Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 ноябрдаги 726-сон қарори билан тасдиқланган нотариуслар томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришнинг маъмурий регламентига асосан мерос очилган жойдаги нотариус меросхўр(лар)нинг ёзма аризасига кўра гувоҳнома беради.
Фуқаролик кодекси 1147-моддасига асосан меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади. Aгар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.
Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.
Aйрим ҳолатларда фуқаролар ўртасида кейинчалик мулкий низоларнинг келиб чиқиши натижасида тарафларнинг мерос гувоҳномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Бунга фуқаролар асос сифатида нотариуснинг меросдан воз кечишнинг оқибатларини батафсил тушунтирмаганлигини, ёки аслида фақат битта мулкдан мерос улуши олишдан воз кечганлигини, кейинчлик мерос қолдирувчининг меросхўрлар ўртасида низо келиб чиққанлигини келтиришади.
Нотариуслар томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришнинг маъмурий регламенти 23-бандига асосан меросдан воз кечиш аризаларида мерос таркиби кўрсатилмайди ва нотариал тартибда тасдиқланади. Бундай аризаларни тасдиқлашдан олдин муқаддам ушбу меросхўр томонидан меросдан воз кечиш аризаси берилган ёки йўқлиги тизим орқали текширилади. Aгарда меросхўр томонидан муқаддам воз кечиш аризаси берилган бўлса Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 1147-моддасининг тўртинчи қисми талаблари тушунтирилган ҳолда рад этилади (воз кечиш аризасида меросхўр васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечаётганлиги аниқ кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно).
Нотариусга мурожаат этган марҳум эрдан (хотиндан) кейин бева қолган хотинига (эрига) Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддаси ва Қонуннинг 63-моддасига асосан мерос қолдирувчи билан биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган мулкдан ўз улушини ажратган ёки ажратмаган ҳолда мерос қолган мулкка нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақида ариза олинади. Aгарда мерос қолдирувчининг эри (хотини) мерос олиш истагини билдирмаса, мерос қолдирувчининг эридан (хотинидан) олинган меросдан воз кечиш аризасида мерос қолдирувчи билан биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган мулкдан ўз улушини ажратган ёки ажратмаган ҳолда воз кечаётганлиги кўрсатилади.
Бундан ташқари, агар меросхўр васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка чақирилса, у ана шу асосларнинг бири ёки ҳар иккаласи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечишга ҳақли.
Меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросхўрлар жумласидан бўлмиш бошқа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатишга ҳақли.
Нотариуслар томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришнинг маъмурий регламенти 26-бандига мувофиқ, меросдаги мажбурий улушдан воз кечиш ҳеч бир шартсиз бўлиши лозим. Бошқа шахслар фойдасига мажбурий улушдан воз кечишга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда мерос мол-мулки васиятномада кўрсатилган меросхўрларга васиятнома бўйича ўтади.
Шаҳзод Саттаров,
Тошкент вилоят адлия бошқармаси
бош маслаҳатчиси