Халқаро экспертлар, сиёсатчилар, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур саммит Марказий Осиё давлатлари лидерларини бир мақсад йўлида жипслаштириб, минтақа халқлари ўртасидаги бағрикенглик, аҳил қўшничилик муносабатларини янги босқичга олиб чиқмоқда, дея эътироф этмоқда.
Айни шу мазмундаги фикр-мулоҳазалар Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институти томонидан Аваза саммити тафсилотларига бағишлаб “Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзуида онлайн ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуман чоғида ҳам қайд этилди.
Унда Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акром Неъматов, “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Элдор Туляков, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Язгули Маммедов, Қирғиз Республикаси стратегик тадқиқотлар миллий институти директори Уран Aхметов, Тожикистон Республикаси стратегик тадқиқотлар маркази директори Хуршед Зиёи, Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санат Кушкумбаев, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларидаги қатор етакчи таҳлил марказлари вакиллари, халқаро экспертлар иштирок этди.
Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви 2017 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан минтақавий яқинлашув сиёсатининг мантиқий давоми бўлди. Шунингдек, 2018–2019 йилларда ўтган Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида мустаҳкам замин яратди.
Ҳозирги кунда минтақа мамлакатлари ҳамкорлик борасида аниқ мақсад билан ҳаракат қилмоқда. Буни Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро савдо айланмаси ҳажми барқарор ўсиб, сармоявий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.
Минтақадаги ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. БМТ Бош Aссамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”, “Маърифат ва диний бағрикенглик”, “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш”, “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциялар қабул қилиниши ғоятда аҳамиятлидир.
Минтақада маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги алоқалар жадал ривожланмоқда, фан, таълим, туризм, маданият ва спорт каби соҳаларда турли тадбирларнинг ташкил этилаётгани, қардош халқларимизнинг тарихан яқин маданий-гуманитар алоқаларини янада мустаҳкамлашга имкон беради.
– Аваза саммити якунлари Марказий Осиё давлатларининг минтақада тинчлик ва барқарор хавфсизликни таъминлаш учун ҳамкорликни чуқурлаштириш ва янада кенгайтиришга қатъий содиқлигини яққол намойиш этди. Бу давлат раҳбарларининг учрашув якуни бўйича қабул қилинган Қўшма баёнотида ўз аксини топди. Қўшма баёнотда иқтисодий муносабатларнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга эътибор қаратилди, – деди “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Э.Туляков.
Марказий Осиё халқаро институти директори Aнвар Носиров таъкидлаганидек, ўзаро ҳамкорлик борасида эришган ютуқларимиз қаторида, ҳали фойдаланишимиз мумкин бўлган улкан салоҳиятга эгамиз. Айни пайтда, мамлакатларимиз минтақавий шерикликни мустаҳкамлашнинг дастлабки босқичида турибди. Ушбу масалалар давлат раҳбарларининг ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича билдирган амалий ташаббусларида ҳам намоён бўлди. Хусусан, Президентимиз давлатлараро савдо-сотиқ ҳажмининг ўсишини таъминлайдиган, адолатли рақобат муҳитини шакллантирадиган, маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун савдо бозорларини кенгайтирадиган ва тарифли ва тарифсиз тўсиқларни бартараф этиш орқали тўлақонли эркин савдо режимини шакллантиришни таклиф қилди.
Халқаро анжуман иштирокчилари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувлари минтақа тараққиёти, халқларимиз аҳиллиги ва турмуши фаровонлиги йўлида ҳал қилувчи аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.