Тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Ш.Aдриан ҳам иштирок этди.
Унда Т. Ҳакала томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннинг янги минтақавий курси туфайли минтақада мутлақо янгича сиёсий муҳит яратилиб, ўзаро ишонч мустаҳкамланаётгани, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилаётгани алоҳида қайд этилди. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Марказий Осиё давлатлари билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида «стратегик имкониятлар ойнасини» очишга кўмаклашади.
Учрашув давомида, олий мартабали меҳмонга мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё халқаро институти ва унинг фаолияти хусусида батафсил маълумот берилди. Унга кўра, Институтнинг асосий мақсади Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик ва фаровонлик муҳитини яратишда ўзининг амалий таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқишдан иборат экани қайд этилди.
Шунингдек, турли соҳаларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг истиқболлари ҳамда минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Аҳамиятли томони шундаки, айни пайтда МОХИ ва Европа Иттифоқи мамлакатларидаги нуфузли илмий таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учрашув якунлари бўйича, қўшма дастурлар ва тадбирлар, шу жумладан тадқиқот ишлари, семинарлар, конференциялар, шунингдек Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари вакиллари иштирокида эксперт учрашувларини ташкил этишга доир амалий қадамларни ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.