В.Норов тадбирда сўзлаган нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиёда терроризмга қарши курашда умумий тамойиллар ва ёндашувлар бўйича минтақавий консенсусни мустаҳкамлаш, ушбу соҳада икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш, тажриба ва ахборот алмашинувини кенгайтиришда эришилган ютуқларни қайд этди.
БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилиниши орқали Марказий Осиё мазкур дастурни минтақавий даражда муваффаққиятли амалга ҳаётга тадбиқ этишнинг илк намунасини кўрсатди. Терроризмга қарши кураш бўйича миллий тизимлар шакллантирилди ҳамда мамлакатларнинг БМТ тавсияларига тўлиқ мос келадиган ҳаракатлар стратегиялари ишлаб чиқилди.
"Минтақадаги умумий хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши кураш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар учун мустаҳкам асос бу дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги яқин муносабатлардир. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари мамлакатларимизнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашдаги улкан салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам бермоқда", деди В. Норов.
Жорий йил июл ойида бўлиб ўтган Маслаҳат йиғилишида ХХИ асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида тарихий шартнома қабул қилинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари ташаббуси билан "Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш", "Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида", "Марказий Осиё - тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик зонаси" резолюциялари қабул қилиниши минтақа мамлакатларининг чуқурлашиб бораётган ҳамкорлигини халқаро даражда эътироф этилганидан далолат беради.
В.Норов қайд этганидек, Ўзбекистон дунё ҳамжамияти томонидан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро яқинлашув ва ҳамкорлик жараёнларини, минтақанинг глобал иқтисодий ва транспорт алоқаларига интеграциялашувини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланишига умид билдирмоқда.