Лойиҳа доирасида Майданакни йилнинг барча фаслларида фаолият юритадиган замонавий туризм комплексига айлантириш режалаштирилган. Ҳудудда қурилиш ишлари изчил олиб борилиб, меҳмонхона ва дам олиш объектлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда транспорт ва сервис инфратузилмаси ривожлантирилмоқда.
Масканда ташриф буюрувчилар учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш, хизматлар сифатини ошириш, экстремал спорт ва фаол дам олиш турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда ҳудуднинг табиий жозибадорлиги ва экологик мувозанатини сақлаб қолиш устувор вазифа этиб белгиланган.
Келгусида Майданак нафақат тоғ ва экстремал туризм, балки қишки спорт, оилавий дам олиш, экотуризм, фаол саёҳат ҳамда саргузашт туризмининг етакчи марказларидан бирига айланиши кутилмоқда. Бу эса Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш, инвестициялар ҳажмини кўпайтириш ва ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшади.