Мазкур янги “Mediana” мандарин нави Адлия вазирлигининг Селекция ютуқлари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилди.

Мутахассислар таъкидлашича, янги нав маҳаллий тупроқ ва сув шароитига мослашган. Шу боис уни парваришлаш жараёнида ортиқча кимёвий ҳимоя воситаларига эҳтиёж камаяди. Бу эса маҳсулотнинг экологик тозалигини таъминлашга хизмат қилади.

Эндиликда бозорларимизда узоқ масофалардан импорт қилинаётган мандаринлар ўрнини мамлакатимиз иқлимида етиштирилган “Mediana” нави эгаллаши кутилмоқда.

Маълумот учун, селекция ютуғини рўйхатдан ўтказиш «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги Қонун асосида амалга оширилади. Мазкур жараён нав яратувчига мутлақ фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Селекция ютуғи янгилик, фарқланиш, турдошлик ва барқарорлик мезонларига жавоб берган тақдирда ҳуқуқий муҳофазага эга бўлади.

Селекция ютуқларини рўйхатдан ўтказиш учун аризалар Адлия вазирлигининг im.adliya.uz портали орқали онлайн тарзда қабул қилинади.