2017 йилдан бошланган ушбу анъана ўтган йил натижаларини холис баҳолаш, мамлакат тараққиётининг муҳим стратегик йўналишлари ҳамда келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб олишда самарали сиёсий механизм сифатида намоён бўлмоқда.
Мурожаатнома, аввало, давлат раҳбарининг халқ билан очиқ мулоқоти, жамият олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигининг амалий ифодасидир. Президентимиз Мурожаатномаларига хос муҳим жиҳат шундаки, унда ҳаётдаги муаммолар яширилмай, рўй-рост айтилмоқда, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда, молиявий манбалар ва масъул ижрочилар белгиланмоқда. Лўнда айтганда, ушбу Мурожаатномалар “давлат — халқ учун”, деган эзгу тамойилнинг ҳаётдаги яққол ифодаси бўлиб, барчамизни янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бирлаштирмоқда.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакат тараққиётининг 2026 йилга мўлжалланган устувор йўналишларини белгилаб бергани, халқимизнинг орзу-умид ва интилишларини ифода этгани билан алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Давлатимиз раҳбари 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номлашни таклиф этди ва ушбу ташаббус йиғилиш иштирокчилари, шунингдек, халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Бундай ном танланиши тасодифий эмас. Унинг замирида йиллар давомида тўпланган тажриба, пухта ўйланган сиёсат ва мустаҳкам ҳуқуқий асос мужассам. Мурожаатномада маҳалла тизимининг ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилгани ҳам бунинг яққол далилидир. Президентимизнинг “Маҳалла ва яхши қўшничилик ўзаро уйғун қадриятлардир. Улар жамиятда инсоний ва ижтимоий капитални янада бойитишга беқиёс ҳисса қўшади” деган сўзлари сўнгги йилларда маҳалла йўналишида амалга оширилган ислоҳотлар моҳиятини кўрсатади.
Маҳалла тизими янги Ўзбекистон ислоҳотларининг марказида турибди. Ҳаракатлар стратегиясидан бошлаб, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” каби механизмларнинг жорий этилгани маҳалладаги ижтимоий муаммоларни жойида ҳал қилиш имкониятини яратди. Маҳалла тизими ходимлари кунининг белгилангани, аввал “учлик”, кейин “бешлик”, бугун эса “еттилик” тизимининг йўлга қўйилгани мазкур ислоҳотларнинг узвий давомидир.
Бугун Ўзбекистон 38 миллиондан ортиқ одам яшайдиган улкан давлатдир. Ҳар йили аҳоли сони ўртача 2 фоиз ўсиб, 1 миллиондан зиёд ўғил-қизлар катта ҳаётга қадам қўймоқда. Бу рақамлар янги авлоднинг улкан бунёдкорлик салоҳиятини кўрсатади. Шу билан бирга, мураккаб глобал шароитда ёшларни ватанпарвар, фидойи ва масъулиятли инсонлар қилиб тарбиялаш, жамиятни бирлаштиришда маҳалланинг ўрни беқиёс. Ижтимоий сўровлар натижасида аҳолининг
90 фоиздан ортиғи ўзини маҳалла жамоасининг ажралмас аъзоси деб ҳисоблаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
“Бирлашган — ўзар, бирлашмаган — тўзар”, деган ҳикмат бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Тарихда халқимиз энг оғир синовларни маҳалла бирдамлиги орқали енгиб ўтган. Бугун ҳам турли фикр ва қарашлар мавжуд бўлиши табиий, аммо миллатни бирлаштирадиган улуғ ғоя битта — Ватан ва халқ манфаати. Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамият ҳам барқарор бўлади. Шу фалсафа асосида 2026 йил учун устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мурожаатномадаги олти муҳим устувор йўналишдан биринчиси маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилашга қаратилди. Юрт ободлиги маҳалладан бошланади. Йўл, сув, электр энергияси таъминоти, мактаб, боғча ва тиббиёт муассасалари — ислоҳотлар самараси, аввало, ана шу соҳалар орқали ҳис этилади. Шу боис, 2026 йилдан ҳар вилоятда 2-3 та туман танланиб, улардаги барча маҳаллада муаммолар комплекс ҳал қилинади. Бу тажриба Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан бошланди.
2026 йили инфратузилма лойиҳалари учун 20 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилиб, боғча, мактаб, поликлиника, йўл ва муҳандислик тармоқлари янгиланади. Депутатлар ваколатлари ва молиявий имкониятлари кенгайтирилиб, ҳар бир округда аниқ натижага эришиш мақсад қилинди. Туманлар бюджетининг мустаҳкамланиши эса маҳаллий ташаббусларни амалга оширишда янги имкониятлар очади.
Камбағалликни қисқартириш ҳам умуммиллий ҳаракатга айланди. “Маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳалари, микролойиҳалар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали юз минглаб иш ўринлари очилади. Натижада 2026 йили камбағаллик даражаси сезиларли қисқариб, минглаб оилалар фаровон ҳаёт сари қадам қўяди.
Йиғилишда бевосита Мурожаатномани тинглар эканман, шундай қатъий хулосага келдим: халқ — маҳалла — ватан тушунчалари Президентимиз амалий фаолиятининг асосий ғоясига, ҳаётий формуласига айланган. Бу ҳалқанинг асосида ватаннинг мўъжаз парчаси бўлган маҳаллада яшаётган юртдошларининг тақдирига қайғуриш, оддий инсонлар ҳаётини тезроқ яхшилаш, уларнинг эҳтиёжларини чуқур англаш, муносиб турмуш кечириши учун зарур шарт-шароит яратиш мақсади мужассам.
Бунинг тасдиғи сифатида Президентимизнинг Мурожаатномада билдирган қуйидаги фикрларини келтириш ўринли деб ўйлайман: “Фарғона водийсидан Оролбўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан тортиб Жиззах ва Сирдарёгача —
юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир фуқаромиз ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак...
Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради. Шу боис, маҳалла тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали биз мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш борасидаги ишларни давом эттирамиз”.
Зеро, маҳалла ривожланса, жамият юксалади. Миллий бирдамликнинг энг мустаҳкам қалъаси ҳам айнан шу ерда — маҳаллада қарор топади.
Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси,
сиёсий фанлар доктори, профессор