Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–4965-сон қарорига мувофиқ интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликни манзилли аниқлаш ва курашиш мақсадида Интеллектуал мулк ҳимояси бошқармаси ҳамда Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Интеллектуал мулк ҳимояси марказлари ташкил этилди.
Қарорга мувофиқ жорий йилнинг 15 февралидан 15 мартига қадар республикамиз бўйлаб ўтказилган контрафакт маҳсулотларни реализациясига қарши реал самарали курашишни кўзда тутувчи «Контрафактсиз ой» ойлиги давомида Интеллектуал мулк ҳимояси бошқармаси ходимларидан иборат 25 кишилик ишчи гуруҳ ташкил этилиб, республикамиз миқёсида бозорлар, йирик савдо мажмуалари ва кўчма савдо нуқталарида контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашиш бўйича профилактика тадбирлари олиб борилди.
Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан кунига 100 дан ортиқ контрафакт маҳсулотлар аниқланмоқда. Бугунги кунга келиб, ишчи гуруҳ томонидан аниқланган контрафакт маҳсулотларнинг сони 2000 дан ошиб кетган. Ушбу аниқланган контрафакт маҳсулотларнинг ҳар бири Агентлик экспертлари томонидан ўрганилиб, босқичма-босқич уларнинг ишлаб чиқарувчиларига нисбатан ҳуқуқбузарлик даражасидан келиб чиққан ҳолда огоҳнома, тақдимнома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома каби таъсир чоралар қўлланилмоқда.
Жумладан, ҳозирги кунга қадар 400 дан ортиқ ҳолат бўйича контрафакт маҳсулот ишлаб чиқараётган ноҳалол тадбиркорлик субъектларининг шахси аниқланиб, шулардан 74 та тадбиркорлик субъекти раҳбарларига нисбатан аниқланган қонунбузилишлар, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилган.
Шунингдек, қонунчиликни бузиш орқали маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган ҳолатлар юзасидан 41 та тадбиркорлик субъекти раҳбарларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқишлик учун судларга юборилди.
Хусусан, ижтимоий тармоқларда тарқалган «Sraft Foods Rus» (Россия) масъулияти чекланган жамиятига тегишли «Alpen Gold» жамланма товар белгили маҳсулотининг «Aybon Gold» номли контрафакт нусхаси «МАХ-ЭЛИТE» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқариб келинган. Ҳолат бўйича жамият раҳбарига тегишли тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари олиб борилиши натижасида контрафакт маҳсулот ишлаб чиқариш тўхтатилишига эришилди.
Бундан ташқари, мазкур тадбирлар жараёнида 300 дан ортиқ ишлаб чиқарувчиси номаълум бўлган сохта маҳсулотлар ҳам аниқланди. Жумладан, Германиянинг «Adidas AG» компаниясига тегишли «Adidas» товар белгили маҳсулотининг «Abibas» каби контрафакт нусхалари аниқланиб, ишлаб чиқарувчисини топиш ва чора кўриш учун «хуфиёна иқтисодиёт» шаклланишининг ҳолатларини аниқлаш бўйича чоралар кўриш, яширин ишлаб чиқариш, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолиятига чек қўйиш бўйича ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тақдим этилди.