Ватанимиз қитъалараро маданий-тижорий алоқаларни яхшилашга хизмат қилган Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган. Бу ерда турли халқларнинг миллий анъана ва урф-одатлари ўзаро уйғунликда ривожланган. Демак, ўзбекона бағрикенглигимизнинг илдизлари жуда қадим замонларга бориб тақалади ва бу борада биз ҳамиша жаҳон аҳлига намуна бўлиб келганмиз.
Халқимиз шўролар замонида қатағон, қувғинга учраган кўплаб миллат вакилларига бошпана берди, оғир дамларда бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди. Натижада корейс, немис, поляк, юнон, қрим-татар, турк, тожик ва бошқа кўплаб миллат вакиллари ўзбек элида муқим яшаб қолишди. Уларнинг зурриётлари эса шу заминда туғилиб-ўсиб, шу ерда таълим-тарбия олдилар.
Сиёсий барқарорлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашда, фуқароларимизда ягона Ватан туйғусини шакллантиришда, юрт истиқболига дахлдорлик ҳиссини камол топтиришда халқимизнинг бағрикенглик хислати асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизда барқарорлик, тинчлик, ижтимоий тотувлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Қолаверса, юртимизда миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғояларидан бири миллатлараро тотувлик, деб белгиланганлиги ҳам бу йўлда Ўзбекистоннинг ўз йўли борлигини тасдиқлайди.
Миллатлараро тотувлик – умумбашарий қадрият. У нафақат турли халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиётини белгилайди, балки бутун дунёда тинчлик ва тараққиётнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Бир миллатли давлатларга нисбатан кўп миллатли давлат маданий, маънавий бой дейиш мумкин. Чунки мамлакат ичидаги миллий маданиятлар мулоқоти уларни бойитади. Ҳар бир миллатнинг бошқа миллатлардан ўрганадиган, намуна бўладиган жиҳатлари бор.
Истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Ватанимизда яшаётган турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, унинг қонуний асосларини яратишга жиддий эътибор қаратилди. Ушбу тамойиллар Ўзбекистон Конституцияси ва барча қонунларимизда аниқ ва қатъий муҳрлаб қўйилди. Жумладан, Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожи учун шароит яратиши алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Конституциямизнинг 18-моддасида эса мамлакатимизнинг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди.
Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшайди. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб, ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда.
Замонавий давлатнинг мақсади жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорликни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат. Зеро, мамлакатимизнинг тараққий этиши авваламбор ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитининг сақланишига боғлиқ. Бу масалаларга Президентимиз Ш.М.Мирзиёев турли йиғилиш ва анжуманларда, шу қатори халқаро майдонда ҳам тинимсиз халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиб келмоқда.
2017 йилнинг 19 май куни давлатимиз раҳбарининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимиздаги миллий маданий марказлар ҳаётида, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида янги истиқболларни очиб берди, бу соҳадаги ишларда туб бурилиш ясади.
Фармон билан Республика байналмилал миллий-маданий маркази негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Тошкент шаҳридаги эски Бобур боғи Дўстлик боғига айлантирилди. Республикадаги миллий марказлар учун алоҳида бино ажратилди.
Қўмита зиммасига жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг муваффақиятларини кенг тарғиб қилиш вазифаси юкланди.
Фармонда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни, чет элдаги ҳамюртларимиз ва турдош ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган. Қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий ташкилотлар ва дипломатик ваколатхоналар, хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган турдош ташкилотлар билан самимий ва ўзаро ҳурматга асосланган алоқалар ўрнатиш ҳамда изчил ривожлантириш борасида тизимли ишларни амалга оширади. Ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари ва анъаналари, шу заминда туғилиб ўсган буюк олим ва мутафаккирлар мероси, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кенг намойиш этиш бўйича тадбирлар ўтказилади.
Фармон қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бунёдкорлик ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Биродарлик, диний бағрикенглик, дўстлик ва ҳамкорлик инсонийлик фазилатлардан бири сифатида, аждодларимиздан бизларга жуда катта маънавий мерос бўлиб қолган. Барча миллий-маданий марказларнинг самарали фаолият олиб бориши учун давлат томонидан ҳар томонлама кўмак бериляпти, турли миллат вакилларининг ўз она тили, маданияти, санъати, ҳунармандчилиги ва миллий қадриятларини ривожлантиришга эътибор қаратиляпти.
Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик албатта турли миллат вакиллари ва халқларимизнинг ўзаро дўстлик ва биродарлик фазилатларига асосланган. Президентимиз бу борада, “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу–бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”, деб кўрсатар экан, биз ушбу бойликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини англашимиз зарур. Бу борада олиб бораётган маданий–маърифий ишлар самарадорлиги шу кун талаби эканлигини ҳис қилган ҳолда фаолият олиб боришимиз муҳимдир.
Дунёнинг қарийб барча мамлакатлари кўп миллатлидир. Бугун Ўзбекистонда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилаётир. Демак, мамлакатларнинг аксарияти бир миллат номи билан аталса-да, шу мамлакат кўп миллатли фуқаросининг ягона Ватани бўлиб келмоқда. Ўзбекистон ҳам ана шундай бой, турфа маданиятлар гуллаб яшаётган мамлакатлардан бири эканлиги одамга ифтихор бахш этади.
Минг афсуски, ҳозирги вақтга келиб, баъзи давлатларда миллий-этник муносабатларда зиддиятларнинг юзага келиши турли кўринишдаги низо ва келишмовчиликларга олиб келаётганини барчамиз эшитиб, кўриб турибмиз. Юрт осойишта бўлиши, турли миллатлар аҳил яшаши учун энг аввало, миллатлараро муносабатларда бағрикенглик, бир миллатни бошқасидан устун қўймаслик тамойилларига амал қилиниши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимизжамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”.
Ғайратулла ШУКУРОВ,
Миллатлараро муносабатлар ва
хорижий мамлакатлар билан
дўстлик алоқалари қўмитаси
ахборот хизмати бошлиғи