Давр тақозоси билан ўқув юртларида «Молиявий психология» фани жорий этилди ва мутахассислар билан ҳамкорликда бизнес мактаби тингловчилари учун мазкур фаннинг дастурини ишлаб чиқишга тўғри келди.

Таъкидлаш лозимки, ихтисослигим бўйича психолог ҳам, математик ҳам эмасман. Шунинг учун дастурни ишлаб чиқиш ушбу йўналишда қатор илмий ва амалий адабиётларни, лозим бўлса публицистик, ҳаттоки бадиий адабиётларни мавзу доирасида баҳолиқудрат ўрганишни талаб этди.

Шу аснода Лев Толстойнинг «Иқрорнома» (Исповед) асарини ўқиб қолдим. Тан олиб айтиш керакки, рус тилида ёзилган мазкур асар домла Озод Шарафиддинов томонидан ўзбек тилига таржима этилиши натижасида, янада бойиган ва фалсафий жиҳатдан чуқурлашгандай туюлди.

Хизмат юзасидан Жарқўрғон туманида бўлганимда, туман прокурори билан унинг секторини ўрганиш асносида, у туман ёшлари ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганлигини айтди. Шу ўринда, яқинда ёшгина йигит компьютерда ишлаб ўтириб, тунда чиқиб ўз жонига қасд қилганлигини, компьютерда эса ҳеч қандай шубҳали материаллар топилмаганлигини, фақат уйидагилар унинг кейинги пайтларда компьютер ва интернетга жуда берилиб кетганлигини маълум қилишганини сўзлаб берди.

Албатта, ахборотлашган дунёда маълумотларнинг «тўлиб тошиб, тиқилиб» кетганлиги, айниқса ёшларни реал дунё билан виртуал дунё ўртасидаги фарқни «йўқотиб» қўйишларигача олиб бораётганлиги, уларнинг интернет воситасида гўёки ҳаётнинг барча сирларидан «воқиф» бўлиб, бу дунёда яшаш ўзининг мазмунини «йўқотаётганлиги» тўғрисидаги фикрларни турли манбалардан ўқиймиз, эшитамиз. Умуман, ахборот технологиялари тараққиётининг ижобий томонларигина эмас, мана бунақанги – салбий жиҳатлари ҳам борлиги ва бу салбий ҳолатлар жаҳон ҳамжамиятининг ўткир муаммосига айланиб бўлганлиги, сир эмас! Шунинг учун ҳозирги ёшларга ҳаёт мазмуни ҳақида турли «чўпчагона» насиҳатлар қилиш ўринсиз...

Жарқўрғон прокурори билан суҳбат пайтида ёдимга юқорида таъкидланган – Толстойнинг «Иқрорнома» асари келди. Унда муаллиф бир пайтлар ўзи учун ҳаёт дабдурустдан ўз маъносини йўқотганлигини ва у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганлигини ёзади. Ваҳоланки, бу пайтда Толстой жисмонан тўла соғлом, бой-бадавлат, ҳурмат эътиборда, машҳур, оиласи бадастир бўлганлигини таъкидлаб кўрсатади. Лекин унинг учун бу дунёда яшаб юриш умуман ўз мазмунини йўқотганлигини, шунга қарамасдан нимадир уни ўз жонига қасд қилишдан «ушлаб» турганлигини таъкидлайди ва бу «нимадирни» тагига етишга қарор қилади.

Толстой бу «нимадирни» тагига етиш мақсадида кўп изланади, ўқиган нарсаларини яна қайта-қайта ўқиб чиқади, аниғу гуманитар фанларни таҳлил этади. Шу ўринда у математика фанига ҳам қайта-қайта «юзланади». Лекин, таажжубланарли томони шундаки, у Декартнинг математикага асосланган фалсафий қарашларини «ақлга сиғадиган» билим сифатида баҳолаб, бу билим «ҳаёт мазмуни»ни ечиб беришга ожиз, деб ҳисоблайди. Яъни 0=0; а=а; х=х каби айниятларни келтириб, «чегараланганлик» (ҳаёт давомийлиги) ва «чегараланмаганлик» (мазмун-моҳияти) муносабати аслида тенглама бўлгани ҳолда, айниятни ечишга мажбур бўласан, деб ифодалайди.

Балки Толстой мазкур муносабатнинг ечимини топишда айният билан чегараланмай, математиканинг бошқа, юқорироқ қисмига – функциялар ва уларнинг ҳосиласига эътиборини қаратса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Яъни, айнан функция ва унинг ҳосиласигина турли омилларнинг ўзаро муносабатларини кўрсатиб, тушунтириб бера олади. Масалан, ҳар қандай манзилга боришга кетадиган вақт ҳаракат тезлигига боғлиқ, демак – вақт тезликнинг функциясидир. Энди, тезлик эса босиб ўтилган маълум бир «чегараланган» масофанинг ҳосиласидир:

Яъни, математик тильда айтганда: функция орттирмасининг аргумент орттирмасига нисбатининг, аргумент орттирмаси «нолга» интилгандаги «чекли» лимитига функциянинг ҳосиласи дейилади. Демак, «ҳосила» мавжуд бўлиши учун аргумент орттирмаси «нолга» интилади, лекин «нолга» тенг бўлмайди! Айтмоқчи бўлганимиз – инсон яратилган экан (энг кичик миқдорда бўлса ҳам аргумент «орттирма»си берилган экан), яратганнинг ўзи албатта функция «орттирма»сини ҳам келтириб чиқариб, йўл кўрсатади. Мазкур йўлни аниқлаб олиш – бироз тиниқ мушоҳадани талаб этади, холос. Шунда ўз-ўзидан «ҳосила»га эришилади.

Демак, «ҳосила»га эришишнинг ягона йўли – «аргумент» орттирмасини энг кичик миқдорда бўлса ҳам «чегаралаш»дир. Мазкур «чегара» қўйилмаса «ҳосила»га, яъни натижага эришиб бўлмайди, яъни формула мазмун-моҳиятини йўқотади (шу каби – «ҳаёт мазмуни» ҳам!). Шу каби – Толстой ҳам «ҳаёт мазмуни»ни айниятлар орқали «чегарасиз» муҳитдан, қандайдир мавҳум «чексизлик»дан қидирмай, балки «чегараланган» – бугунги кунидан, жорий ҳолатдаги реалликдан қидирганида, балки эрта қачон «ҳосила»га, яъни натижага эришар эди. Албатта, у ўз китобида ёзганидек, маълум давр ўтгач таҳлиллари асосида иймон эшигини топади ва тирик қолади...

Юқорида қайд этилганлардан хулоса ўрнида қуйидаги ҳақли саволлар туғилади: хўш, математикани ёшларга ҳаётдаги муаммоларини ечишига ёрдам бера оладиган даражада ўқитяпмизми, яъни математика фанини ўқитишдан «ҳосила» ола олдикми? Ахборотлашган жамиятда ёшларнинг мавжуд «тиқилинч» ахборотларни «сингдира» олмай, айрим ҳолларда, юқорида таъкидлаганимиздек – «реаллик» билан «виртуаллик»ни фарқлай олмай қолаётганлигига улардаги математик билимларнинг етишмаслиги сабаб бўлмаяптимикан? Яъни, бир «от кучи»га эга бўлган отни минишни ўрганмаган болага юз «от кучи»га эга бўлган автомобилни миндириб қўйишимиз – қатор автоҳалокатлар содир бўлишига олиб келаётгани каби, математика бўйича етарлича билимга эга бўлмаган, математик мантиқий фикрлаши ва математик психологияси шаклланмаган ёшларнинг юқори технологияларда (IT) бирданига ишлашга ўтиб кетаётганлиги ва олаётган «ҳаддан ортиқ» ахборотлари, айрим ҳолларда уларнинг руҳий дунёсига аксинча – салбий таъсир этмаяптимикан?! Ёшлар психологиясини кўпроқ математикага асосланган мантиқий фикрлаш асосида эмас, балки Толстой ёзганидек – «чала илм»га асосланган, «насиҳатомуз» фанлар ва билимлар асосида шаклантирмаяпмизми?..

Албатта, қайд этилган фикрлар – мунозаравий хусусиятга эга. Шунинг учун мазкур қарашларимизга мутахассисларнинг, айниқса математик ва психолог мутахассисларнинг муносабатларини кутиб қоламиз...

О.Иминов,

иқтисод фанлари доктори, профессор