Бухоро туманидаги деҳча маҳалласи азалдан меҳнатдан барака топган ҳудуд сифатида эътироф этилади. Бу ерда, айниқса, ҳунармандчилик қадимдан ривож топган. Маълумотларга кўра, шундоққина Бухоро шаҳрига туташ маҳаллада азалдан уста дурадгорлар маҳсулоти билан шуҳрат қозонган. Луғавий маъноси “қишлоқча”, “кичик ҳудуд”, маъносини англатадиган маҳаллада бугун 10 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Эътиборли жиҳати, бу рақам билан салмоқ жиҳатидан ҳам деҳчаликлар анча-мунча маҳаллани ортда қолдириши мумкин. Аммо асосийси бу эмас. Бугун мамлакатимизда тадбиркорлар учун берилаётган имкониятлар сабаб бу ерда жуда кенг кўламдаги ўзгаришлар қилинди. Аввало, аҳолининг дунёқараши ўзгарди. Шу вақтга қадар уйда алоҳида ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган усталар йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини йўлга қўйди.

Имтиёзли кредитлар, тегишли тавсия ва ёрдамлар натижасида ўтган йилнинг бошидан бугунга қадар бекорчи одамнинг ўзи қолмади. Қайтага қўшни маҳаллалардан келиб Деҳчада ҳунармандчилик сирларини ўрганадиганлар сони ортди. Қурбон Асадов хонадонида ишлаб чиқарилаётган шинам мебеллар бугун соҳанинг етакчи корхоналаридаги маҳсулотлар билан бемалол рақобатлаша олади. Уста бугун маҳаллий бозорда ўз ўрнига эга тадбиркорлардан бирига айланиб улгурди.

— Узоқ йиллар давлат идораларида ишладим. Аммо ҳунаримни ташлаб қўйганим йўқ. У ҳамма вақт инсоннинг орзулари рўёбига хизмат қилар экан. Тадбиркорлар учун берилган имтиёзлар туфайли бугун уй шароитида тайёрлаётган маҳсулотларимизни вилоятдаги барча бозорларга олиб чиқиб сотиш имконига эга бўлдик, — дейди якка тадбиркор Қурбон Асадов. — Бўш вақтимда асал аричилик билан шуғулланаман. Ўтган йили асалдан ҳам яхши даромад олдик. Албатта, бу ҳам оилавий даромадимиз ортишига замин яратди.

Маҳалладаги Руслан Латипов хонадонида замон талаби асосида ётоқхона мебеллари ишлаб чиқарилади. Бунинг учун ҳунарманднинг иш қуроли ҳам соз ҳолатда. Энг муҳими, Қурбон Асадов хонадонида бўлгани каби бу оилавий тадбиркор ҳам ўнлаб ёшларга касбининг сир-асрорини ўргатиб келяпти. Илгари деҳчалик ҳунармандлар ярим тайёр маҳсулотлар олиб келиб, мебель тайёрлар эди. Ҳозирги рақобат муҳити усталар учун маҳаллий шароитда барча эҳтиёт қисмларни қишлоқнинг ўзида тайёрлаш имконини берди.

Мэлс Латипов хонадонида ётоқхона мебелининг барча бутловчи қисмлари ишлаб чиқариляпти. Фахриддин Шарипов эса ошхона мебеллари билан вилоятнинг барча бозорида ўрнини топиб улгурди. Албатта, давр тараққий этмоқда. Иш унуми ва сифатини таъминлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш анча самара беряпти.

Деҳчаликларнинг эътироф этишича, Шавкат Раҳматов хонадонида ҳали ҳам ҳунармандчиликнинг қадим анъаналари давом этаётгани бу оилага барака келтирмоқда. Эътиборли жиҳати, уста ҳали ҳам барча юмушни қўл меҳнати билан бажаради. Бу эса маҳсулотнинг янада бежирим бўлишини таъминлаяпти.

— Бирдамлик, ҳамжиҳатлик бор жойда, албатта, юксалиш бўй кўрсатади. Бизнинг ҳунармандлар қишлоғидаги оилавий тадбиркорлар  бирлашиб, катта режаларни амалга оширмоқда. Ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган ишлар бўляпти. Туман ҳокимлиги томонидан ажратилган 7 гектар майдонда 20 га яқин ишлаб чиқариш субъекти тўла қувват билан фаолият бошлади. Натижада бу ҳудудга кичик саноат зонаси мақоми бериляпти. Бунда ҳам ҳудуднинг драйвер соҳасини ривожлантиришга қаратилган эътибор бош омил бўлди, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Жўрабек Шаропов. Интилган, ҳаракат қилган бугун, албатта, ўз мақсадига эришади.

Айниқса, бу интилишлар ҳудудларнинг ҳамжиҳатлиги асосида амалга ошса, барча маҳаллаларда натижалар кутилганидан-да самарали бўлиши аниқ. Тез орада якка тартибдаги тадбиркорлар ва уста ҳунармандлар ташаббуси қишлоқда кооперацияни, катта ишлаб чиқариш марказини вужудга келтиради. Бу эса Деҳчанинг мавқеини, одамлар турмуш шароитини янада ошириши аниқ.