Етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олиш мақсадида 110 та терим отрядларида 14 минг 753 нафар теримчи билан иш берувчи ўртасида икки томонлама шартномалар имзоланди.

– Айни кунларда жамиятимиз томонидан мавсумни тез ва сифатли ўтказиш мақсадида 150 та хорижий техникалар, 300 га яқин агрегатлар харид қилинди, – дейди “Ангор Сурхон Ғурури” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шуҳрат Сафарқулов. – Масумда тўлиқ ўзимизни ўзимиз техника воситалари билан таъминлаймиз. Йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан ўтказиш учун барча чора тадбирлар кўрилган. Энг муҳими теримчиларга муносиб шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари мавсумда муносиб иштирок этган теримчилар кластер томонидан қўшимча рағбатлантирилади. Теримчиларнинг иссиқ овқати, тиббий ёрдам, карантин талабларига риоя қилиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилган.

 – Ўтган йили ҳам пахта теримига иштирок этган эдим, – дейди теримчи Гўзал Бобоева. – Лекин, бу йилги шароитлар менг маъқул бўлди. Бу йилги мавсумни олдингиларидан фарқли жиҳати, кунлик норма белгиланмаган, иш берувчи билан тузилган шарномада барча ҳуқуқларимиз белгиланганлигидир. Яна бир муҳим жиҳат, тиббиёт ходимларидан иборат гуруҳлар даланинг ўзида теримчиларнинг соғлиғини мунтазам назорат қилиб боради.

4 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим вафот этган. “Темир дафтар”да руйхатда тураман. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган барча моддий ва маънавий ёрдам учун минаддорман. Пахта мавсуми биз каби фуқаролар учун яхшигина даромад манбаи. Бу йил ишлаб топган пулимга уй-жойимни таъмирлаш, қизимни турмушга узатишни режа қилганман.

– Кунлик ишларда 30-35 минг сўм учун ишлаб келаётган эдим, – дейди теримчи Фотима Ҳусанбоева. – Мавсум бошлагандан буён кунига 100 килограммдан ошириб пахта тераяпман. Бу эса бир ойда 3 миллон сўм дегани. Даромадимга болаларимини қишки кийим-кечагини, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ғамлаб олмоқчиман.

Жорий йилда Сурхондарё вилоятида пахта йиғим-терим мавсумига 175 минг нафардан ортиқ теримчи жалб этилиши режалаштирилган. Уларнинг ётоқ жойлари, овқатланиш ва дам олиш шароитлари карантин талаблари асосида ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимиз пахта хирмонининг юксалишига ҳисса қўшиш мажбурий меҳнат эмас, балки оила бюджетига фойда, рўзғорга барака келтирадиган даромад манбаига айланиб бормоқда. Асосийси, буни теримчиларимиз ўз фаолияти, меҳнати ва ҳаётида чуқур ҳис этмоқда.