Тадбирда парламент, тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва экспертлар иштирок этди.

Расмий манбалар ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда 2 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик хорижда меҳнат қилади, шундан 24,6%ини хотин-қизлар, 33,2%ини ёшлар ташкил этади.

Меҳнат мигрантлари асосан Россия (1,3 миллион), Қозоғистон (223,0 минг), Туркия (113,1 минг), Жанубий Корея (66,8 минг) ва бошқа (379,9 минг) давлатларига кетган.

Хориждаги меҳнат мигрантларининг ўртача 52,7 фоизи қурилиш, 12,8 фоизи саноат, 9,7 фоизи хизмат кўрсатиш, 6,9 фоизи умумий овқатланиш, 6,7 фоизи савдо, 4,3 фоизи транспорт, 4,1 фоизи қишлоқ хўжалиги ва 2,8 фоизи бошқа соҳаларда фаолият юритади.

Мамлакатимизда меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга давлат даражасида катта эътибор қаратиб келиняпти. “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорлари қабул қилинган.

Ҳужжатлар асосида хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш, касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитиш орқали фуқароларни хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишларига кўмаклашиш, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш, хориждан қайтган меҳнат мигрантлари бандлигини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга ошириб келиняпти.

«2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”нинг 265, 266 ва 267-бандларида ҳам хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлаш ҳамда самарали миграция сиёсатини юритиш борасидаги вазифалар белгиланган.

Жорий йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Буюк Британиянинг “Gangmasters of Labour Abuse Authoriies” (GLAA) давлат ташкилоти билан меморандум имзолади.

Мамлакатимизда меҳнат миграцияси масаласига қараш ўзгаргани, мавжуд муаммолар очиқ-ойдин айтилаётгани, ватандошларимизнинг ҳуқуқини тиклаш борасида чоралар кўрилаётгани таъкидланди.

Йил бошидан 169 497 нафар хориждаги меҳнат мигрантларига ахборот-маслаҳат хизматлари, 9 752 нафарига ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилган.

Тадбирда меҳнат миграцияси соҳасида сақланиб қолаётган қатор муаммолар тилга олинди. Жумладан, ноқонуний меҳнат миграциясининг катта оқими, фуқароларни хорижда ташкиллаштирилган тарзда ишга жойлаштириш, шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг бандлигини таъминлаш кўрсаткичлари паст даражада экани, хусусий бандлик агентликлари томонидан кўрсатилаётган сифатсиз хизматлар, меъёрий ҳужжатлар ёки бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ватандошлар билан мулоқот қилиш учун ягона платформа йўқлиги каби масалалар муҳокама этилди.

Тадбирда, шунингдек, меҳнат мигрантларининг фаолиятини ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг ҳимоясиз қолишига, камситишларга дучор бўлишига олиб келувчи ноқонуний миграция масаласи долзарб бўлиб қолаётгани, ноқонуний ташқи меҳнат миграцияси ортидан мигрантларимизнинг одам савдоси тармоқларига кириб қолаётгани, экстремистик ва террористик ташкилотларга, гиёҳванд моддалар ташувчи уюшган жиноий гуруҳларга қўшилиб қолаётгани мамлакат имижга салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Ўзбекистонда миграция соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари қаторида қуйидагилар бўлиши қайд этилди:

- миграция жараёнларини самарали бошқариш;

- миграция жараёнларининг йўналишлари, суръати ва кўламини етарли даражада тартибга солинишига эришиш;

- мигрантлар ҳуқуқларини таъминлашда зарур бўлган ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, ижтимоий ва маданий шарт-шароитларни яратиш;

- хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш;

- халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, мигрантлар истиқомат қилаётган мамлакатнинг қонунларига асосан ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;

- мигрантлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

- оммавий “ақл кўчиши”нинг олдини олиш учун ўзбекистонлик юқори малакали кадрларнинг мамлакатдаги меҳнат фаолиятини рағбатлантириш.

Жамоатчилик муҳокамаси якунида мутасадди ташкилотлар, парламент вакиллари вазиятни яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди.

Ушбу тадбир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиёдаги ижтимоий инновациялар” дастури доирасида Евроосиё жамғармаси кўмагида ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.