Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида трансмиллий жиноий уюшма аъзоларининг қўшни давлатлар орқали мамлакатга гиёҳвандлик воситаларини олиб кириш режаси фош этилган.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ўтказилган тадбирда 1989 йилда туғилган икки нафар шахс автомашинада “Қирғизовул” маҳалласи ҳудудига келиб, далага яширилган гиёҳвандлик воситаларини олаётган вақтда қўлга олинган.

Текширувлар давомида улардан жами 21,5 килограмм гашиш, опий ва метамфетамин ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, Наманган вилоятининг Уйчи туманида ҳам наркожиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси — муқаддам судланган 63 ёшли шахс 5 килограмм гашишни олаётган вақтида ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, тезкор тадбирлар натижасида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилиб, уларнинг тарқалишининг олди олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Шунингдек, трансмиллий жиноий тармоқнинг бошқа аъзоларини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар олиб борилмоқда.