Андижон вилояти Бўстон туманидаги “Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси пахта тўқимачилик кластери томонидан “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан кластер корхонаси ходимларига қимаатбаҳо совғалар топширилди.
Мамлакатимиз Президенти ислоҳотларининг меваси бўлган қишлоқ хўжалиги кластерлари фаолиятлари дастлабки йилларданоқ ўзининг ижобий самарасини беришни бошлаган. Бунга юртимиздаги қишлоқ хўжалиги кластерлари тизимда олиб борилаётган қатор амалий ишлар яққол миосол бўлаяпти. Шу боис бугун аграр соҳада етакчилик қилиб келаётган қишлоқ хўжалик кластери тизими ходимларининг меҳнатлари алоҳида эътирофга муносибдир. Ана шундай эътироф ва эътибор билан Бўстон туманидаги “Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси пахта тўқимачилик кластерида ҳам кластер тизими ходимлари кунига бағишланган катта тадбир ташкил этилди.
Тадбирни қишлоқ хўжалик кластерининг молиявий масалалари бўйича директори Баҳодиржон Қодиров олиб бориб, кластер тизими бўлими раҳбарлари, ходимлар, сувчилар, механизаторларни “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” билан муборакбод этиб, аграр соҳа ривожига ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари ҳамда туман фермерларини ҳам касб байрамлари билан табриклади ва уларнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги кейинги ишларига куч-қувват тилади.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги кластери тасарруфида 1786 гектар экин майдони мавжуд бўлиб, бунда 34 та бўлим фаолият юритиб келмоқда. Шу боис тизимда олиб борилаётган ишлар сарҳисоб қилиниб, бўлимларда қишлоқ хўжалиги бўйича самарали иш олиб бораётган бўлим бошлиқлари ва ходимлари, экин майдонларидаги экинларни зараркунандалардан холи, соғлом ва дуркун парваришлашда ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган биолаборатория ходимлари меҳнатларини ҳам алоҳида эътироф этилди. Тадбирда қишлоқ хўжалиги кластери маъмурияти томонидан тизим ходимлари, фермерлар ҳамда меҳнат фахрийларига маиший техника жиҳозлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисми Бўстон тумани марказидаги “Ўзбегим” тантаналар саройида давом этди. Тўкин дастурхон атрофида жам бўлган қишлоқ хўжалиги ходимлари йил бўйи қилган меҳнатлари роҳатини ҳис этдилар. Тантанада гўзал куйлар шўх рақсларга уланиб кетди. Ўз ўрнида бу соҳа ходимлари кайфиятига кўтаринкилик бағишлади.
-Кластер хўжалигида ишлаб кам бўлганимиз йўқ, -дейди Бўстон туманидаги “Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси пахта тўқимачилик кластерининг 28–бўлими бошлиғи Лолахон Боймирзаева кўтаринки кайфият билан.
–Эрта баҳордан бошлаб, ўзимизга ажратилган майдонларда олиб борган ишларимиз бугун ўз самарасини беряпти. Меҳнат, меҳнатнинг таги роҳат, деб бежизга айтишмас экан. Буни мен кластерда ишлаб, ўз меҳнатларим мисолида кўпроқ англаб бораяпман.
Ана шундай бугун қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганлар нафақат мамлакат, балки ўзи ва оиласи иқтисодиётини янада юксалтирмоқда. Шу боис бугун машаққатли аммо, шарафли касб эгалари бўлган қишлоқ хўжалик ходимларини ҳар қанча эъзозласак, ардоқласак арзийди.