Пойтахтимизда бунёд этилган Ғалаба боғи, ҳудудлардаги “Ватанпарвар” мажмуалари каби табаррук масканлар қисқа муддатда халқимиз ва чет эллик меҳмонлар учун қутлуғ зиёратгоҳларга айланди.
Дарвоқе, Ғалаба боғи... Тез-тез ушбу манзил томон йўлим тушади. Мажмуанинг
бунёд бўлиши, такомиллашиши ва тўлақонли касб этиши кўз олдимда кечди. Бу ерга
ҳар куни турли ёшдаги одамлар, навқирон авлод вакиллари, ҳарбийлар ташриф
буюради. 9 май — Хотира ва қадрлаш куни яқинлашгани сайин сўлим масканга
боргим, ҒАЛАБА БОҒИ билан хаёлан суҳбатлашгим келаверди.
— Мазкур санани кўтаринки шукуҳ
билан байрам қилсак-да, аммо тарихнинг машъум кунлари хотираларимизда чарх
ураверади. Ғалабага элтувчи йўлнинг даҳшати, йўқотишлари қалбларимизни қанчалар
эзиб, азоб берса, халқимизнинг бир мақсад йўлида жипслашиб кўрсатган матонатини
унутишга шунчалар ҳаққимиз йўқ эканини ҳис қилаверамиз.
— Хотира ва қадрлаш куни бошқача байрам. Уруш кўрган одамлар учун
қадрдон оиласи ва халқи ардоғида бўлиш, юртга керакли эканини ҳис этиш уларни
яшашга ундайверади. Меҳр-эътибор, бир оғиз ширин сўзга муштоқ кексалар учун
бундан ортиқ хурсандлик йўқ, аслида. Сана муносабати билан ташкил этиладиган
давомли тадбирлар эса фахрийларни беҳад мамнун этади. Айниқса, Иккинчи жаҳон
уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор ва рағбатнинг чек-чегараси йўқ.
Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ва ўша машаққатли даврда фронт
ортида оғир ҳамда ҳалол меҳнати билан метин матонатини намойиш этган
ота-боболаримиз бизга ҳаётнинг оддий, аммо пурҳикмат бир ҳақиқатини англатиб, ҳамиша
бундай дуо қилади: “Уруш бўлмасин! Урушни биз кўрдик, кейинги авлод вакиллари
кўрмасин, илоҳим”.
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилдим.
Ғалаба боғи мажмуаси ана шу ўзбекона фалсафа, таъбир жоиз бўлса, халқона
сиёсатнинг амалдаги ёрқин натижасидир. Бундай бунёдкорона ёндашув янги
Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир.
— Билсанг, 2010-йиллардан кейин
бу ер одамлар нигоҳидан пана ҳудудга айланиб қолган, туман ҳокимлиги биноси ҳам
кўздан анча нарида жойлашганди. Катта йўлдан ўтаётиб, ичкарироқда маъмурий бино
борлигини биров билар, биров билмас даражада кўримсиз жой сифатида ёдимизда
қолган.
— Мен бунёд этилиб, эшикларим пойтахтликлар ва меҳмонлар учун кенг
очилганига 6 йил тўлди. Ғалаба боғи деган номим ўз моҳияти билан халқимизнинг
уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонати, юксак инсоний фазилатлари,
қаҳрамон аждодлар номлари, шонли анъана ва қадриятларини абадийлаштириш,
Ўзбекистонда инсон хотираси азиз ва муқаддас, қадри улуғ эканини амалда ифода
этиш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган.
Давлатимиз раҳбари шуларни эътиборга олиб, ушбу ғояни таъсирчан
бадиий-монументал усуллар, инновацион ечимлар асосида ифода этишга алоҳида
аҳамият берди. Мунтазам равишда бу борадаги лойиҳалар татбиқ этилишини
назоратга олди. Мендаги мураккаб композициялардан тортиб, ҳатто тарҳдаги кичик
деталларгача Президент Шавкат Мирзиёевнинг синчков нигоҳи билан бойитилди.
Натижада ўша суронли йиллар манзарасини очиб беришга хизмат қилувчи
ҳолат ва жараёнларни ёрқин акс эттирадиган ўзига хос меъморий ансамбль сифатида
пойтахтнинг Олмазор туманидаги 14,7 гектар майдонда барпо этилдим, орада олиб
борилган улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан такомиллашдим.
Шу тариқа азим Тошкент шаҳрида 2020 йил 9 май — Хотира ва қадрлаш куни
ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш
доирасида Ғалаба боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унинг барпо этилиши
замирида Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ҳамда фронт ортида кўрсатган
беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга
муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассам.
Ушбу замин вакилларининг Иккинчи жаҳон уруши даврида қонли
жанггоҳларда ва фронт ортида кўрсатган қаҳрамонлиги шу қадар юксакки,
фашистларга қарши бу урушда қозонилган буюк ғалабани Ўзбекистонсиз, ўзбек
халқисиз асло тасаввур қилиб бўлмайди.
Энг аввал янги тарихий маълумотлар ва ҳар жиҳатдан пухта ишланган
лойиҳалар асосида менинг таркибимда “Матонат мадҳияси”, “Мангу жасорат”, “Кўз
ёши” монументлари, “Шон-шараф” музейи бунёд этилди. Ўзбек халқининг қонли
жанглардаги мардлигини, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидойилигини акс
эттиришга бағишланган кенг кўламли тарихий-бадиий экспозициялар яратилди.
Ана шундай эзгу ишларнинг давоми сифатида ўтган йили бағрим яна бир
мажмуа билан бойиди: ҳудудда она юрт қалқонлари шарафига “Миллат фидойилари”
мажмуаси барпо этилди. Ёдгорлик мустақиллик йилларида юрт ҳимояси йўлида ҳалок
бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хотирасига
бағишланди. Сана арафасида Ғалаба боғига Президент Шавкат Мирзиёев ташриф
буюрди. Шу ерда марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашди,
уларга чуқур ҳурматини билдирди.
“Ишончим комил, юзлаб марҳум баҳодир ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни
муҳофаза қилиш органлари ходимларининг номлари зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб
қўйилган ушбу муҳташам бадиий обида эл-юртимиз чин дилдан интиладиган ва
фахрланадиган яна бир мўътабар маскан бўлиб қолади...
Ҳар йили бу ерга келиб, Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишларни эслаймиз.
Энди мустақиллик фидойиларига бағишланган ушбу мажмуани ташкил қилганимиз
хайрли иш бўлди. Чунки улар ҳам миллий қаҳрамонларимиз. Шу жиҳатдан, бу
майдоннинг маънавий аҳамияти катта. Бу ҳам ўзликни англаш, бу ҳам инсон қадри”,
деди давлатимиз раҳбари.
Юқоридан қараганда мажмуа Ўзбекистон байроғидаги ярим ой ва ўн икки
юлдуз шаклида намоён бўлади. Қарийб икки метрли юлдузларнинг қирралари битиктош
вазифасини ҳам ўтайди. Уларнинг ён тарафларига 196 нафар қаҳрамон номи зарҳал
ҳарфлар билан ёзилган. Бу битиклар ёнига мониторлар ўрнатилган бўлиб, миллат
фидойилари тўғрисида маълумотлар фото ва видеолар орқали намойиш этиб борилади.
— Сен билан илк бор танишган
пайтларим шууримда сезиларли ўзгаришларни ҳис қилганман. Тафаккурим янги
маълумотлар билан бойиган эди. Яъни ким ва қайси ёшда бўлмасин, сенинг
ҳузурингдан тарих лаҳзалари, уруш манзаралари, Иккинчи жаҳон уруши
ҳақиқатларидан етарли даражада воқиф бўлади...
— Мен қизиқиб кўрдим: дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатида менга ўхшаш
боғ ва музейлар ташкил этилган. Аммо янги Ўзбекистоннинг Ғалаба боғи Россия,
Беларусь, Украина, Австрия, Польша, АҚШ, Исроил каби бошқа бир қанча
давлатлардаги улкан мемориал комплексларга мутлақо ўхшамайди. Асосий фарқли
жиҳатлари шуки, хорижий мамлакатларнинг бирортасидаги мемориал мажмуада ўзбек
халқининг Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидаги жасорати ва фронт ортидаги
матонати Тошкентда яхлит мажмуа тарзида бунёд этилган Ғалаба боғидаги сингари
кенг кўламда, ҳаққоний ва адолатли равишда кўрсатиб берилмаган.
Бу Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган неча минглаб юртдошлар
хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни
сабр-бардош билан енгган, машаққатли дамларда ҳам ўзлигини асло йўқотмаган,
иймони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш Ўзбекистонда олий
даражадаги миллий қадриятга ва давлат сиёсатига айланганининг ўзига хос
ифодасидир.
Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушида буюк ғалабани таъминлашга, ҳеч
шубҳасиз, улкан ҳисса қўшган. Фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6
миллион 800 мингни ташкил этган аҳолимизнинг қарийб 2 миллион нафари иштирок
этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган,
50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок
бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган. Ўзбекистонлик аскар ва
офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани
уларнинг жасоратидан далолат беради.
Боққа кириладиган асосий йўлнинг икки четидан 10 та барельеф, яъни
деворга ишланган бўртма нақшлар жой олган. Бу нақшлар ўзбек халқининг 1941-1945
йиллардаги уруш давридаги жасоратли ва матонатли ҳаёти ҳақида битилган ўзига
хос ноёб китобга ўхшайди. Унинг ҳар бир нақшинкор саҳифаси ҳаяжонли тасвирларга
бой.
Ёдгорлик мажмуасининг “Уруш” ҳудуди қисми ҳимоя хандақлари (окоп,
траншеялар), жанговар техника, қақшатқич отишмаларни акс эттирадиган турли
тасвирлардан иборат. Уруш қиёфаси танклар, танкларга қарши махсус металл
қурилмалар, парвоздаги ва қулаб тушган самолётлар тимсолида гавдалантирилган.
Айниқса, ҳимоя хандақларининг учта танк остида қолган қисмидан ўтаётганда ҳар
қандай инсон бу “темир сандиқ”лар остида мажақ бўлиш таҳдидини ич-ичидан ҳис
этади ва урушнинг нақадар даҳшатли эканини яққол тасаввур қилади.
Иккинчи жаҳон урушининг ўта даҳшатли дамларини кўрсатиб бериш учун
“Концлагерь” ёдгорлиги бунёд этилган. Унда 1942 йили Смоленскдаги қақшатқич
жангларда мардларча курашган ва асирга олиниб, фашистларнинг Нидерландиядаги
“Амерсфорт” концлагерига ташланган 101 нафар ўзбек жангчисининг фожиали қисмати
ҳақида ҳикоя қилинади.
“Шон-шараф” давлат музейига кириш йўлагида, икки томондаги деворларда
ҳам ранг-баранг барельефлар жойлаштирилган. Уларда Иккинчи жаҳон уруши
саҳифалари тасвирланган. Жумладан, “Кузатиш”, “Уруш”, “Фронт ортида”
барельефлари музейга кириш йўлагининг чап томонида жойлашган. Узунлиги 44
метрли ушбу асарда навқирон ўғлонларини урушга кузатаётган ота-оналар,
ўзбекистонликларнинг фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва Ғалабага қўшган улкан
ҳиссаси ўз аксини топган.
— Апрель ойи ўртасида
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат
Мирзиёевга ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, резерв ва захирадаги
офицерлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, 9 май — Хотира ва
қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш юзасидан ахборот берилди. Демак, санага бу йил
ҳам тайёргарлик қизғин...
— Шундай. Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида
нишонланиши Ўзбекистонда тинчликни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватан
озодлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирасини ёд этиш, бугун орамизда соғ-омон
яшаётган уруш ва меҳнат фахрийларига ғамхўрлик кўрсатишнинг ёрқин амалий
ифодасидир.
Жорий йилда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари
ва ногиронларининг ҳар бирига бир марталик пул мукофоти берилади. Шунингдек, бу
кунда уруш қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари, кексалар ва устозларга
ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, ёлғиз ва кам таъминланган фахрийларнинг турар
жойларини ободонлаштириш, турли хотира ва қадрлаш тадбирлари ташкил этилади.
Эътиборга молик томони, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш
чоғида ҳалок бўлган Ватан фидойиларининг хотираси ҳам улуғланади. Уларнинг оила
аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Она Ватан тинчлиги, халқимиз
осойишталиги йўлида жон фидо қилган ҳарбий хизматчилар мардлиги ва жасоратини
тарғиб қилишга қаратилган маънавий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилади.
Мамлакат бўйлаб “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида маданий-маърифий
тадбирлар, уч авлод учрашувлари, ижодий кечалар, танловлар ва оммавий спорт
мусобақалари ташкил этилади.
Хотира ва қадрлаш тушунчалари тобора долзарб бўлиб бораётганининг яна
бир сабаби шундаки, инсонга меҳр кўрсатиш, уни улуғлаш, қадрлаш каби аъмоллар
бизни глобаллашаётган ва тез ўзгариб бораётган мураккаб даврнинг турли
таҳдидларига нисбатан сезгир ва ҳушёр бўлишга, кечаги кун жароҳатларидан сабоқ
чиқаришга ундайди. Бу борада, айниқса, буюк келажак эгалари бўлмиш навқирон
авлод зиммасидаги масъулият ниҳоятда каттадир.
* * *
Инсон хотиралар билан яшайди. Кечаги куннинг машаққатларини эслаб,
оғир дамларни бугунги фараҳбахш ҳаёт билан муқояса қилсак, ҳар биримиз эзгулик,
яхшиликни улуғлашга кўпроқ интилишимиз табиий. Бундан олти йил аввал
пойтахтимизда барпо этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бу ҳақиқатни бизга
ёрқин эслатиб турибди.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири