Тошкент метрополитенининг навбатдаги босқичи ишга тушиши билан унинг жами узунлиги 70 километрдан зиёд бўлади, бекатлар сони 50 тага етади

 Сўнгги йилларда пойтахтимиз аҳолиси учун жамоат транспортини тубдан ривожлантириш ва халқаро талабларга мос тизимни яратишга катта аҳамият қаратиляпти. Айниқса, ер ости ва ер усти метрополитени йўналишиларини қуриш борасида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.

Президентимизнинг 2017 йил 19 майда “Тошкент шаҳрида ер усти метро линияларининг қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Мазкур ҳужжт асосида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бунёдкорлари томонидан 2020 йилда, мустақиллик айёми арафасида узунлиги 2,9 километр бўлган “Туркистон” ва “Юнусобод” ер ости метро бекатлари ҳамда 11,5 километр бўлган “Дўстлик — Қўйлиқ” ер усти линияси бунёд этилиб, жами 7 та бекат фойдаланишга топширилди.

Аввалги йил охирида эса 5 та бекатдан иборат Сергели ер усти йўналиши ҳам қуриб битказилди. Бугунги кунда у ҳар куни 46 минг йўловчининг манзилини яқин қиляпти. Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, Тошкент ҳалқа ер усти метрополитени линиясининг умумий узунлиги 54,8 километрни ташкил этади.

— Ана шу вақтда пойтахтимиздаги ер усти метро линияси 2-босқичининг 15 километрлик “Қўйлиқ — Қипчоқ — Янги ҳаёт” йўналишини барпо этиш ишлари бошланган эди, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг бош менежер - бош муҳандиси Зафар Махаматов. — Мазкур ҳудудлардаги қурилиш ишлари “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси бунёдкорлари томонидан олиб бориляпти.

Тошкент ҳалқа ер усти метро йўлининг мазкур босқичи Қўйлиқ бозоридан бошланиб, Миробод ва Сергели туманлари ҳудудидаги Катта ҳалқа йўли, Зангиота туманидаги Хонобод ҳамда Сергели туманининг Қипчоқ кўчаларидан ўтиб, Сергели линиясининг 5-бекатига уланади. Ушбу йўналишда 7 та бекат қурилиши режалаштирилган. Шу ўринда қайд этиш жоиз, унинг охирги бекати Янгиҳаёт туманидаги кўп тармоқли касалхона, Тошкент металлургия заводи ҳамда тез орада барпо этиладиган ва келгусида 60 минг киши истиқомат қилиши кўзда тутилган мега лойиҳа – “Minerva sity”га яқин ерда жойлашади. Бу, ўз навбатида, бу ерда яшовчи ва ташриф буюрувчилар учун ҳам тезкор, қулай ва арзон транспорт туридан фойдаланиш имконини беради. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.  

Президентимиз 6 июнь куни Тошкент ер усти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи қурилишини бориб кўрди ва амалга оширилаётган ишларнинг сифатини кўздан кечирди.

– Ер усти метроси қуриш тажрибамизда йўқ эди. Биз янги тарих яратаяпмиз. Шунинг учун йўлнинг мустаҳкамлигини яна бир марта жиддий кўриб чиқиш керак. Иккинчидан, метрода, бекатларда одамлар учун замонавий, электрон хизматларни кўпайтириш зарур, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугунги кунда лойиҳанинг 2-босқичида 11,62 километрлик “Қўйлиқ – Сергели” участкасида қурилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Жумладан, лойиҳа бўйича шу кунга қадар 2 минг 418 та темир-бетон балкадан 1 минг 81 таси, 405 та темир-бетон кўндаланг устундан 217 таси, 405 та темир-бетон ригелдан 208 таси, 405 та 1 ярусли темир-бетон асосдан 221таси, ана шундай 405 та 2 яруслисиддан 220 таси ҳамда 405 та хандақ (котлован)дан 232 тасидаги ишлари бажарилди.

— Ер усти метро йўналишининг биринчи босқичи бўлган Дўстлик – Қўйлиқ йўналишида бозор ҳудудидаги 7- бекат унинг сўнгги манзили ҳисобланади, — дейди Зафар Махаматов. — Айни пайтда Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб қурилаётган 2-босқичда 8-,9-,10-бекатлар оралиғида пойдевор, устун ҳамда ригеллар ва уларга 26,6 метрлик балкалар ўрнатиб бўлинди.

Бекатларда эса қурилиш юмушлари давом этмоқда. Хусусан, 8-бекатнинг биринчи қаватида сўнгги пардозлаш ишлари бажарилмоқда. Бино деворлари ҳар қандай об-ҳавога чидамли, мустаҳкам кафел ҳамда мармар билан қопланяпти. Унинг ичи миллий дизайн асосида безатилиб, йўлакларига ҳам кўркам ва ўта чидамли мармар ётқизиляпти.. Станциянинг 2-қаватдаги перрон қисмида ҳам тез орада пардозлашга ўтилади.

9- ва 10-бекатда ҳам асосий қурилиш ишлари тугатилиб, бинонинг 1-пардозлаш, электр, сантехника ва алоқа тизимини монтаж қилинмоқда. 11- бекатда ҳовлилар кўчирилаётган бўлса, 12-бекатда ғишт теришга киришилди. Темирйўлчиларимиз лойиҳанинг энг мураккаб қисми саналган Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг Хонобод кўчасига туташган жойида монолит усулдаги эстакадани  барпо этяпти. Бундан ташқари, шу кўчанинг ўзидан ўтадиган ер усти метросининг пойдевор, устун ва ригелларни ўрнатиш ишлари деярлик якунига етган бўлса, Қипчоқ кўчасида ҳам пойдеворлар қазилиб, устунлар ўрнатилмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, Қўйлиқ бозоридан Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб қурилган метро йўналишининг 8-, 9- ва 10-бекатлари оралиғида эстакада шаклидаги қурилишнинг темир-бетон ишлари якунига етиб қолгани боис “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Йўл хўжалиги бошқармаси мутахассислари томонидан рельсларни ётқвизишни бошлаб юборди. Шу пайтга қадар бу ва бошқа бекатлар оралиғига ўрнатиилган пўлат излар масофаси 3,5 километрдан ошди.

Тошкент ер усти ҳалқа метро йўналишининг 2-босқичида амалга оширилаётган қурилиш ишларига 155 та техника, машина ва механизмлар ҳамда 850 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи-ходим жалб қилинган. Ишчи-қурувчилар кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Уларнинг меҳнат муҳофазасига қатъий амал қилган ҳолда фаолият кўрсатиши назоратга олинган. Қурилиш объектига зарур қурилиш маҳсулотлари ҳам ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Ер усти метросини қурилиши жараёнида бажарилаётган ишларнинг сифати бўйича Давлат архитектура ва қурилиши назорати инспекцияси ҳамда “Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан мунтазам назорат олиб борилмоқда.

Мухтасар айтганда, Тошкент метрополитенининг навбатдаги босқичи  ишга тушиши билан унинг жами узунлиги 70 километрдан зиёд, бекатлар сони 50 та бўлади.

Рустам ҲАЙДАРОВ,

 “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти

 Ахборот-таҳлилий медиа маркази мутахассиси

 Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири