Жуда тез суръатда ўзгараётган, турли зиддият ва қарама-қаршиликлар билан тўлиб тошган асримизни мутахассислар оммавий ахборотлашув асри ёхуд глобаллашув асри деб атамоқда.

Мамлакатимизда ахборот соҳасида ягона давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, телекоммуникация, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги назорат тизимини янада такомиллаштириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Шунга қарамасдан, интернет оламидаги ахборот хуружларининг олдини олиш, батамом хавфсизликни таъминлаш имконияти чегараланган.

Бунинг бир қанча сабаблари бор. энг аввало, демократик қадриятлар нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш инсоннинг ахборот олиш ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шартидир. Шунингдек, глобаллашув жараёни дунё миқ ёсида инсоният ҳаётига тобора тез ва шиддат билан чуқур кириб келаётганини ҳисобга олсак, бугунги кунда ҳар қайси давлатнинг тараққиёти ва фаровонлиги нафақат уни қуршаб турган давлатлар, балки дунё мамлакатлари билан чамбарчас боғлиқ. Бирор мамлакат бу жараёндан четда туриши ижобий натижаларга олиб келмаслиги ҳам кундек равшан.

Бу жараёндан четда қолиш ҳам, бутунлай берилиб кетиш ҳам хавфли. Шу боис, глобаллашув жараёнидан самарали фойдаланиш учун интеллект ва иммунитет кучли бўлиши зарур. Ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки мақсадда эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин.

Албатта, бу ўша фойдаланаётган миллат ва халқнинг интеллектига ва иммунитетига кўпроқ боғлиқ. Шунинг учун ҳам глобаллашув жараёнидан эзгулик мақсадида фойдалана олиш учун аҳоли, айниқса, ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш зарур. Глобал жараёнларнинг ўткир тиғидан бири бу мафкуравий таъсир ўтказишдир.

Зеро, глобаллашув таъсирида дунёнинг ҳамма нуқтасида ахборотлашган жамият тезлик билан шаклланмоқда. Бу дегани, ахборот дунёсида давлат чегаралари деган тушунча йўқолиб бормоқда. Жаҳон компъютер тармоғи давлат бошқарувини тубдан ўзгартирмоқда.

Ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, кундалик ҳаётимизга турли ахборотлар интернет орқали кириб келмоқда. Шунинг учун ҳам мавжуд ахборотларга ноқонуний кириш, улардан фойдаланиш ва ўзгартириш, йўқотишдан ҳимоя қилиш долзарб муаммо бўлиб қолаётир. Бугун дунёда ахборот уруши, аниқроқ қилиб айтганда, гибрид урушнинг камида 60 фоизи асосан интернет тармоғи орқали амалга оширилиб, шиддат билан авж олмоқда.

Мамлакатимизнинг янги тараққиёт босқичида давлатчилик асосларини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар кўлами ва миқёси билан аввал бошқарув тажрибасида бўлмаган улкан ва мураккаб вазифаларни амалга оширишга тўғри келаётир. Албатта, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ўзгаришлар оғир синовлардан, баъзида йўқотиш ва адашишлардан холи бўлмаётгани ҳам бор гап. Бу табиий жараён. Ҳеч бир давлатда, ҳеч бир даврда ислоҳотлар бир текис кечган эмас. Аммо давлатимизнинг катта ўзгаришлари бўсағасида халқни, айниқса, ёшларни йўлдан оғдириш, ўз мақсадлари йўлида фойдаланиш, улар онгига ғайримиллий қарашларни сингдиришга уриниш билан бирга ўз давлати ва маданиятига қарши кайфият уйғотишга қаратилган ҳаракатлар ижтимоий тармоқларда зимдан пайдо бўлаётгани ташвишли ҳолат. Бу ёшларнинг ўзаро муносабатларига, ижтимоий фаолият ва турмушига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, ижтимоий муаммоларни рўкач қилиш, таҳлилий, объектив талқинлардан йироқ маълумотларни тарқатиш, саёз, баъзида бўҳтон ва бемаъни эшиттиришлар, ҳаёсиз лавҳалар орқали ижтимоий тармоқдаги саҳифалар обуначиларини кўпайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда миллий қадриятларимизга зид ҳолатларнинг намоён бўлиши, аввало, давлат рамзларига ҳурматсизлик, давлат раҳбари фаолиятига оид турли уйдирма ва ёлғон хабарларнинг тарқатилишида намоён бўлмоқда. Аммо бу борада ҳуқуқий жавобгарлик масаласи ҳануз изчил тартибга солинган эмас.

Бундан ташқари, айрим блогерлар томонидан ҳукумат фаолиятига нохолис, бир томонлама ёндашувга асосланган, баъзида воқеа-ҳодисани тўлиқ текширмасдан туриб, оммага эълон қилинаётган материаллар ҳам жамоатчиликда давлат сиёсатини тушунмаслик, ишончсизлик, норозилик кайфиятини шакллантиришга қаратилмоқда.

Интернет, ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда оломон маданиятини тарғиб қилувчи, маиший бузуқ контентлар фаолияти кучайгани маълум. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ахборот коммуникацияларининг ривожланиши, интернетга уланиш имконини берувчи замонавий смартфон ва гажетларнинг оммалашуви ҳамда ёшлар орасида кенг тарқалиши, интернетдан фойдаланувчилар сонининг кескин ортиши натижасида ижтимоий фойдали контентлар қатори маиший бузуқ, энгил-элпи ҳаётни, оммавий маданиятни, гендер тенгликнинг миллий менталитетимизга зид жиҳатларини, порнография, зўравонлик элементларини тарғиб қилувчи контентлар ҳам кенг тарқаляпти.

Ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш натижасида ёшларда виртуал ҳаётга боғланиб қолиш, реал ҳаётдан, воқеликдан узоқлашиш, миллий қадриятларимизга зид ғояларга эргашиш ҳолати кузатилмоқда. энг ачинарлиси, ёшларнинг бебаҳо қуввати, қимматли вақти, соғлиғи ва маблағини бундай турдаги контентларда сарфлашидир. Президентимиз Ёшлар кунида Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида юртимиз ёшлари билан учрашувда ижтимоий тармоқларда шуҳрат қозониш учун номуносиб хатти-ҳаракат қилаётган ёшлар ҳақида тўхталиб, Яқинда ижтимоий тармоқларда кўрсатилган хунук воқеалар, яъни жойлардаги Алишер Навоий, Амир Темур, Мотамсаро она ҳайкаллари ёнида айрим тарбиясиз ёшлар томонидан содир этилган номаъқул ҳаракатлар мени ниҳоятда ранжитди.

Бу болаларнинг ота-онаси, бобо-момолари, ўқитувчи ва муаллимлари, қолаверса, маҳалла-кўй, ёшлар билан ишлайдиган масъул мутасаддилар қаерга қараяпти? Ватанимиз ёшларига мутлақо ярашмайдиган, барчамизга иснод келтирадиган бундай салбий кўринишларга жамиятимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги зарур, деди.

Давлатимизни ривожланиш ва юксалиш йўлида интилаётган оилага қиёсласак, унда оғир ва синовли кунлар ҳам бўлиши табиий. Шундай кунларда оилани меҳр-муҳаббат сақлайди, сабр-қаноат, имон-эътиқод ёруғ кунларга этаклайди. Янги Ўзбекистонимиз дунёга юз тутаётган бугунги кунда жон куйдириб, самимий тилаклар билан муаммоларни кўтариб чиқаётган шижоатли ва соғлом фикрли юртдошларимиз кўплиги кишини қувонтиради.

Бугун юртимизда оммавий ахборот воситалари учун йўллар очиқ, журналистлар ҳам дадил. Инсон ҳуқуқлари бузилиши, коррупсия ва давлат хизматчиларининг бепарволигини қаламга олиш, эфирга узатиш энди тақиқланган мавзу эмас. Ижтимоий тармоқ ва сайтларда соғлом танқид, соғлом таҳлил давр талабига айланган. Демак, жамиятда янгиланиш ва ижтимоий ўзгаришлар жараёни амалда. Ёшлар унинг ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда.

Фақат демократик ва миллий қадриятларга риоя қилган ҳолда, қонун устуворлигини ёдда сақлаб, мамлакат ва миллат келажагини ўйлаб йўл тутсак, албатта, олижаноб мақсадларимизга этамиз, халқимиз янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайди.