Кейинги пайтларда дунё футбол юлдузларидан бири, Франциянинг ПСЖ жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси кейинги фаолиятини қайси мамлакатда, қайси клубда давом эттириши ҳақида турли гап-сўзлар кўпайиб бормоқда.
Яқинда матбуотда Месси “Барселона”га қайтиши мумкин деган хабар пайдо бўлганди. Куни кеча эса инсайдер Фабрицио Романо Саудия Арабистонининг “Ал Ҳилол” клуби ҳужумчига йилига 400 миллион евродан ортиқ маош таклиф қилгани ҳақида ёзди.
Сал олдинроқ El Chiringuito нашри футболчининг агенти саналмиш отаси Хорхе Месси Саудия Арабистони клубидан йиллик 300 миллион евро, 2 йиллик шартнома учун 600 миллион евро сўрагани тўғрисида хабар тарқатганди.
Лионель “Ал Ҳилол” клубига ўтса, рекорд даражада пул ишлаб топиши мумкин. Лекин футболчининг ўзи Европада қолиш ниятида. Шу билан бирга, у “ПСЖ” билан шартномани узайтиришга рози эмас.
“Барселона” эса собиқ футболчисининг қайтишидан манфаатдор, бироқ клубнингг молиявий аҳволини Саудия клублари билан тенглаштириб бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил ёзда Мессининг ПСЖ билан келишуви якунига етади.