Шу билан бирга меҳнат муносабатига киришган ҳар қандай ходим ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизомига, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши, иш берувчининг мол-мулкини авайлаб асраши шарт.

Ходимнинг меҳнат вазифалари ички тартиб қоидаларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда, корхонада қабул қилинадиган локал ҳужжатларда (жамоа шартномаларида, йўриқномалар ва ҳоказоларда), меҳнат шартномасида аниқ белгилаб қўйилади.

Меҳнат интизомини бузиш, яъни ходим томонидан меҳнат шартномаси, лавозим йўриқномасида назарда тутилган меҳнат вазифаларини узрли сабабсиз, айбли равишда ҳаракат ёки ҳаракатсизилиги билан бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик (сифатсиз бажариш, кечиктириш ва ҳоказо), шунингдек, корхона ички локал ҳужжатларини бузиш, иш берувчининг қонуний талабаларини бажаришдан узрли сабабсиз бош тортиш интизомий ножўя хатти-ҳаракат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан меҳнат вазифаларини бузган ходимларга нисбатан ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига асосан интизомий жазолар ходимни ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади. Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Тушунтириш хати беришдан бош тортиш жазо қўллашга тўсиқ бўлмайди. Амалиётда ходим тушунтириш хати беришдан бош тортса, тушунтириш хати беришдан бош тортганлиги юзасидан далолатнома тузилади ва интизомий жазо чораси қўлланиши учун далолfтнома ҳам асос сифатида қаралади.

Ходимнинг ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин. Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин узоғи билан 1 ой ичида қўлланилади (бу муддатга ходимнинг касал ёки таътильда бўлган вақти ҳисобга олинмайди). Бундан ташқари, интизомий жазо берилганлиги тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олиниши назарда тутилган.

Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб 1 йилдан ошмаслиги лозим. Иш берувчи ўз ташаббуси билан, ходимнинг ёки бошқа шахсларнинг илтимосига биноан жазони 1 йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга ҳақли. Интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди.

Амалиётда интизомий жазо олган ходимга иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар баъзида тўланмайди. Бироқ ушбу тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди. Шу сабабли ходимнинг иш ҳақига қаратилган барча тўловлар доимий равишда тўлаб борилиши керак.

Бундан ташқари, ходимга қўлланилган интизомий жазонинг амал қилиш муддат билан чекланган ва белгиланган муддат ўтганидан сўнг жазоланганлик барҳам топади ҳамда ходим интизомий жазога тортилмаган саналади. Шунингдек, интизомий жазони қўллаган иш берувчи ўз ташаббуси билан, ходимнинг илтимосига биноан, меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлаши мумкин.

Дилфуза Абдуллаева,

Тошкент давлат юридик университетининг

Ихтисослаштирилган филиали

Хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси

доценти в.б., юридик фанлар бўйича фалсафа доктори(PhD).