Тошкент шаҳридаги Пучон университети томонидан корейсшунослик бўйича ташкил этилган ушбу анжуманда мазкур университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари, кореялик олимлар, тарихчилар, оммавий ахборот воситалари, маданият марказлари вакиллари, шунингдек, корейс халқининг тарихини ўрганишга ихтисослашган хорижлик олимлар иштирок этдилар.

Учрашув давомида иштирокчилар томонидан корейс халқининг Узоқ Шарққа, сўнгра Марказий Осиё минтақаларига, Ўзбекистонга кўчишининг турли даврларига оид; архивлар билан, шу жумладан, хорижий мамлакатлардаги шу ва шунга тегишли масалалар бўйича ишлаш ҳақидаги мавзуларда маърузалар ва тақдимотлар тайёрланди.

Иштирокчиларга мустақиллик йилларида корейслар ўртасида олиб борилган социологик тадқиқотлар, Ўзбекистондаги мактаб ва олий ўқув юртларида корейс тилининг ўқитилиши ва бошқа мавзуларда маърузалар тақдим этилди.

«Евросиёдаги корейслар тарихини тушунишга замонавий ёндашувлар», «Марказий Осиёда корейс маданияти», «МДҲдаги корейсларнинг ўзига хослиги ва ўз-ўзини англаши» мавзуларида шубалар иш олиб борди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистонда корейс маорифи тарихи, корейс маданият марказлари ва оммавий ахборот воситалари фаолияти, халқининг урф-одат ва анъаналари ҳақида сўзлаб бердилар.

Шунингдек, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Корея Республикаси таълим маркази фаолияти ҳақида ҳам сўз юритилди. Бу ерда корейс халқи тарихи ва маданияти билан шуғулланишни хоҳловчиларга корейс тили ўргатилади. Бундан ташқари, ушбу марказ Ўзбекистон фуқароларига Кореяда таълим олиш бўйича маълумотлар бериш орқали ахборий ёрдам кўрсатади.

- Ўтган йили корейслар Ўзбекистон ва Марказий Осиёда истиқомат қилаётганининг 85 йиллигини нишонлаган эдик, - дейди Тошкент шаҳридаги Пучон университети ректори Виктор Нам. – Ушбу сана муносабати билан халқаро конференция ташкил этиш, ушбу масалани ўрганишга ҳисса қўшиш мақсадида анжуманга мутахассисларни, жумладан, хорижлик мутахассисларни жалб этишга қарор қилдик.

АҚШ, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Кореядан корейсшунос мутахассислар таклиф этилди. Улар ушбу масала юзасидан ўз маърузаларини тайёрладилар ва муҳокамаларда, жумладан, онлайн тарзда сўзга чиқдилар.

Конференция якунида корейсларнинг кўчирилиши қандай шароитларда кечгани (сиёсий, ижтимоий жиҳатлари), уларнинг Марказий Осиё минтақаси ва Ўзбекистонга мослашгани қайд этилди.

Мамлакатимизда ушбу диаспорани жумладан, қўшни давлатлар диаспоралари, Жанубий Корея билан ҳамкорликда ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, урф-одатлар, тил ва маданиятни асраб-авайлаш ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг  жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича мақсадларини амалга ошириш доирасидаги вазифалар белгилаб олинди.