Шу боис бугун мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш нафақат ички ишлар органларининг, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча органлар фаолиятининг муҳим йўналишларидандир.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича асосий масъулият профилактика инспекторлари зиммасига юклатилади. Улар вазифасини самарали бажариш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда, энг аввало, маҳаллада яшовчи, ўзининг ғайриижтимоий хулқ-атвори хавфлилиги туфайли ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахсларнинг турмуш тарзини, мавжуд муаммоларни ўрганиши зарур. Уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга, шунингдек, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор меъёрлари ва қоидаларини сингдириши керак.

Бу борада, айниқса, маҳаллаларда бор куч-ғайратини ишга солиб, садоқат билан туну кун хизмат олиб бораётган профилактика инспекторларининг хизмати таҳсинга лойиқ. Ўтган йил давомида содир этилган жиноятларнинг салмоқли қисми профилактика инспекторлари томонидан фош қилинди. Улар қидирувда бўлганларнинг 273 нафарини қўлга олиб, етмиш нафар бедарак йўқолган шахсни қидириб топган. Зеро, муаммонинг маҳалладаёқ аниқланиб, бартараф қилиниши зарар кўлами кенгаймаслигига хизмат қилади.

Соҳа вакиллари ўзларига бириктирилган маъмурий ҳудудда муқаддам судланганлар, маъмурий назоратда турганлар, оила-турмуш доирасида ҳуқуқбузарликлар содир қилувчи шахслар, спиртли ичимликка ружу қўйганлар, ёшлар, айниқса, вояга етмаганларга алоҳида эътибор қаратяпти. Ўсмирларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиши ҳамда жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш мақсадида мунтазам профилактика ишларини олиб боряпти.

Профилактика инспекторларининг саъй-ҳаракатлари билан яшаш, ўқиш ва иш жойига муқим эга бўлмаган ўттиз тўрт мингдан ортиқ шахс аниқланиб, уларга ижтимоий кўмак берилди. Бундан ташқари, 175 мингдан ортиқ одам профилактик ҳисобга олиниб, улар билан умумий профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг янги тизими жорий этилди. Профилактика инспекторига фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари мақоми берилди. Натижада жиноятчиликнинг олдини олишда профилактика инспекторлари ва маҳалла фаолларининг ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди.

Фаолият самарадорлигини ошириш учун профилактика инспекторлари узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида шахсий автомашиналар билан таъминланди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини барвақт олиш, фуқаролар ҳаётига дахлдор муаммоларни ўрганиб, бартараф этиш, аҳоли осойишталигини таъминлашда ижобий кўрсаткичларга эришганларни рағбатлантириш механизми жорий этилди.

Халққа жисман ва қалбан яқин, фуқаролар билан ҳамнафас бўлишини инобатга олиб, ҳар бир профилактика инспектори учун ўзи хизмат қилаётган маҳалла гузарида хизмат уйи қуриб берилмоқда. Соҳа ходимлари оиласи билан ўзи хизмат қилаётган маҳаллада яшаяпти. Маҳалладошлари нафас олаётган муҳитдаги ҳолатдан, аҳолининг иссиқ-совуғидан туну кун хабар бўляпти. Бу ҳам профилактика инспекторлари учун қўшимча қулайлик яратиш баробарида узоғи яқин бўлиши, вазифаларини тўлақонли адо этишида муҳим омил бўлаётир.

Мазкур қарорга асосан “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари раҳбарлиги тугатилиб, ўрнига профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари вазифаси жорий этилди. Унга аҳоли билан мулоқотга киришувчан, ташаббускор, ташкилотчи ёшлар қабул қилинди. Жумладан, “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳларини ташкил этиш борасида Тошкент шаҳри тажрибаси юртимизнинг барча маҳаллаларида жорий этилди. Ҳозир етти мингдан зиёд шундай жамоатчилик патруль гуруҳи фаолият юритяпти. Улар сафига қарийб ўн етти минг нафар ёш жалб этилган. Улар ўзларига бириктирилган патруллик йўналишида йигирма уч мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсни аниқлаб, профилактика инспекторларига хабар берди. Натижада тўққиз мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатининг олди олинди. Ўн мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди, юздан ортиқ жиноят фош этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 июндаги “Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимиз бўйлаб ҳудудий ички ишлар бошқармаларида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор ва психолог штатлари жорий қилинди. Бу янгилик тез орада самара берди. Ўтган даврда етти мингдан зиёд аёл-қизнинг ишга жойлашувига кўмаклашилди. Қарийб ўн икки минг опа-синглимизга моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш учун ўтган йили Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда тазйиқ ёки зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби кўрсатилган. Қарорга кўра, профилактика инспекторлари ҳимоя ордерларини бериш ваколатига эга. Ўтган йил давомида ўн тўрт мингдан ортиқ аёл-қизга ҳимоя ордерлари тақдим этилди. Ҳимоя ордери чекловларига амал қилмаган 146 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракати туфайли 196 мингдан ортиқ оиладаги турли низолар ўрганиб чиқилди. Ўн тўққиз минг оиланинг нотинчлигига барҳам берилди. Саккиз мингдан ортиқ оила парокандаликдан сақлаб қолинди.

Айни пайтда юртимиздаги криминоген вазияти оғир деб топилган маҳаллаларга Миллий гвардия ходимлари бириктирилган. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини барвақт олиш бўйича ички ишлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Янги тартиб бўйича криминоген вазияти оғир маҳаллаларда Миллий гвардия ва ички ишлар органларининг қўшма патруллик йўналишлари ташкил этилиб, жамоат тартибини сақлаш кучайтирилди. Ҳар ҳафта якунида содир этилган жиноятлар маҳаллабай чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаб борилмоқда.

Бахтиёр БЕРДИАЛИЕВ,

Ички ишлар вазирлигининг

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош

бошқармаси бошлиғи, полковник