Таҳлилий статистик маълумотларга кўра, жаҳон аҳли бугунги кунда 7000 дан зиёд тилда гаплашар ва, буни қарангки, уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд экан. Ўтмишда 9000 дан ортиқ тил мутлақ йўқолиб кетган. Бирор-бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун ундан камида 1 миллион киши фаол фойдаланиши керак, дейди соҳа ўрганувчилари. Шунингдек, ЮНЕСКО томонидан нашр қилинадиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи”да Европадаги 50, Тинч океани минтақасидаги 200 тил борлиги таъкидланади. Африкадаги 1400 та тилдан 600 таси келажакда, 250 таси эса яқин орада бутунлай йўқолиши хақида бонг урилмоқда.

Ана шундай ташвишли ҳолатда бугунги кунда Ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилида сўзлашаётгани ўзбек тилининг умрбоқийлигини мустаҳкам белгилаб турувчи омиллардан биридир, албатта.

Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги энг бой ва қадимий тиллардан биридир.

Зеро, бежиз ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий “Тил — миллатнинг қалби, унинг дун­ёда мавжудлигининг асосий белгисидир”, дея эътироф этмаган.

Бугунги кунда эса “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган тамойил асосида тилимиз тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда. Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш тобора кучаймоқда.

Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, бошқармалар, ташкилот ва муассасаларда раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимлари жорий қилинди.

Маърифатпарвар аллома аждодимиз, ўз даврида ўнга яқин тилни пухта ўрганган машҳур олим ва таржимон Исҳоқхон тўра Ибрат: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат бу — ватаний ишдир”, дея бежиз таъкидламаган. Айни эзгу ҳикматни бугунги кунда мактабгача таълим тизимида олиб борилаётган хайрли тадбирлар мисолида кўришимиз мумкин.

Бугунги кунда юртимизда она тилига ҳурмат руҳини мактабгача таълим тизимидан бошлаб сингдириш борасида салмоқли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган 1244 та мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларга ўзбек тилини мукаммал ўргатиш орқали улар онгу тафаккурига миллий истиқлол ғояларини сингдириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси тизимидаги ташкилотларда давлат тилида иш юритилишини тўлиқ таъминлаш, ходимларнинг бу борадаги малакасини мунтазам ошириб бориш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, улар ижроси доирасида муайян ишлар бажарилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигининг “Мактабгача таълим тизимида давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи ижроси доирасида вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотининг номланиши, тарғибот воситалари, шиор, баннер ва паннолари ҳамда пешлавҳа ёзувлари қайта хатловдан ўтказилди. Давлат тилига мувофиқлиги мониторинг қилинди.

Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига ўзбек тилини ўргатишга мўлжалланган қизиқарли ўйин, кўргазмали тадбирлар ташкил этиш мақсадида тил ўргатишга мўлжалланган интерфаол ўйинлар, кўргазмали тадбирлар лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бажарилиши таъминланмоқда.

Бундан ташқари, карантиндан сўнг босқичма-босқич очилаётган мактабгача таълим ташкилотларида “Она тилим — фахрим, ғурурим”, “Тил — миллат кўзгуси”, “Тил — миллатнинг борлиги ва борлиғи”, “Тилга эътибор — элга эътибор”, “Она тили миллатнинг руҳидир”, “Она тилим — болдай лазиз” каби мавзуларда турли семинар, танлов, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши белгиланган.

Мухтасар айтганда, мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми ҳисобланади. У боланинг соғлом ва ривожланган шахс бўлиб шаклланишини таъминлаб, болажонларнинг ўз она тилини пухта ўрганиш, ўқишга бўлган иштиёқини уйғотади, тизимли ўқитишга тайёрлаб боради. Шундай экан, бу тизим фаолиятини янада кучайтириш, мактабгача таълим муассасаларида ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга мактабгача ёшдаги болаларни кенг жалб этиш фарзандларимизнинг баркамол ва етук шахс бўлиб шаклланишида муҳим ўрин тутади.

Тоҳиржон ДЕДАХАНОВ,

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси

бош мутахассиси