Аёл қачон ҳаётидан мамнун бўлиб яшайди. Қачонки, фарзанлари кўзида қувончни кўра олса, ўзини жамиятнинг тенг аъзоси эканини ҳис қилса, севимли касби билан шуғулланса.
Бугун барча соҳаларда аёллар улуши ортиб бораётгани бежиз эмас. Боиси хотин-қизлар қайси йўналишда меҳнат қилишни истаса, имконият, шароитлар яратиб бериляпти. Буларнинг замирида эса, Президентимиз топшириғи асосида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали бирор соҳанинг этагидан тутишлари ва оила даромадига ҳисса қўшиб, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ётибди, десак муболаға эмас.
Самимий чеҳраларидан қуёш балққан, қийинчиликлардан сира чўчимайдиган Сурхондарёнинг меҳнаткаш, жайдари аёллари ҳам бугун ана шундай енгилликлардан фойдаланиб, бири ишбилармон, бири фермер, бошкаси катта корхона раҳбарига айланмоқда.
Юртимизда кам таъминланган оилалар аъзоларини касб-ҳунарга бепул ўқитиш тизимининг йўлга қўйилиши 1 миллион 329 минг аҳолига эга воҳанинг 49,6 фоизини ташкил этадиган хотин-қизлар учун айни муддао бўлди. Бугунга қадар 6 090 нафар хотин-қизлар тадбиркорликка жалб қилиш ва кредит ажратиш масаласида ёрдам сўраган бўлса, 76 фоизига кредитлар ажратилиб, ўз ишини йўлга қўйиб олди.
Хаётимдан мамнунман
Сожида Шопўлатова Ангор туманининг Қайран маҳалласида истиқомат қилади. Икки нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаётган аёлга рўзғор тебратиш осон эмасди. Хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш тартибининг йўлга қўйилиши Сожида опанинг жонига оро кирди. Кўплаб аёллар қатори имкониятлардан фойдаланишга чоғланди. Қисқа вақтда имтиёзли кредит асосида икки сотих ерда иссиқхона қурдириб, меҳнат қилишга киришиб кетган Сожида опа олаётган даромадидан мамнунлигини таъкидлайди.
— Оилавий шароитимиз оғир эди, — дейди қаҳрамонимиз суҳбат давомида. — Болаларнинг устини бутлаш, кам-кўстини тўлдиришга қийналардим. Яширмайман, суягим меҳнатда қотган. Томорқа ишлари, бир экинни парваришлаб, ҳосилга киритишдан завқ оламан. Мана шу меҳнат ортидан даромад кўришим, тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйишим учун маблағ зарур эди. “Аёллар дафтари”га рўйхатига қўйилганимдан сўнг 20 миллион сўм кредит ажратилди. Барчаси бунчалик тез ва осон ҳал бўлади, деб ўйламаган эдим. Бугун ҳаётимдан мамнунман. Энди болаларим олдида чорасиз қолмайман. Помидорларимиз ҳосилга кирди. Бозорга ва маҳалламиздаги дўконларга олиб бориб сотяпмиз. Уйда туриб даромад топиш имконига эга бўлдик. Мана шундай эътибор ва яратилган шароитлар учун қанча раҳмат айтсак оз.
Сожида опа фарзандларини ҳам меҳнат қилишга ўргатади. Ўзининг таъкидлашича, кейинчалик фаолиятини кенгайтириб, иш ўринлари яратишни мақсад қилган.
Болаларим ватан байроғини юксакларга кўтаради
Ҳаракат қилган инсон кафтдеккина томорқадан ҳам яхшигина даромад олиши мумкин. Сурхондарё вилоятида мутассадилар томонидан 1 120 нафар хотин-қизларга томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 962 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди.
Шерободлик Нилуфар Холлиева ана шундай кўмак сабаб бугун бир томорқани каттагина анорзорга айлантирди. Уч нафар фарзандни ёлғиз тарбиялаб келаётган она учун бу жуда қувончли иш. Ахир, ҳар бир экилган ниҳол болаларининг келажаги, тўкин ҳаётига хизмат қилади. Туман ҳокимлиги томонидан Нилуфар опага 2000 туп анор кўчати етказиб берилган. Ана шу кўчатлар бўй чўзиб, кўзни қувнатиб турибди. Энди онанинг эртанги кунга ишончи баланд.
— Авваллари болаларим келажаги ҳақида ўйлашга қўрқар эдим, — дейди Нилуфар Холлиева. — Сабаби ишсиз эдим. Мавсумий ишлардан оладиган даромадим қозон қайнатишга базўр етарди. Энди мен ҳам келажакка катта ишонч, теран нигоҳ билан боқа оламан. Болаларим олдида “ер чизмайман”. Мана шу анорзордан оладиган даромадимни болаларимнинг яхши ўқиши учун сарфлайман. Уларни ўқитиб, яхши касб эгаси қилишни дилимга тукканман. Давлатимиз бизга шунчалик ёрдам қилди, мен ҳам бир она сифатида болаларимни юртимиз учун муносиб фарзанд қилиб тарбиялайман. Насиб қилса, фан чўққиларини забт этиб, ватанимиз байроғини юксакларга кўтаради. Биз аёлларга кўрсатилаётган эътиборга мана шундай жавоб қайтаришни ният қилганман ва бунга, албатта, эришаман.
Шубҳасиз, бундай имкониятлар ҳар бир аёлни меҳнатга, изланишга ундайди. Сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, билим ва касбий кўникмалар эгаллаб, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш каби мухим масалаларни ҳал этишга қаратилаётган эътибор, ғамхўрлик мунис опа-сингилларимизни ватанимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш, янги Ўзбекистонни барпо этишнинг барча соҳаларида фаол иштироқ этишга ундаётир. Бугун уларнинг аксарияти ҳаётидан рози, дилида шукроналик ҳисси билан яшаётгани боиси ҳам шундан.
Феруза ЖЎРАЕВА,
журналист