«Микрокредитбанк» АТБ республикамизда қуёнчиликни ривожлантиришга масъул этиб белгиланганига ҳам бир неча йил бўлди. Айтиш жоизки, банк томонидан ўтган вақт мобайнида ушбу йўналишда сезиларли ишлар амалга оширилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириғига асосан, 2021 йилда қуёнчилик йўналишида умумий қиймати 317,4 млрд сўмлик 56 та лойиҳа тижорат банклари томонидан молиялаштирилган. Ушбу лойиҳалардан Қуйи Чирчиқ туманида Италия технологиялари асосида умумий қиймати 30 миллион евро бўлган (17 млн евро - ташаббускорнинг ўз маблағлари, 13 млн евро - банк кредити) йирик «Қуёнчилик ва наслчилик агрокомплекси» ташкил этилмоқда. «Микрокредитбанк» АТБ томонидан мижоз талабига асосан 6,9 млн евро кредит маблағлари ажратилган.
Мазкур маблағлар наслли қуёнлар, уларни интенсив кўпайтиришга мўлжалланган замонавий ускуналар, генератор, қушхона комплекси, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар, озуқа-ем маҳсулотлари ҳамда ўғит ишлаб чиқариш ускуналари, лаборатория жиҳозлари сотиб олишга йўналтирилган. Шунингдек, италиялик ҳамкорлар томонидан ўтган йил декабридан бошлаб ушбу комплекс учун етиштирилган (авиарейслар тасдиқланган) наслли зотдор ота-она қуёнлар етказиб бериш бошланди. Ҳозирда Италиядан дастлабки 3000 бошга яқин наслли она қуёнлар олиб келиб парваришланмоқда.
Қуёнчилик комплекси 11 гектар майдонда ташкил қилиниб, ўз ичига 34 та бинони олади. Шундан 23 таси қуён боқиш павильони, 3 таси генетика маркази, 1 таси генетик лаборатория, яна шунчаси озуқа ишлаб чиқариш заводи, 1 таси замонавий қушхона, 5 та ёрдамчи бинолардан иборат. Лойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида 220 та янги иш ўрни яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса мана бундай кўриниш олади: 3 минг тонна қуён гўшти, 1 миллионта наслли она қуёнлар, 80 минг тонна озуқа-ем, 10 млн бош қуён сўйишга мўлжалланган қушхона ва 40 минг тонна ўғит... Шу билан бирга, комплекс томонидан кооперация асосида аҳоли хонадонларига етказиб бериш йўлга қўйилиб, аҳоли ва тадбиркорларга қуён, қафаслар, озуқаси, ветеринария дори воситалари билан таъминлаш ҳамда бошқа турдаги хизматлар кўрсатилади.
Умумий қилиб айтганда, «Микрокредитбанк» АТБ томонидан бугунги кунга қадар қуёнчилик соҳасини ривожлантиришга жами 4843 та мижозга 454,4 млрд сўм (шундан 421 та юридик шахсларга - 360,6 млрд сўм, 4422 нафар жисмоний шахсларга 93,8 млрд сўм) кредит ажратилган. Шунингдек, ўтган 2021 йилда 1761 та мижозга 210,6 млрд сўм (шундан 69 та юридик шахсларга - 168,9 млрд сўм, 1692 нафар жисмоний шахсларга 41,7 млрд сўм) йўналтирилган.
«Микрокредитбанк» АТБ Ахборот хизмати.
Хизматлар лицензияланган.
Реклама ҳуқуқи асосида