Аммо бу гап замирида меҳнат ва изланишдан тўхтамай, сердаромад қалампир етиштиришга рағбат беришдай ҳақиқат бор эди. Чунки қалампир ҳамиша бозоргир маҳсулот бўлган.
Аввал кўк қалампирни фақат эрта кўклам ва ёз ойларидагина топиш мумкин эди. Бугун йилнинг тўрт фаслида ҳам сархил, аччиқ қалампир етиштириш борасидаги иш тажрибалар оммалашди. Бунга Фарғона туманидаги “Гузар” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган Абдурасул Аҳмедовни ҳам мисол қилиш мумкин. Қаҳрамонимизнинг хонадонидаги иссиқхонани кўрган киши қиш “заҳри”ни бир дамда унутади. Бу ерда садафдек терилган, қалампир кўчатларини, унинг ҳосилини кўриб, ҳавасингиз келади. Албатта, бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Аввало, оиладаги тотувлик, ҳамжиҳатлик асосида қилинган меҳнат ўз самарасини берди. Эътиборлиси, томорқа эгалари экинларни муқобил энергия ёрдамида иситиш, томчилатиб суғориш тизимларини йўлга қўйган. Бу кўчатлар ривожини яхшилаб, ҳосилдорлик миқдорини ошириб, маҳсулот таннархини арзонлаштириш имкониятини бермоқда.
— Мавсумдаги илк ҳосил чўғи чакки эмас, — дейди иссиқхонада ишлаётган Абдурасул ака. — Меҳнатимиз бесамар кетмаяпти. Ҳозир бир килограмм аччиқ қалампирни кўк ҳолатда 60 минг сўмдан сотяпмиз. Фарзандларни ўқитиш, уйли-жойли қилишда ана шу изланишларимиз қўл келмоқда. Шу боис, томорқамиздаги ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланяпмиз. Айрим хонадонларда бекор турган томорқани кўрсам ачинаман. Шунча имконият, имтиёзлар бор жойда умрини бекорга ўтказаётган одамни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Чунки кафтдек ери бўлган одам ҳеч қачон камбағал бўлмайди, ўзганинг қўлига қараб қолмайди. Қалампир кўчатлари эллик кунда ҳосилга кириб, июнь ойигача даромад беради. Кўчатларни ноябрь ойининг дастлаб ўн кунлигида экканмиз. Ҳосилнинг илк нишоналарини янги йил дастурхонига тортиқ қилдик. Такрорий экин учун оқ жўхори экамиз. Бу ернинг шўрини олади, унумдорлигини оширади. Жўхори чорва учун озуқа бўлади. Кўпчилик ҳавас билан тажрибамизни ўрганишга келиб, йўл-йўриқ сўрайди. Уларга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
Абдурасул Аҳмедов узоқ йил қурилиш корхоналарида ишлаб, нафақага чиққан. Аммо уйда бекор ўтиришни ўзига эп кўрмайди. Аввалига мўъжаз иссиқхонада қалампир экиб, парваришлаб кўрди. Самараси яхши бўлгач, ишга жиддий киришди. Ҳозир 18 сотихлик иссиқхонада 6 минг туп аччиқ қалампир кўчатини парвариш қиляпти. Бу бир мавсумда ўрта ҳисобда
3 тоннадан ортиқ ҳосил териб олиш имкониятини беради. Йиллик даромад салмоғи 200-250 миллион сўм.
Бутун дунёда экологик тоза озиқ-овқат, сабзавот маҳсулотлари етиштиришга бўлган талаб кучайди. Улар инсон саломатлиги учун фойдали микроэлементлар, турли биологик моддаларга бойлиги билан ажралиб туради. Бу ишларда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ҳудудий бўлимлари тадбиркор, деҳқон ва томорқачиларга яқин кўмакчи бўлмоқда.
— Иссиқхонада қалампир, қўзиқорин, сабзавот ва кўкатлар парваришлаш борасидаги иш тажрибалари маҳаллаларда оммалашиб бормоқда, — дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Фарғона туман фитосанитар назорати давлат инспектори Хуршид Турсунбоев. — Маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга сотишда унинг фитосанитар ҳолати ўрганилиб, эҳтиёж туғилганда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, уларнинг олдини олиш чоралари кўриляпти. Улар тегишли тартибда кўрикдан ўтказилиб, сифати, фитосанитария ҳолати бўйича керакли ҳужжатларни расмийлаштиришда амалий кўмак, тавсиялар беряпмиз, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боряпмиз.
Амалий ишлар туфайли маҳсулотларимизга бўлган талаб ташқи бозорда ҳам ортиб бормоқда. Ўтган йилнинг ўзида Фарғона вилоятидан 26 тоннадан ортиқ аччиқ қалампир Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғиз республикаларига экспорт қилинди. Жорий йилда бу борадаги ишлар салмоғи янада ортади, географияси кенгаяди.
— Маҳалламизда боқиманда кайфиятдаги оилалар, ишсиз фуқаролар йўқ, —дейди “Гузар” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Жамшид Эргашев. — Айни кунда аҳолига тегишли 50 дан ортиқ томорқада иссиқхона бор. Уларда аччиқ қалампир, қулпнай, помидор каби ёз неъматлари етиштириляпти. Ўтган йилнинг ўзида бу йўналишда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ташаббускорларга 150 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилди. Бундан ташқари, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилаларга ижара асосида ажратилган экин майдонларида ҳам иссиқхонада аччиқ қалампир ва бошқа сабзавот маҳсулотлари етиштириш йўналишида микролойиҳалар ишга туширилади.
Иссиқхоналардаги кўчатларни бир тизимга боғлаш, бегона ўтлардан тозалаш, ҳосил йиғим-терими билан боғлиқ мавсумий ишларга шу маҳалла аҳли жалб этилган. Улар уй юмушлари, фарзанд тарбиясидан ортиб, ҳамсояларига ҳар жиҳатдан кўмак бериб, даромад оляпти.
— Қишлоғимиз туман марказидан анча олисда жойлашган, ишлаб чиқариш корхоналари йўқ. Шу боис, аксарият хотин-қизлар ишсиз эди, — дейди Бахтигул Метинова. — Ҳозир ҳаёт тарзимиз ўзгарди. Уй юмушларидан ортиб, мавсумий ишларга кўмаклашиб, кунига 120-150 минг сўм даромад оляпмиз. Бу оддий уй бекалари учун яхши имконият.
Миришкор томорқачининг амалий иш тажрибалари билан танишиш асносида унга “Қалампир қирқ йиллик қарзни узадими?” деган савол билан юзландик. Абдурасул аканинг юзига табассум югурди.
— Албатта, меҳнат қилган одам фаровонлик, хотиржамликка эришади. Усти бут, дастурхони тўкин бўлади. Бу катта бахт, — деди у ишонч билан.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Шерзод Қорабоев олган суратлар.