Наврўз байрами муносабати билан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Чирчиқ шаҳар бўлинмаси ташаббуси ҳамда “Халқ банки” бошқарувининг ҳамкорлиги ва ҳомийлигида болаларга қувонч улашиш мақсадида Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун байрам тадбири ташкил этилди.
Меҳрибонлик уйи ҳовлисига ўрнатилган дошқозонда сумалак пиширилди. Сумалак сайлида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўзларининг маънавий-маърифий дастурларини намойиш этди. Шундан сўнг мазкур 14-меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун Чирчиқ шаҳридаги "Осиё гранд" танатаналар саройида баҳорий таомлар билан безатилган байрам дастурхони ёзилди. Байрам тадбирида болажонларга совғалар улашилди. Ижро этилган куй-қўшиқлар, рақслар, мурғак қалбларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
- Наврўз байрами муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирни ўтказишимиздан мақсад, меҳрга муҳтож болажонларга хурсандчилик улашиш, - дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Чирчиқ шаҳар бўлинмаси раиси, Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Ўткир Таджибаев. - Давлатимиз томонидан меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари учун барча шароитлар яратиб берилган ва улар ҳеч бир нарсага эҳтиёж сезишмайди, аммо уларнинг қалблари меҳр-муҳаббатга муҳтож, бундай тадбирларнинг кўпроқ ташкил этилиши эса мурғак қалбларига қувонч ва шодлик улашилади, ватанпарварлик ҳисси янада ортади.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади