Шу маънода олганда, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, табиатан оққўнгил, серғайрат ва камтарин бўлган Жума Намозовни юқоридаги каби ижобий хислатларни ўзида мужассам этган ажойиб инсонлар тоифасига киритиш мумкин. У киши, шунингдек, кўплаб шогирдларнинг устози, машҳур олим сифатида ҳам элга танилган эди.
Бухорода Намозовлар хонадонини ҳамма яхши билади. Устознинг меҳмондўстлик тамойилларига ўта содиқликлари боис уйларининг эшиги доимо очиқ эди. Умр йўлдошлари Февзия опа ҳам меҳмон кутишдан чарчамас, эринмас эди. Шу сабабли ҳам бу хонадонга ташриф буюрувчилар жуда ҳам кўп бўларди. Бу меҳмонлар сафида машҳур ёзувчи ва шоир Константин Симонов ҳамда Доғистонлик таниқли адиб Расул Хамзатов ҳам бўлган эди.
Жума Намазов Ғарбий, Шарқий ва Ғарбий, Украина ва Прибалтика фронтларида, 4 – Украина фронтининг Суворов номли дивизиясида хизмат қилди. Шунингдек, Донбасс, Смоленск, Брянск, Рига шаҳарлари яқинидаги Курляндияда бўлиб ўтган жангларда қатнашди. Энг қийин жангларидан бири, Донецк шаҳрининг шимолида жойлашган Андреевка қишлоғида бўлиб ўтган эди. Гарчи кучлар тенг бўлмасада, Жума Намозов бошчилигидаги 200 нафар аскарлар душман устидан ғалаба қозонди.
Кёнингсберг шаҳрининг яқинида бўлиб ўтган жангларда Намазов оғир ярадор бўлиб, контузияга учради. Бу ҳолатда бир қанча вақт у қарахт бўлиб, эшитиш ва гапириш холатини йуқотди. Лекин, оғир ярадорлик ёш жангчининг иродасини синдира олмади ва бироз вақт ўтиб, у жангчилар сафига қайтди.
Жангларда кўрсатган каҳрамонлик ва матонати учун Ж.Намазов 17 орден ва медаллар, ва бир қатор мақтов ёрлиқлари билан мукофотланди.
У жуда хам серғайрат ва ўзига талабчан инсон эди. Урушдан сўнг Ж.Намозов яхши ташкилотчи бўлгани учун, турли раҳбар лавозимларга тайинланди.
1961 йилда Ж.Намозов Бухоро давлат педагогика университетига ректор этиб тайинланди. Ўзига топширилган ҳар қандай вазифани сидқидилдан, астойдил, берилиб бажаришга ўрганган, ҳарбий хизматда суяги қотган Жума Намозов ўша санадан бошлаб, бутун меҳнат фаолиятини илмий ва маънавий ишларга, ёшларга ғамхўрлик қилишга бағишлади.
Устознинг барча шогирдлари номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлаб, республикамизнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатмокда.
Кўп йилик шарафли хизматлари ва меҳнати учун Жума “Халқ таълими аълочиси” ва “Халқ маорифининг хизмат курсатган арбоби” унвонлари билан мукофотланган.
Жума Намозов 2002 йилда, 82 ёшида вафот этди. Ҳа, устоз жисман орамизда йўқ, аммо у ҳамиша қалбларимизда қолади. Шундай ажойиб инсоннинг умри ва фаолияти катта ҳурмат ва эътиборга лойиқдир. Устознинг барча ишлари матонат, Ватанга муҳаббат ва халкига фидоийлик намунасидир.
Гульнора МАНСУРОВА,
Низомий номидаги Тошкент
давлат педагогика
университети профессори