Гарчи унгача ҳам “роман” номи билан бир неча китоб ёзилган бўлса-да, чин маънодаги илк романлар Қодирий қаламига тегишли. Адибнинг 1926 йилда яхлит китоб ҳолида чоп этилган “Ўткан кунлар” романи ҳозиргача энг мукаммал ўзбек романи бўлиб турибди. Адиб бу асарида ўзбек миллатига хос эзгу ва чиркин жиҳатларни долғали тарихий воқеалар, фожиавий тақдирлар, тимсолларнинг ишонарли хатти-ҳаракати орқали кўрсатиб беради. Қодирий илк романи биланоқ дунё романчилик тажрибасини бойитди.

“Ўткан кунлар”да Қодирий асар мавзусини бекорга ўтмишдан олмаган. Чунки бугуни мустаҳкам, эртаси пойдор бўлишини истаган ҳар бир халқ ўтмишини яхши билиши керак. Адиб миллий тарихнинг “энг кирлик, қора кунларини тасвирлаш асносида миллатнинг асл маънавий қиёфасини кўрсатиб беради. Ёзувчи тарихнинг энг чиркин пайтларида ҳам миллат ҳаётида юксак маънавиятли ёрқин шахслар ва ёруғ жиҳатлар бўлганини акс эттиради. Романда фақат халқнинг ўтмишини улуғлаш йўлидан борилмайди. Балки миллат табиатидаги қолоқлик ва таназзулга сабаб бўлган иллатларни ҳам холис кўрсатади. Миллат ўзининг барча қирралари билан акс эттирилгани учун ҳам асар халқ орасида кенг тарқалиб кетди. Ўз даврида “Ўткан кунлар” рoмaнини ўқиш учун нaвбaт кутиб тургaнлaрнинг сaнoғигa eтиб бўлмaс, асарни тўла ёд билaдигaн китoбxoнлaр бoр эди. Адиб инсoн руҳиятининг сирли ҳамдa нoзик жиҳaтлaрини чуқур, тaъсирли вa ҳaққoний aкс эттирганди. Ромaн гўзaл ифoдa услуби, инсон руҳияти инжа ҳолатларининг таъсирли тасвири билaн ҳaм aжрaлиб турaрди.

Асарда ҳукмдорларнинг калтабинлиги, маърифатсизлиги, омманинг жоҳиллиги, уларни юрт тараққиёти ва мустақиллиги қизиқтирмаслиги сингари ҳолатлар бот-бот тилга олинган. Романнинг бош қаҳрамонлари новдалигидаёқ хазон этилган, асар улкан фожиа билан тугаган бўлса-да, унда қандайдир бир ёруғ руҳ ҳукмронлик қилади. Китобхон ғам ботқоғига ботиб кетмайди. Чунки адиб ўзбек халқи тийнатидаги нурли жиҳатларни ишонарли тасвирлай билади. Шу боис, барча умидлари кесилган тақдирлар тасвири билан танишган кишида ҳам умидсизлик кайфияти пайдо бўлмайди. Чинакам истеъдодда хусусий ҳолат мисолида ҳодисага тегишли умумий белгиларни кўра олиш қудрати бўлади. “Ўткан кунлар”да Қодирий истеъдодининг шу жиҳатлари намоён бўлган.

Ўзбек халқининг гўзал одоби, чексиз андишаси, катта-кичик, узоқ-яқин кишиларнинг ўзаро муомала-муносабатидаги юксак маданият, миллат турмуш йўсинидаги ўхшаши йўқ тартиблар ёзувчининг санъаткорлиги туфайли шу қадар маҳорат билан жонли бадиий лавҳаларда кўрсатилганки, ўқирман бу хилдаги тирикчилик йўриғига эга халқ ва унинг етук вакилларини яхши кўриб қолади. Қизиғи шундаки, ёзувчи бирор ўринда бўлсин халқни қуруқ мақтамайди, атай унинг фазилатларини кўрсатишга уринмайди, ташвиқ қилмайди. Лекин қаҳрамонлар тутуми ва уларнинг ўзаро муносабатларини шундай тасвирлайдики, миллат ҳақида ижобий фикр табиий равишда юзага келади. Бу жиҳатдан, айниқса, Отабек, Кумуш, Юсуфбек ҳожи, Алим, Ҳасанали, Мирзакарим қутидор, Офтоб ойим, Нормуҳаммад сингари персонажлар тасвири характерлидир. Асарда бу тимсолларнинг тақдир синовларидан ўтишдаги сифатларини кўрсатиш асносида халқнинг фазилатлари намоён этилади.

Ёзувчининг маҳорати шундаки, асарда қаламга олинган ҳар бир катта-кичик ҳодисани кўзга кўринмас иплар билан Отабекка бориб боғлай олади. Ҳатто бутун Туркистон миқёсида содир этилаётган улкан ижтимоий воқеалар ҳам, ҳеч кутил­маганда, бош қаҳрамоннинг шахсий ҳаётига дахл қилади. Абдулла Қодирий Отабекка ўзи баҳо бермайди, балки юрт ҳаётида рўй бераётган ҳодисаларга муносабати давомида йигит ўз табиатини намоён эта боради.

Отабек ўқимишли, инсофли ва эркин фикр кишиси бўлгани учун ҳар бир ҳодисага адолат нуқтаи назаридан баҳо беришга интилади. Табиатидаги бу жиҳатлар унинг уйланиш хусусидаги дастлабки қарашларидаёқ намоён бўлади. Маърифатли одам сифатида давр воқеаларига, юрт бошидаги муаммоларга муносабат билдиради. Бу ҳолни унинг: “Мен ўруснинг идора ишларини кўриб ўз идорамизнинг худди бир ўйинчоқ бўлганлигини иқрор этишга мажбур бўлдим. ...Шамайда эканман, қанотим бўлса, ватанимга учсам, тўппа-тўғри хон ўрдасига тушсам-да, ўруснинг ҳукумат қонунларини бирма-бир арз қилсам, хон ҳам арзимни тингласа-да, барча элга ёрлиғ ёзиб, ўруснинг идора тартибини дастуруламал этишга буюрса, мен ҳам бир ой ичида ўз элимни ўрусники билан бир қаторда кўрсам... Аммо ўз элимга қайтиб кўрдимки, Шамайда ўйлаган­ларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш! Бу ерда сўзимни эшитувчи биров ҳам бўлмади, бўлсалар ҳам: “Сенинг арзингни шу хонлар эшитадими, шу беклар ижро қиладими?” деб мени маъюс қилдилар”, деган сўзларидан билиш мумкин. Келтирилган парчадан дастлаб давлат ишларидан бехабар ёш, тажрибасиз ва содда тижоратчи йигитнинг жуда қисқа фурсатда юрт бошқариш ишларининг асл моҳиятини англаб олгани кўринади. Халқини бахтли кўришни истаган йигит ўриснинг ўзига маъқул туюлган иш усулларини юртида қўллашни истайди. У ўзини мамлакатда юз бераётган воқеаларга дахлдор деб билгани боис савдо ишлари билан кифояланиб қолмай, Туркистоннинг ғариб ҳолати ҳақида ўйлайди, қолоқлик сабабларини топишга уринади.

Менимча, ўруснинг биздан юқорилиги унинг иттифоқидан бўлса керак, ...аммо бизнинг кундан кунга орқага кетишимизга ўзаро низоимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман... Орамизда ...бузғунчи ва низочи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқурига қараб тортадилар. Бу кунги қорачопон ва қипчоқ низоларини сизга бир тимсол ўрнида кўрсатайин: ўйлаб кўрилсин, бу низолардан бизга қанчалик фойда ва қипчоқ оғайниларимизга нима манфаат ҳосил бўлмоқда?”. Бу ўринда Отабек миллат миқёсида фикрлайдиган йигит сифатида намоён бўлади.

Қодирий романда Отабекни тавсифлаб ўтирмай, фаолиятда, ҳодисалар гирдобида кўрсатади. Натижада ўқирман бош қаҳрамон ҳақида ахборотгагина эга бўлиб қолмай, фаолиятдаги тирик одам сифатида кўради. Ёзувчи Отабекка хос хусусиятларни инсон учун ғоят қалтис вазиятлар фонида тасвир этади. “Мен сизнинг қиличингиз остида ўлимдан қўрқиб ёки сизга хушомад учун сўзламай, ҳукумат кишиларимиз орасида тушунадирған бир одам бўлғанлиғингиз важидан отамнинг ҳам ўзимнинг қандай фикр ва маслак кишиси эканлигимизни айтиб ўтмакчи бўламан: биз на қипчоқларға тарафдор ва на шаҳарлик оғайниларға. Бу икки фирқа бизнинг назаримизда бир-бирисидан мумтоз, идора ишида бир-биридан ортиқроқ халқ эмасдир. Шунга биноан, Туркистон халқларининг истиқболларини бу икки фирқанинг биттасига ҳавола қилиш баайни қўйни бўрига топшириш қабилидан бўладир. Нега десангиз, ҳар икки томоннинг иш бошиға интилган кишиларнинг кўкрагига қўл солиб кўрсангиз, бирисининг фақат эл таламоқ, бойлик орттирмоққағина бўлған ғаразини, иккинчисининг кўркли хотинлар, юқори турмишлар учун бўлған мақсадиниғина кўриб, икки орадан “элни тинчитай, эл ҳам роҳат тирикчилик қилсин”, деган учунчи бир олий мақсадни чароғ ёқиб ахтарсангиз ҳам тополмассиз”, деган гапни ўзига ўлим ҳукми чиқарган Ўтаббой қушбегига ижро олдидан айтади.

Отабек ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонлик қадрини, йигитлик шаънини ерга урмасликка интилади. Бош қаҳрамон табиатидаги бу хил фазилатлар иккинчи бор Худоёрхон ҳузурида Мусулмонқул билан мулоқотда намоён бўлади. Отабекнинг ўзини тутиши, ўлимдан қўрқмаслиги Мусулмонқулни: “Дав юрагинг бор экан, йигит. Хайфки, гуноҳинг бўйнингда”, дея таҳсин айтишга мажбур қилади.

Отабек фақат фавқулодда ҳолатларда эмас, балки оддий ҳаётий вазиятларда ҳам маърифатли, ақлли, юксак тарбия кўрган одам эканини кўрсатади. Буни унинг ота-онасига, Ҳасаналига, Кумушга бўлган муносабатидан билса бўлади. Чунончи, ота-онаси истагига кўра уйланиб, ҳадсиз азоблар тортган бўлишига қарамай, йигитнинг: “Сизни гуноҳкор қилишға ва гуноҳингизни кечишка маним ҳаққим йўқ, дада..., деган гапида миллатдошларимизга хос энг эзгу фазилатлар намоён бўлган. Онасининг зўрловлари сабаб иккинчи марта уйланиш зарурлиги юзасидан қайнотаси Мирзакарим қутидор билан суҳбатда Отабекдаги муҳаббатнинг кўлами, маънавиятнинг даражаси яққол аён бўлади:

— Сиз қизимнинг андишасини қилиб ўлтурмангиз, бек, деди қутидор, — бу ишни энг яхшиси унга билдирмасликдир, кейинроқ ўзи кўникиб кетар, бу тарафлардан ташвиш лозим эмас.

— Йўқ, деди бек, мен бу ишка башарти кўнганимда ­ҳам қизингиздан яширмайман.

— Нега?

— Негаки унинг ризолиғини олмасдан туриб, бу ишка оёғ қўйишим мумкин эмас.

— Агар кўнмаса-чи?

— Кўнмаса, мен ҳам кўнмасликка мажбурман.

Бу кўчирма Отабек билан Кумуш муҳаббати ҳарорати қанчалик баланд эканини кўрсатиши жиҳатидан диққатга сазовор. Қодирийнинг санъаткорлиги шундаки, ҳатто Отабекдай садоқатли, тўғри сўз, ҳақ иш учун ўлимга тик бора оладиган йигит ҳам баъзан дилидагисини тилига чиқармаслиги мумкинлигини жуда ишонарли ва таъсирли кўрсатади. Адиб маҳорати туфайли Отабек фақат эзгу фазилатлар йиғиндисидан иборат бўлиб қолмаган. У ҳам, вақти келса, кимдандир ниманидир яширишга мажбур бўлиб ёлғонлайдиган, дилидагисини ҳамиша ҳам тилига чиқаравермайдиган жонли одам сифатида тасвирланган. Жумладан, Кумушнинг Марғилондан келишини Отабек Зайнабга: “Мунда маним ихтиёрим йўқ... ҳамма ишни отам қилаётибдир, деб изоҳлайди. Бошқа ўринда: “Бошда Кумушга... суюб уйланганим, сиз айтканча тўғри, аммо ҳозир ундоғ эмас”, дейди. Бу тасвирдан унинг ҳам кўп қатори бир инсон экани, Зайнабнинг кўнглини оғритишни истамаганидан ёлғон гапиргани англашилади.

Адиб Кумушни тирик одам, кўнгилга яқин маҳрам сифатида тасвирлайди. Қизнинг Отабекка иккинчи бор уйланишга розилик бергандаги ҳолати тасвири ўта моҳирлик билан чизилган: “Мен рози, мен кўндим, - деди дафъатан Кумуш, бу сўзни нимадандир қўрқғандек шошиб айтди”. Унинг ўз қарорини бу қадар шошиб, қўрққандай айтгани қизни ўқирманга яқинлаштиради. Бу ўринда Кумуш ўз устига иккинчи хотин олишга иложсиз розилик бераётган аёл сифатида намоён бўлади. Унинг ҳам ўз истиқболидан қўрқаётгани, айни вақтда, Отабекни қийнаб қўйишдан чўчиётгани тўла акс этган.

Кумуш — ўта назокатли қиз. Шунинг учун ҳам у ўз туйғуларини ҳамиша сирли-сеҳрли ва кишини ром этадиган тарзда намоён этади. Унинг Отабекка ёзган хатидаги: “Юсуф савдосида беқарор Зулайҳо исмидан, Мажнун ишқида йиғлаған Лайли отидан – сизга бошимдағи сочларимнинг тукларича беҳад салом. Мендан – ҳадду ҳисобсиз гуноҳ, сиздан – кечириш... Сизқочоқсиз, нари-бери тил учида менга бир нарса ёзгандек бўлиб, қочқансиз, икки йил бўйи Марғилон келиб юришларингизни мен ўзимча ешдим, лекин топиб ешдим: сизнинг барча машаққатларингиз душманларингиздан ўч олиш учун бўлғанини онгладим. Йўқса, мени кўрар эдингиз, кўргингиз келмаганда ҳам бошқалар сизни кўрар эдилар, тўяр эдилар... Мен каби бахтсиз, мен каби ғовғаси кўб сизни зериктириб, жондан тўйдирған бўлса, ажаб эмаски, қоча бошлагансиз... Қочсангиз қочиб кўрингиз, аммо мен бу кундан бошлаб бировларни қувишқа бел боғладим...” сингари ифодалар унинг нечоғли теран фикрли, оқила, маданиятли ва андишали қиз эканини кўрсатади. Ушбу мактубда ўзбек қизига хос эзгу сифатлар намоён бўлган. Қизнинг хатида ҳам соғинч, ҳам эркаланиш, ҳам араз, ҳам одоб, ҳам беқиёс муҳаббат арз этилган. Лекин бу иқрор ўта майин, ёқимли, фақат ўзбек қизига хос ва сиртдан кўзга ташланиб турмайдиган йўсинда амалга оширилган.

Кумуш табиатидаги ўзбек қизларига хос эзгу жиҳатлар ўлим билан олишаётган лавҳада ҳам тўла намоён бўлади. Мана бу парчага эътибор қилинг: “- Ойим... Ойим!..- деди ҳожи. Кумуш кўзини очиб бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди”. Бу тасвирда фақат ўзбек қизидагина бўладиган назокат инжа ифода этилган. Биламизки, ўзбек қизи эркак одам олдида ётиш у ёқда турсин, ўтирмайди ҳам. Кумуш сўнгги нафасини олар чоғида ҳам ғайришуурий равишда азалий одобга риоя этмоқчи бўладики, бу унинг нечоғли тарбияли эканини билдиради. Лекин адиб Кумушни ҳар қандай нуқсондан холи фаришта қилиб тасвирламайди. Унинг ҳам хом сут эмган банда, оддий аёл, суйгани учун талашадиган кундош эканини бирор лаҳза назардан қочирмайди. Чунончи, Кумуш Тошкентга келгач, Зайнаб билан тез-тез чўқишиб туради. Ёзувчи шу ўринларда ҳам унинг оддий аёллигини, ҳам нечоғли топқир, тезфаҳм одамлигини ишонарли кўрсата олган.

Романдаги Юсуфбек ҳожи образида ўзбекка хос юксак маънавий сифатлар мужассамлашган. Ёзувчи ҳожи тимсолида кўпчилик кексаларимиз сингари босиқ, ўйчан, салмоқлаб сўзлайдиган, шошилмай қарор қабул қиладиган, ҳамиша хотиржамлик бўлишини истайдиган ўтағаси сиймосини кўрсатган. Ҳожи табиатидаги энг муҳим хусусият шуки, бирор фикрга келишда у ўз манфаатини ўлчов деб билмайди. Имкон қадар холис бўлишга, ҳақ йўлига терс бормасликка уринади. Унинг: “Дунё можаросидан қўл ювмоқчи бўлған бир отаға кексайган кунларида фарзанд доғини кўрмасликнинг ўзи ҳам улуғ мукофотдир”, деган сўзлари ҳожининг табиатини тўлиқ изоҳлай олади.

Юсуфбек ҳожи маърифатли, кенг фикрли одам бўлгани учун шахсий манфаатдан устун тура билади. Шу боис, қипчоқларни қирғин қилмоқчи бўлганларга қарата: “...қипчоқбачча Нормуҳаммаднинг эл учун қилиб турған хизматини мен ўз умримдаги Тошканд беклари орасида биринчи мартаба кўраман. Буни сиз яхшилар ҳам инкор қила олмассиз. Бас, айб қипчоқда эмас, балки унинг манфаати шахсияси йўлида иш кўргучи бошлиқларида ва қипчоғлар ўйлағандек, гуноҳ қора чопонлиларда бўлмай, балки унинг уч-тўртта маънисиз бекларида!.. Буродарлар! Ўрус ўз ичимиздан чиқадирған фитна-фасодни кутиб, дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир. Шундай машҳар каби бир кунда биз чин ёвға берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсақ, ҳолимиз нима бўладир. Бу тўғрида фикр қилғучимиз борми? Кунимизнинг кофир қўлиға қолиши тўғрисида ҳам ўйлаймизми ёки бунга қарши ҳозирлиқ кўриб қўйғанмизми?! ...Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиған фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадир. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдир”, дея олади. Ҳожининг бу сўзлари унинг нечоғли узоқни кўрадиган, ҳақни ноҳақдан ажрата биладиган доно одамлигидан далолатдир.

Юсуфбек ҳожи — мамлакат, миллат миқёсида фикрлайдиган шахс. Шунинг учун ҳам унинг: “...ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб-ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳам­лар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолатда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ, яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширғучи – биз кўр ва ақлсиз оталарға худонинг лаънати, албатта, тушар, ўғлим! сўзлари юртнинг эртасини кўриб турган мутафаккирнинг юрак-юрагидан чиқаётган фарёд эди.

Романда Юсуфбек ҳожининг фақат фикр кишиси эмас, балки амал одами ҳам экани ишонарли кўрсатилган. Чунончи, Азизбекни йиқитиш, Мусулмонқулни ҳокимиятдан четлатиш борасидаги тадбирлари унинг етук сиёсатчи эканини англатади. Ҳожи табиатида халқимизга хос энг эзгу маънавий сифатлар мужассам­лашган. Асардаги “Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға тегизиб олған ўз қўлини ўпди тасвири Юсуфбек ҳожида ўзбек миллатига мансуб бўлган ажойиб ахлоқий фазилатлар қанчалик жамулжам бўлганини англатади. Кўпни кўрган одам, донишманд ота сифатида ҳожи ҳар бир шахс ўзига муносиб иш билан шуғулланиши керак, деб ҳисоблайди. У ҳақли равишда, одам ўлдириш, ёмонларни бевосита жазолашни жўн одамлар қиладиган иш деб билади. Шу боис, Отабекнинг Марғилондаги жасоратини маъқулламайди. Ўғлининг тафаккур кишиси, ўй одамига муносиб тадбир кўришини маъқул топади.

Адиб асардаги ҳар бир персонажни муайян миназ, табиат эгаси сифатида кўрсатади. Шу сабабли Юсуфбек ҳожи Мирзакарим қутидорга, Ҳасанали Зиё шоҳичига, Ўзбек ойим Офтоб ойимга салгина бўлсин ўхшамайди. Ёки Содиқ ва Мутални бир-бири билан адаштириб бўладими? Ёзувчи уларнинг ҳар бири ўзича бир олам эканини буюк бир санъаткорлик билан кўрсатган. Астойдил ўйлаб кўрилса, Отабекнинг онаси бўлмиш думбул табиатли аёлнинг Ўзбек ойим деб аталиши шунчаки тасодиф эмаслиги маълум бўлади. Романдаги: “Уч йиллик кина ва адоват ўрнига ниҳоятда олий марҳамат ва меҳрибончилиқ келиб ўлтурган эди. Уч йиллик эмас, уч дақиқалик ўзгаришдан Ўзбек ойимнинг юзи қизармас ва қизаришни ҳам билмас... эди тасвирида Ўзбек ойимнинг табиати намоён бўлади.

Қодирий персонажларни тавсифлаш ўрнига ҳаракатда, фаолиятда кўрсатиш орқали уларнинг шахсиятига хос муҳим жиҳатларни бўрттириб тасвирлайди. Жумладан, романдаги “Ҳожи уларнинг олдиға ...чиқғач, Офтоб ойим салом бериб рўймоли билан томоғ остларини ўраб олди” тасвирига таяниб, Кумушнинг онаси табиатига хос хусусиятлар ҳақида анча мулоҳаза юритиш мумкин. Шу қисқагина тасвирда ўзбек аёли ва унинг эркаклар билан муносабат йўсини доҳиёна акс этган.

Ёзувчи асарининг кўп ўринларида халқ қиёфасини юксак санъаткорлик билан тасвирлайди: “Сипоҳлар Қўқонға қараб ҳаракат қилар экан, Қўқон дарбозасига тўлған халқ Азизбекнинг от оёқлари остида судралиб кетишига ҳазарланиб томоша қилар эди”. Адиб асарнинг бир неча ўрнида ўзига томошачиликни касб қилиб олган, сохта билан аслнинг, ҳақ билан ноҳақнинг фарқига бормай, дуч келган қаллобга эргашиб кетаверадиган омманинг қиёфасизлигини ўта маҳорат билан кўрсатган. Қодирий халқ ўзи юриши лозим бўлган тўғри йўлни белгилаш даражасига кўтарилмас, яъни ўз тарихининг чинакам яратувчисига айланмас экан, унинг қисмати қуллик эканини туркистонликларнинг аянч қисмати мисолида бутун даҳшати билан кўрсатиб беради.

“Ўткан кунлар” романи бадиий маъносининг теранлиги ва ифода жозибасининг қудрати билан ҳанузга қадар миллий адабиётимизда тенгсиз ҳодиса бўлиб турибди. Ўзбекни билмоқчи, уни тушунмоқчи, унга яқинлашмоқчи бўлган ҳар бир киши бу романни ўқимоғи керак бўлади. Ҳар бир ўзбек ўзини таниши, умрини шараф билан яшаб ўтиши учун ҳам “Ўткан кунлар”ни ғоят синчиклаб ўқиб-ўрганиши лозим.

Қозоқбой ЙЎЛДОШ,

филология фанлари доктори, профессор