Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Урганч шаҳар бўлимининг бу борадаги ҳамкорлиги айниқса, аҳамиятли бўлди.
10 нафар аёл-қизлар иштирок этган лойиҳанинг асосий мақсади опа-сингилларимизни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашдан иборатдир.
Лойиҳа қизғин старт олди. Дастлаб, иштирокчиларнинг соғлигидаги турли муаммоларни аниқлаш, касаллик аломатларини бартараф этишга қаратилган тиббий кўрик Урганч шаҳридаги Марказий поликлиникада ташкил этилди. Хулосаларга кўра,
малакали шифокорлар томонидан иштирокчи қизларга саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича муҳим кўрсатма ва тавсиялар берилди. Шундан сўнг, лойиҳа қатнашчилари навбатдаги босқичлар томон йўл олдилар.

– 15 кунлик лойиҳа доирасида опа-сингилларимизнинг дунёқарашини кенгайтириш, маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда уларга орзу-мақсадлар рўёби сари туртки бериш мақсадида малакали психологлар иштирокида семинар-тренинглар олиб борилди, — дейди лойиҳа ташкилотчиси, Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасининг жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, капитан
Севара Худайберганова. – Иштирокчи қизлар ўртасида китобсеварликни тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини ошириш билан боғлиқ масалалар ҳам эътиборимиздан четда қолмади. Ана шу мақсадда Урганч шаҳридаги «Ёшлар кутубхонаси»га саёҳат уюштирилди.
Лойиҳа қатнашчилари, шунингдек, вилоят марказида жойлашган «Ишга марҳамат» мономарказида касб-ҳунар сир-асрорларини ўрганишга астойдил ҳаракат қилдилар. Уларнинг кўпчилиги ошпазлик, қандолатчилик ҳамда тикувчиликка қизиқиши юқори эканлигини билдирдиб, бу борада малакали мутахассислардан таҳсил олди.

Лойиҳанинг якуний қисми яъни тақдирлаш маросими кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Ўзининг амалий ҳамкорлиги билан яқиндан кўмаклашган тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Босқичлардан муваффақиятли ўтиб, юқори натижаларга эришган иштирокчи қизлар мономарказда ўзлари хоҳлаган касб-ҳунарларни бепул ўрганиш имкониятига эга бўлди.
Гулноза Умирова,
журналист.