Китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи, билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас ҳисоблаган. Китоб ёшларни она Ватанни севишга, уни ардоқлашга, ҳимоя қилишга, ўз халқига хизмат қилишга ўргатади. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Шу маънода бугунги кунда  ёшлар ўртасида китобхонлик ва китоб ўқишни кенг тарғиб этишга муҳим вазифалардан бири сифатида қараляпти. Бунинг амалдаги кўринишини  Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббусининг тўртинчи ташаббуси “Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш” йўналиши бўйича амалга оширилаётганлигини тизимли ишларда яққол ифодасини кўришимиз мумкин бўлади.

Айни шунда эзгу мақсадда жорий йилнинг 23 декабрь санасида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ботир Эргашевнинг  “Мендирман ўшал...” китоби тақдимоти ҳамда назм ва наво кечаси бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимида шоирлар, ёзувчилар, санъат усталари, адабиётшунос олимлар ҳамда китоб ихлосмандлари иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар Ботир Эргашевнинг ижодий йўли, шеърларида Ватанни, халқни, миллатни, инсонни ардоқлашга қаратилган инсоний фазилатлар ўқувчини қалбига илиқлик олиб келишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Янги нашр этилган “Мендирман ўшал...” китоби ҳар бир иштирокчига туҳфа этилди.

Тадбир давомида Ботир Эргашев шеърларига басталанган куй-қўшиқлар йиғилганларга ҳавола этилди.

Муножат Мўминова