Хусусан, «Наш край» газетаси чоп этган мақолада Баранович давлат университетида ўзбек халқинининг кўҳна ва ардоқли айёми - Наврўз байрами кенг нишонлангани ҳақидаги маълумотлар атрофлича қаламга олинган.
“Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган талабалар учун Наврўз айёми миллий байрам ҳисобланади. Наврўзни нишонлаш университет учун ҳам анъанага айланиб қолган”, - деб ёзади Беларусь газетаси.
Нашр талабалар томонидан Туркманистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий таомлари кўргазмаси ташкил этилганини маълум қилар экан, Ўзбекистон дипломатия корпуси вакиллари ҳам ўзларининг ажойиб совғалари билан байрамда фаол иштирок этишганини алоҳида таъкидлайди.
«БЕЛТА» ахборот агентлиги эса «Великий камень» Хитой-Беларусь саноат парки ва Ўзбекистон эркин иқтисодий зоналари ҳамкорликни ривожлантириш ниятида эканлигига эътибор қаратган. Агентликнинг ёзишича, «Великий камень» маъмурияти ва «Сирдарё» ҳамда «Жиззах» ЭИЗ раҳбарияти ўртасида видеоконференция воситасида музоракалар ташкил этилгани ҳолда ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари муҳокама қилинди.
«Учрашув Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси кўмагида ўтказилди. Хитой-Беларусь саноат парки вакили эркин иқтисодий зоналар ва корхоналар ўртасида бутловчи қисмлар, материаллар, тайёр маҳсулотларни импорт ва экспорт қилиш соҳасида ўзаро алоқаларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратар экан, Ўзбекистон ЭИЗлари билан Ҳамкорлик меморандумлари имзолашни режалаштирганини маълум қилди», деб ёзади агентлик.
МДҲ Ижроия қўмитаси веб-сайтида эълон қилинган хабарда эса Ўзбекистон дипломатия миссияси томонидан Ижроия қўмита раисининг биринчи ўринбосари Леонид Анфимовга «Ғалаба боғи фалсафаси» китоби МДҲ тарихи музейи учун совға сифатида топширилгани маълум қилинган.
“Ижроия қўмита раҳбарияти томонидан муҳим туҳфа учун Ўзбекистон элчихонасига миннатдорлик билдирилар экан, ушбу китоб музейда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашига ишонч билдирилди”, деб ёзади Ижроия қўмита веб-сайти.
Маълумки, мазкур китоб Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йилда Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг тарихи, мазмуни ва аҳамияти ҳақида ҳикоя қилади.