Аккан Сувер Ўзбекистоннинг жорий йил июнь ойида Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган 25-Евросиё иқтисодий саммитида самарали иштирок этганини алоҳида эътироф этиб, келгуси йилнинг март ойида бўладиган навбатдаги саммитда ҳам қатнашишга таклиф этди.

Ўз навбатида, делегациянинг бошқа аъзолари ҳам қатор истиқболли таклифларини билдирди.

Хусусан, B&A GROUP тиббиёт компанияси бош менежери ва I.H.F HEALTH CONSULTANCY компанияси таъсисчиси Фарук Гокер Тошкент шаҳрида тиббиёт муассасаларини ташкил этиш, рақамлаштириш, бошқариш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида фикр билдириб, мамлакатимиз аҳолисининг Туркиянинг онкология, трансплантология, жарроҳлик ва бошқа соҳалардаги тиббий хизматларига бўлган талаби юқори эканини таъкидлади. Шунингдек, компания йирик тиббиёт лойиҳаларини тўлиқ ишлаб чиқиш ва амалга оширишда имкониятлар ва халқаро тажрибага эга эканлигини айтди.

Ш.Рахманов соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш бўйича шаҳримизда фаол иш олиб борилаётганини маълум қилди. Меҳмонларнинг таклифлари долзарб аҳамиятга эга эканлигини, ҳамкорлик истиқболлари Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари иштирокида ҳар томонлама ўрганиб чиқилишини билдирди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.