Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, қалби ғурур-ифтихор туйғуларига тўлган, шижоатидан ўт чақнайдиган, иқтидорли ва изланувчан ёшларнинг билимга чанқоқ нигоҳларига дуч келаверамиз. Уларнинг қўлга киритган ютуқларини ва изланишларини кўриб, кўнглимизда ажиб туйғулар уйғонади. Булар бизнинг шижоатли укаларимиз, оламшумул ютуқларни қўлга киритаётган иқтидорли сингилларимиз, келажагимиз давомчилари, қадами қутлуғ, нияти эзгуликка тўла истеъдодли фарзандларимиз, дея баралла бонг ургимиз келади...

Мўъжазгина мақоламиз қаҳрамони саодатли ва ёруғ кунларга ишонч билан қадам ташлаётган рассом, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти иккинчи босқич магистранти, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳибаси Гулноз Жалоловадир.

Дориламон кунлар шабадаси

Гулнознинг ютуқларини санайверсак, назаримда, баракаси учиб кетадигандай. Чунки бугун нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам ёш ижодкорнинг бир қанча мухлислари бор. Мўйқалами сеҳри билан наинки она табиатни, балки оламни рангин бўёқларга бўяб, эзгулик ва яхшилик туйғуларини одамлар қалбига мусаввир сифатида сингдиришга ҳаракат қилаётган Гулнознинг чиндан ҳам беназир истеъдоди бор.

24 ёшли рассом қизимиз турли танловларда иштирок этиб, нуфузли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ўтказиладиган Тасвирий ва амалий санъат фестивалида диплом ва сертификатлар билан тақдирланган. 2018 йилда ушбу фестивалнинг олтин медалини қўлга киритган. 2020 йил декабрь ойида Испаниянинг “Dali’s Mustache” халқаро онлайн танлови ҳамда Москва шаҳрида ­ўтказилган “New year planet — 2020” халқаро фестивалида биринчи ўрин соҳибаси бўлди. “Баҳор вернисажи”, “Наврўз”, “Менинг Ўзбекистоним” каби республика кўргазмаларида улкан ютуқларни қўлга киритди.

2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилига бағишлаб “Рангли тушлар” номли шахсий кўргазмаси ташкил этилиши ҳам ёш рассомнинг истиқболли келажаги йўлида очилган нурли эшиклардан биридир. Кўргазмада унинг турли мавзудаги 40 дан ортиқ рангтасвир иши намойиш қилинди.

Ёш мусаввирнинг бундай ютуқларни қўлга киритишида онаси Ўғилой опанинг ҳам каттагина ҳиссаси бор. Опа билан суҳбатлашар эканмиз, фарзандининг ютуқларидан қалби севинчга тўлса-да, кўнгли тубида бир қанча кемтикликлари борлиги сезилиб турарди.

Янги Ўзбекистоннинг шаффоф нафаси

— Баъзи одамлар бу дунёда ҳақиқат йўқ, деб ўйлайди. Ҳаммаси қоғозда, қуруқ гап, дейишади. Бир вақтлар мен ҳам шундай хаёлга борганман. Юрагим куйиб, дилим изтиробга тўлган вақтлар, наҳотки, болагинамнинг Худо берган қобилиятини бандаси кўрмаса, дея бағрим ўртанарди. Эсини таниганидан бери қўлидан қоғоз ва қалам тушмайдиган Гулноз қизимнинг чизган суратларига нигоҳ ташлар эканман, шундай истеъдод увол бўладими, унинг самараси юзага чиқмайдими, қизимнинг шижоати, қизиқиши ва иқтидори сўниб кетадими, деб йиғлаган кунларим кўп бўлган... Негаки, мен қизим билан баробар қадам ташлаганман, у чизган суратларни ўзим саралаб, йирик танловларга йиллаб ҳужжат топширганман. Лекин болам туман ва шаҳар босқичидан нарига ўта олмаган. Унинг қобилиятини кўра била туриб ҳам танловларда ғирромлик қилганлар, ҳақиқатдан кўз юмганлар бўлган. Болалигидан қўлига қалам олиб, қоғоз топмаса, ергами, деворгами чизиб кетаверадиган қизимни 7 ёшидан бошлаб расм тўгаракларига берганман.

Аллоҳга шукрки, деярли 5 йилдан бери қизим энг юксак ютуқларга эришиб келяпти. Дориламон кунлар шабадаси Президентимиз ғамхўрлиги остида мен ва менга ўхшаган оналарнинг бағрига мусаффо ва тоза ҳаво олиб кирди, фарзандларимизнинг юксак ютуқларини кўришга ҳам муваффақ бўлдик. Бу янги Ўзбекистоннинг ҳузурбахш ва шаффоф нафаси, қатъиятли қадамлари эди, ҳақ сўзи ва ҳақиқатни юзага чиқара олган қутлуғ қадами эди...

 Ўғилой опа Деҳқонованинг гоҳ эзғин ва дилгир, гоҳ қувонч ва шодликларга тўла суҳбатини тинглар эканман, дунёда она каби меҳрибон ва жонкуяр зот йўқлигига яна бир бор амин бўлдим. Шу билан бирга, унга қарата: “Опа, энди сиз ўтмишга ўгирилиб ҳам қараманг, келажакнинг ёруғ ва ёлқинли рангларига боқинг, бугунги куннинг фараҳбахш онлари билан фахрланинг”, дегим келди.

Дарвоқе, Гулноз олий ўқув юртига ҳам грант асосида қабул қилинган. Бу унинг теран тафаккури ва чуқур билимидан дарак беради. У институт томонидан талаба-ёшларнинг ижодини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Беш ташаббус — беш имконият” танловида “Ташаббуслар асосидаги ўзгаришлар” номли асари билан иштирок этиб, “Энг яхши тасвирий санъат асари” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. Бугунги кунгача унинг 4 та шахсий кўргазмаси намойиш қилиниб, мухлислар эътиборини қозонган.

— Мен жуда ҳам бахтли қизман. Айниқса, Президент стипендияси соҳибаси бўлиш менга улкан қувонч бахш этди. Бу эътироф ижодий баркамолликка эришишим, янада юксак марраларни забт этишимда куч-ғайрат бағишлади. Хотин-қизларга, аёлларга мана шундай юксак ҳурмат билан қараладиган гўзал юртда яшашимнинг ўзи буюк бир бахтдир, — дейди Гулноз Жалолова.