У Янгиқўрғон туманида таваллуд топган. Отаси Турсунбой ака олий маълумотли ветврач, онаси Сорахон ая колхозчи эдилар. Аҳил ва тотув оилада уч қиз ва уч ўғил дунёга келган. Иккинчиси Исмоилжондир. 1965 йили маҳалладаги 12-мактабнинг биринчи синфига қадам қўйган ва Турсунхон Ҳайитбоевадек тажрибали устоздан илк таълимни олди. Болалик ва ўсмирлиги “Юмалоқтепа”дан ўтган сой соҳиллари, чанг кўчалар, чумчуқзор адирлар бағрида кечган. ўқувчилик йиллариёқ абжирлиги, вазифаларни мукаммал бажариши, фан олимпиадаларида юқори ўринларни қўлга киритиши, жамоат ишларида фаоллиги ва ташаббускорлиги билан ўқувчию ўқитувчиларнинг меҳрини қозонишга улгурган.
1975 йили мактабни битириб, Фарғона педагогика институтининг тарих-филология факультетига ҳужжат топширган, бироқ ўша йили унга олий даргоҳда ўқиш насиб этмаган. Аммо Наманган шаҳридаги “Автомактаб”да ўқиб, профессионал ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлди. Шу билан бирга, институтга кириш учун жиддий тайёргарликка шўнғиди...
“Интилганга толе ёр” деганларидек, ёнига 1976 йили Фарғона педагогика институтининг филология факультети талабаси деган мақом гувоҳномаси қўшилди.
- Кузгача ўқидим, - дейди Исмоилжон. – Қиш аввалида отам бемор бўлиб, ётиб қолдилар. Оилани боқиш, рўзғорнинг ғорини тўлдириш менинг зиммамга тушганди. Ўқишимни сиртқи бўлимга кўчирдим.
Тумандаги 29-сонли автобазада ҳайдовчи бўлиб ишга кирди. Маоши кўплиги учун Заркент сув омбори қурилишида ишлади. Икки йиллик ҳарбий хизмат даврида ҳам Чернобиль АЭС қурилишида юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб, аскарлик бурчини ўтади. Ҳарбийдан қайтгач, автобазада ишини давом эттириш баробарида 1981 йили таҳсилни тугатди.
Дастлабки педагоглик фаолиятини Сангистондаги 23-ўрта мактабда тарих, жамиятшунослик ва ҳуқуқ фанларидан ёшларга сабоқ беришдан бошлади. 1987 йилдан Янгиқўрғон туман ижроия қўмитаси ташкилий бўлими мутахассислигига ўтказишган. Умаржон Ҳайдаров устозининг этагидан тутди. 1988 йили Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари қўшилди. Исмоилжон ташкилий бўлим мудири лавозимига тайинланди. 1993 йили ҳокимликлар жорий этилганда ҳам у ташкилий бўлим раҳбарлигини давом эттирди.
Билимдон, ташкилотчи, талабчан раҳбар ҳамма жойга сув ва ҳаводек зарур. Айниқса, 33-касб-ҳунар мактабида бунга эҳтиёж катта эди. Уни шу даргоҳга раҳбар этиб жўнатишганида ишни инқироз ёқасидаги жамоада меҳнат интизомини мустаҳкамлашдан бошлади, ишчанлик ва самимий муҳитни яратди. Ўқув-тарбиявий ишларни сезиларли даражага кўтарди. Ўз ишининг моҳир устаси Исмоилжон Мамажонов 10- ва 12-мактабларга етакчилик қилганда ҳам маҳоратли педагог эканлигини исботлади ва топшириқларни сидқидилдан адо этди. Таълим жараёнларини қаттиқ назорат остида ушлади. Ўқувчи ва ўқитувчиларнинг вазифасига нисбатан масъуллигини оширди. Спорт-соғломлаштиришга, болалар спортини ривожлантиришга чуқур аҳамият қаратилди. Шунингдек, у ишлаган мактаблардаги кам таъминланган оилалар фарзандларига китоблар, ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар олиб берилишига эришди. Ўша жамоада ишлаб пенсияга чиққан кексалардан мунтазам хабар олинди.
2007 йил Исмоилжон Мамажонов ҳаётида туб бурилиш бўлди: туман ҳокимлигининг маънавият бўлимига раҳбар этиб тайинланди. Нутқи равонлиги, билими ва тафаккури билан ажралиб турадиган Исмоилжон одамлар маънавиятини юксалтириш, онгу тафаккурини бойитишда масъулиятни ҳис этган ҳолда хизматга бел боғлади. Ҳалол ва сидқидилдан меҳнат қилган киши элда азиз эканлигини яхши биларди.
Исмоилжон серҳаракат, зийрак, теваракдагиларга ғамхўр ва меҳрибонлиги, ибрати билан тумандошлари эътибори ва эътирофига лойиқ. Шу боис, лавозими 2014 йили Республика Маънавият ва маърифат маркази тасарруфига ўтказилганда ҳам уни шу ишга муносиб кўрилди. Ва ҳамон айни лавозимдаги саъй-ҳаракатларни самарали уддалаяпти.
Жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини боғлашда кўприк вазифасини ўтаётир, десам муболаға эмас. Чунки унинг туманда амалга ошириладиган энг қайноқ ва долзарб масалалар ечими билан шуғулланганини кўп марта гувоҳи бўлганман. Бир қарасангиз, қўшни Қирғизистон давлати билан ёндош Поромон ва Оқтом қишлоқлари аҳолиси билан, гоҳида анжуманларда янги Ўзбекистонни барпо этиш мавзуида маъруза қилаётган, гоҳо китоб ва китобхонликни кучайтиришда куйиниб тушунтираётган... Куни кеча эса марказдан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар Исмоилжон Мамажоновнинг туризмни ривожлантириш тўғрисидаги маслаҳат-тавсияларига қойил қолгани барчамизни қувонтирди.
Исмоилжон етук маънавиятчи, дилкаш, дилбар, ҳазил-мутойибага ўч ва айни чоғда нозиктаъб тарихчи-публицист ҳамдир. Ижод билан машғулликни хушлайди. “Маънавий баркамоллик йўлида”, “Ҳақиқат ва масъулият”, “Эртаси бор юрт”, “Келажакка ишонч” ва “Буюк келажак сари” номли маънавий-маърифий рисолалари ана шу ижод маҳсулидир. Таъкидлаш жоиз, мақоламиз қаҳрамони касбига садоқатли, сабрли, ҳар қандай ишга астойдил ва виждонан киришади. Бошқаларга ўхшамайдиган ўз хислати, одати устувор. Қаерда бўлмасин, қанча туришидан қатъи назар, тарихга оид қўлланма ва китобларни сотиб олади, ўқийди ва оилавий кутубхонасини кенгайтиради.
Туманимиздаги маънавий-маърифий ишларнинг билимдон ва жонкуяри Исмоилжон Мамажоновнинг шахсий намунаси ҳақида ҳар қанча ижобий фикр айтсак, арзийди. У 2012 йилда “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг республика босқичида "Энг яхши сўз устаси", 2014 йилда “Энг яхши маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танловида “Энг яхши таҳлилий маъруза”, 2016 йилда “Энг яхши маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танловида “Адабиёт ҳамда тарихий ўлкашунослик” номинациялари бўйича ғолибликка эришган. Қолаверса, 2018 йилда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика танловида унга тенг келадигани топилмади. 2022 йили эса “Энг намунали туман” кўрик-танловининг республика босқичида олий ўринни эгаллаб, “Дамас” автомашинаси ҳамда 15 миллион сўмлик китоблар жамланмасига эга чиқди. Дарвоқе, Янгиқўрғон тумани шонли тарихига бағишланган ҳужжатли, илмий-оммабоп ва тарихий фильм муаллифи.
“Меҳнат қилган элда азиз”, дейди доно халқимиз. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йили Наманган вилоятига ташрифи чоғида Исмоилжон Мамажонов билан 20 дақиқали самимий мулоқот қурди. Исмоилжон Юртбошимиз назарига тушди. Айниқса, Янгиқўрғонда сайёҳлик тараққиётига тўсиқ-муаммоларнинг ечими хусусидаги таклифлари алоҳида қайд этилди. Натижада Янгиқўрғон сайёҳлик кластери туманига ихтисослашди. Чегара ҳудудларида жойлашган Нанай, Мамай, Оқтом, Қизилёзи, Кўкёр, Заркент қишлоқлари, қадимий Подшоота сойи соҳиллари гўзал ва оромбахш сайёҳлик масканларига айлантирилди.
Исмоил Мамажоновнинг ташаббуси ва меҳнатлари давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан юксак қадрланди ва тақдирланди. 2019 йили “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. 2020 йилда “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси”, 2022 йили эса “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонлари билан сийланди. Муҳими, камтарин, меҳрибон ва ғамхўр устоз сифатида элда обрў топган.
У 1980 йили ўзи каби педагог Маҳфузахон билан оила риштасини улаганди. Тўрт ўғил, икки қиз ва 18 набира Оллоҳнинг уларга берган буюк неъматидир. Улар Яратганга чексиз шукрона билдириб, табаррук 65 ёшини қаршилади ва бахтиёр дамларни хотиржамликда, умргузаронликда кечиришмоқда.
Қамбар ҲАЙДАР,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,
Наманган вилояти