит ажратиш жараёнларида айрим коррупциявий ҳолатларнинг мавжудлиги иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларга салбий таъсир қилишига олиб келиши мумкинлигига эътибор қаратилди.

Банк тизимида маблағларни талон-торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатлари, айниқса, аҳолини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга мўлжалланган бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланиши ҳолатлари мавжуд.

Муҳокамалар якунида 2021 йилда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аксариятида имтиёзли кредитларни олишда ёки кредитлар ажратилишида аҳоли ва тадбиркорлар дуч келган муаммолар юзасидан тавсиялар белгиланди.

Ушбу масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.