Аввал хабар қилинганидек, жорий йил 3 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия кино ижодкорларининг қўшма лойиҳаси бўлган “Мендирман Жалолиддин” сериалининг тақдимоти бўлиб ўтди.  

Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Ориент финанс банк”, мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонаси ва Туркиянинг “Боздағфильм” компанияси ҳамкорлигида суратга олинган сериал 2021 йил январь ойида ўзбек телетомошабинлари эътиборига ҳавола этилиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда “Мендирман Жалолиддин” сериали икки давлатнинг маданият соҳасидаги ҳамкорлигининг ёрқин воқеаларидан бири бўлганини таъкидлади.

- Ўзбек халқининг миллий қаҳрамонлари орасида Жалолиддин Мангубердининг алоҳида ўрни бор, - дейди дипломатик миссия раҳбари. - Буюк бобокалонимиз ҳақида болалигимиздан кўп эшитган бўлсак-да, шу пайтгача ушбу улуғ зот образи медиа-лойиҳаларда жуда ҳам кам талқин қилинган. Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзидан бебаҳо мерос қолдирган буюк аждодларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш, ноёб фазилатларини ёш авлодга намуна сифатида тарғиб қилишга чақирмоқда. Давлатимиз раҳбари бир неча маротаба “улуғ саркарда, халқимизнинг ғурури” деб атаган Жалолиддин Мангубердидек беназир шахснинг бой тарихимизда ўзгача бир ўрни ва мавқеи бор.

Мен шу ўринда мамлакатимиз маданият вазири, халқимизнинг севимли санъаткори Озодбек Назарбековнинг “Мендирман” қўшиғи асосида моҳирлик билан ишланган мусиқий клип миллий қаҳрамонимизни ўсиб келаётган ёш авлодга таништириш билан бир вақтнинг ўзида уни халқаро майдонда ҳам тақдим қилишда муҳим восита бўлди, деб ҳисоблайман. Мазкур таъсирчан қўшиқ ва клипни илк бор кўрганимиздаёқ турли шаҳзодалар, миллий қаҳрамонлар улуғланиб суратга олинган ва дунёга машҳур бўлган хорижий фильм ва сериалларни хаёлимиздан ўтказгандик. Бундай фильмлар қаторида, табиийки, юртимизда ва бошқа мамлакатларда машҳур Меҳмет Бўздағнинг “Дирилиш Эртуғрул” ва бошқа шу сингари асарлари, улардаги тарихий саҳналар ҳам эсга олинади, албатта.

Шунинг учун ҳам Жалолиддин Мангуберди тўғрисида Меҳмет Бўздағ билан ҳамкорликда фильм олиш ғояси элчихонамиз томонидан илиқ кутиб олинди. Мазкур таклиф ҳар тарафдан ўз вақтида илгари сурилган муҳим ва фойдали эди. Биз ўша пайтда давлатимиз раҳбарининг Хива шаҳрини Туркий дунёнинг маданият пойтахти сифатида эълон этиш бўйича ташаббусини амалга ошириш йўлида изчил дипломатик музокаралар олиб бораётган эдик. Хива, умуман Хоразмнинг туркий дунёдаги ўрнини кўрсатувчи муҳим тарихий шахслар ва уларнинг меросини ўрганиш, тарғиб қилиш режаларимизнинг бир қисми эди. Шаҳзода Мангуберди эса ҳақиқатдан ҳам нафақат ўзбек халқи, балки кенг маънода туркий дунёнинг ҳам машҳур тарихий шахслари ва қаҳрамонларидан биридир.

2018 йилнинг май ойи эди. Анқарадаги Стратегик тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Туркиянинг стратегик алоқалари” мавзусида конференция устида ишлаётгандик. Марказ раҳбари Муҳаммет Саваш Кафкасяли билан учрашувимизда ўзаро муносабатларимизга оид фикр алмашар эканмиз, Муҳаммет бей Ўзбекистон маданияти ва санъатига бўлган қизиқиши, ўзбек қўшиқларини, айниқса, Озодбек Назарбековнинг ашулаларини севиб тинглашини айтиб қолди. Ҳатто “Гул узилса гўзалмас – шоҳида турса гўзал” қўшиғини ҳиргойи ҳам қилиб берди.

Табиийки, бу суҳбат таниқли продюсер Меҳмет Бўздағ билан ҳамкорликда “Жалолиддин Мангуберди” фильмини суратга олиш лойиҳасини муҳокама қилиш учун ҳам қулай фурсат бўлди. Буни қарангки, марказ раҳбарининг ўринбосари Синан Тавукчу салжуқийлар ва хоразмшоҳлар тарихи бўйича мутахассис бўлиб, Меҳмет Бўздағнинг тарихий фильмларида маслаҳатчи сифатида иштирок этган экан. Шундай қилиб, Меҳмет Бўздағ билан музокаралар жараёни бошлаб юборилди.

Одатда моҳир продюсерлар бир вақтнинг ўзида бир неча лойиҳалар устида иш олиб боради. Лекин ўта бандлигига қарамасдан Меҳмет Бўздағ Ўзбекистон тарихига қизиқиши, ўзбек халқига ҳурмати сабаб мамлакатимизга тез кунларда сафар қилди.  Ўзбекистонда бўлиб турган кунлари Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги фильм ташаббускорлари билан яқиндан мулоқотда бўлди, музокаралар олиб борди.

Шу ўринда мен бир нарсага эътибор қаратишни истардим. Бугун давлатимиз раҳбари раҳнамолигида Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалиб, дунё эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Туркия аҳли ва, албатта, Меҳмет Бўздағ ва унинг жамоаси ҳам Янги Ўзбекистонни кўришга, у билан ҳамкорлик қилишга катта иштиёқ билан қарамоқда.

Мен элчи сифатида шуни айтмоқчиманки, Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги фильм бой тарихимиз, юксак қадриятларимиз жонкуярларининг энг ғурурли лойиҳаларидан бири бўлди. Ушбу жараёнга элчихонамиз томонидан камтарона ҳисса қўша олган бўлсак, бу – биз учун катта шарафдир. Ишонамизки, Мангуберди каби қаҳрамонларимиз, буюк аждодларимиз хотираси бизда қанчалик ардоқланса, Туркияда ҳам шундай ҳиссиёт ва ҳурмат билан қабул қилинади.

Янги фильм премьерасини нафақат Ўзбекистондаги 34 миллион, балки туркий дунёдаги 200 миллионга яқин аҳоли кутиб турибди ва катта ҳаяжон билан қарши олади. Мен бу лойиҳани амалга оширишда ғайрат-шижоат кўрсатган барча ташаббускорлар, ташкилотлар ва ҳомийларга, Меҳмет Бўздағ жамоаси ва санъаткорларимизга миннатдорлик билдираман, бундан кейинги фаолиятида янгидан-янги муваффақият ва омад тилайман!