2020 йилдаги пандемия бутун дунё мамлакатларида барча соҳаларга, жумладан туризм соҳасига ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатди.

Коронавирус пандемиясининг салбий таъсири оқибатида энг кўп зарар кўрган ва кўраётган туризм ҳамда унга бевосита боғлиқ бўлган тармоқларни қўллаб-қувватлаш, юз минглаб иш ўринлари ва малакали мутахассисларни сақлаб қолиш, уларнинг даромадларини ушлаб туриш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бирига айланди.

Ҳозирги пандемия даврида туризм соҳасини қайта тиклаш, туризм инфратузилмаси объектларида кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш юзасидан мамлакатимиз ҳукумати томонидан бир қанча қарор ва фармонлар тасдиқланди ва чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сон қарори билан тасдиқланган «Туристик хизматларни сертификатлаштириш ва туристик индустрия объектларини таснифлаш тартиби тўғрисида Низом» ушбу чора-тадбирлардан биридир.

Ушбу Низомда «Сирли меҳмон» механизми орқали яширин баҳолаш тизими жорий қилинди. Яширин баҳолаш, жойлаштириш воситалари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатига доир ўтказиладиган сўровномалар, туризм объектининг хизмат кўрсатиш сифатини мониторинг қилиш, бошқаришни баҳолаш тизими томонидан аниқланадиган ташриф буюрувчиларнинг сўровномалари натижаларининг рейтинги паст бўлганда ёки туристик хизмат объекти мурожаатига асосан, жойлаштириш воситалари томонидан, жумладан халқаро бронлаштириш майдонларида мувофиқлик белгисидан (юлдузлар) ноқонуний фойдаланганлик ҳолатида ўтказилади.

«Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази» ДУК томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра пандемия даврида мамлакатимиздаги туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларининг хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада пасайгани аниқланди.

Марказ томонидан жорий йилда «Сирли меҳмон» механизмини амалга ошириш йўлга қўйилади. Ушбу механизм туризм инфратузилмаси объектларида кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.