Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 4 март куни ўтказилган видеоселеклор йиғилишининг 19-сонли баёни ҳамда Олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича “йўл харитаси”нинг 18-банди ижросини таъминлаш мақсадида жойларда талаба-ёшлар учун турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар, меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талаба-ёшларнинг ижтимоий шароитини яхшилаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида иш берувчилар билан ҳамкорликда вакансия ва амалиёт ярмаркаси бўлиб ўтди.

Шу мақсадда, юқорида белгиланган устувор вазифаларга мувофиқ, Академияда “Коворкинг офислари” фаолиятини ташкил этиш, талабалар ишлаши мумкин бўлган иш ўринларини аниқлаб, иш берувчилар билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркалари, учрашувлар ўтказиш режалари ишлаб чиқилган.

Ярмаркада Тошкент шаҳридан 50 га яқин ташкилотлар ўзларининг 1 минг 650 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Тадбирга келган талаба-ёшлар иш ўринлари билан танишиб, мутасадди ташкилот вакилларга ўзларини қизиқтирган соҳа бўйича ишлаш таклифи билан ҳам мурожаат қилди.

2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини 431 нафар талаба битиради. Ўтказилган меҳнат ярмаркаларида 150 дан ортиқ битирувчи талабалар бандлиги таъминланди. Шунингдек, 1-2-3-курс талабаларидан ҳам 181 нафари бугунги кунда иш жойига эга.

Академияда талабалар ҳамда иш берувчи ташкилотлар билан меҳнат ярмаркалари ўтказилиши мунтазамлик касб этган бўлиб, жорий йил бошидан 15 дан ортиқ талабаларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар ташкил этилди. Биргина, 29 март куни таълим муассасасида Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги ҳамда туман Аҳолини бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ўтказилган меҳнат ярмаркасида 32 га яқин ташкилотлар ўзларининг 534 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Бундан ташқари жорий йилнинг 25 март куни ўтказилган меҳнат ярмаркасида 30 га яқин ташкилотлар ўзларининг 1 минг 354 та бўш иш ўринлари билан иштирок этишганди.

Дунёдаги етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари орасида ўз нуфузига эга бўлиб бораётган Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бугунги кунда 1 минг 670 нафар талаба таҳсил олади. Бакалавр йўналишида 1 минг 430, магистратура босқичида 240 талаба ўқийди.

Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Афғонистон давлатларидан жами 39 (33 бакалавр, 2 магистрант, 4 докторант) нафар хорижий фуқаро таҳсил олмоқда.

Уларга олимлар, соҳанинг етук мутахассислари сабоқ беради. Жаҳон ҳамжамиятида юқори нуфузга эга бўлиб бораётган мажмуада мунтазам равишда моддий-техник база ривожлантирилади. Ёшлар замонавий талабга мос таълим олиши учун барча шароит муҳайё.

Муассасадаги 82 докторантнинг 71 нафари PhD (4 киши хорижлик – Тожикистон, Қозоғистон ва Россия фуқаролари), 4 нафари DcS даражаси олиш учун, 7 нафари эса стажор-тадқиқотчи сифатида илмий изланиш олиб боряпти.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари 100 дан зиёд муассасаларда малакавий амалиёт ўтайди ҳамда меҳнат фаолиятини олиб боради. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, “Вақф” фонди, ЎзР ФА Шарқшунослик институти, ЎзРФА Тарих институти, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республика Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш Бош бошқармаси, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура академияси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникацион технологиялар илмий-инновацион маркази, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигида академияни тугатган мутахассислар намунали фаолият юритиб келмоқда.

Бундан ташқари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва бошқа бир қатор нуфузли вазирлик, ташкилотларда Академия талабалари малакавий амалиёт ўтайди ҳамда меҳнат фаолиятини давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Шерзод Маҳмудов