Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йил 14 апрель куни қабул қилинган ва ижроси изчиллик билан таъминланаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида сайлов жараёнларининг барча босқичларини оммавий ахборот воситаларида тизимли ёритиб боришга доир муҳим вазифалар белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, меморандумда Сайлов кодекси ва сайлов жараёнини тартибга соладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларини сайловчилар ўртасида кенг тушунтириш бўйича ишларни самарали ташкил қилиш, шунингдек сайлов жараёнининг очиқлиги, ошкоралиги ва транспарентлигини таъминлаш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, сиёсий партиялар ва номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳақида жамоатчиликни тезкорлик билан хабардор қилишда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Имзоланган меморандумни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, сиёсий партиялар ва номзодлар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидалари, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига оид мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларида тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, “Халқ сўзи”-“Народное слово”, “Ҳуррият” газеталари, “Human.uz”, “Qalampir.uz”, “Bugun.uz”, “Nova24.uz” интернет нашрлари, «Bright Uzbekistan» ахборот портали ўртасида ҳам октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ОАВлар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда тайёргарлик ишларининг олиб борилиши ва ўтказилишини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзоланди.