Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бошқармасининг маълум қилишича, бу тизим “Ташаббусли бюджет” жараёнларидан фарқли ўлароқ бир йилда бир маротаба ўтказилади.

Ушбу жараёнлар бевосита “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали амалга оширилади. Бунда, ахборот порталига ички йўлларнинг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номлари, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотлари тўлиқ киритилади ҳамда фуқаролар ички йўллар реестридан геомаълумотлар асосида тегишли ички йўлни танлаш орқали ўз таклифларини қолдириш имкониятига эга бўлади.

Таклиф қолдириш механизми:

Туман (шаҳар) бюджети параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлаш учун йўналтирилади.

Ахборот портали автоматик равишда таъмирлашга доир ўртача нархни ва туман (шаҳар) бюджети параметрларидан келиб чиқиб, ҳар бир туман (шаҳар) бўйича таъмирланадиган ички йўлларнинг умумий ҳажмини аниқлайди.

Ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашда таклифларни шакллантириш тартиби қуйидагича:

  • Ахборот портали орқали жамоатчилик фикри бевосита фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар асосида шакллантирилади;
  • Ахборот портали орқали таклифларни юбориш ҳамда овоз бериш жараёнида фақатгина вояга етган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
  • Фуқаролар ҳар йили ички йўлларни таъмирлашга фақат битта таклифни илгари суриши ҳамда битта таклифга овоз бериши мумкин. Фуқаролар ўзлари томонидан киритилган таклифга овоз бериши тақиқланади.
  • Ички йўлларни таъмирлашга доир таклифлар киритиш фуқаролар томонидан ахборот порталида тақдим этилган Ички йўллар реестридаги тегишли ички йўллардан бирини танлаш орқали амалга оширилади.
  • Ахборот портали орқали таклиф киритиш бевосита порталда рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилади.
  • Ҳар бир туман ва шаҳарларда билдирилган таклифлар бўйича берилган энг кўп овозлар сонидан келиб чиқиб, юқоридан пастга қараб сараланади.

Лойиҳа доирасида таклиф киритиш жараёни жорий йилнинг 27-апрель санасига қадар давом этади. Киритилган таклифлар учун овоз бериш жараёнлари 28-апрелдан 7-май кунига қадар ўтказилади.