Эндиги мақсад ва режаларимиз аниқ. Бу йўлдаги барча стратегик мақсадларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида, ЎзЛиДеПнинг XI съездидаги нутқида, шунингдек, жойларда сайловчилар билан учрашувларида аниқ белгилаб берди.

Агар бу мақсадлар ва олдимизда турган катта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ўзгаришлар эпкинини онгли равишда тасаввур қилсак, кўз ўнгимизда фидойилик ва халқпарварлик билан амалга ошириладиган эврилишлар шукуҳи ўтиши тайин.

Шу ўринда Президентимиз съезддаги нутқида илгари сурган бешта стратегик мақсад яқин келажакдаги фаолиятимизда ҳал қилувчи ўрин тутишини бир зум бўлса-да, унутмаслигимиз керак.

Келинг, шу беш мақсадни яна бир бор эслайлик.

Биринчи мақсад — ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш, иккинчи мақсад — одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, учинчи мақсад — сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тўртинчи мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, бешинчи мақсад – янги Ўзбекистонни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш.

Бутун халқимиз учун шукуҳли бўлиб турган шу кунларда олижаноб мақсадларимизга эришиш йўлидаги бош омиллар кўз олдимиздан ўтади.

Азиз ватанимизни тинчликсевар давлатга айлантириш, халқимиз бугун ва эртага, узоқ келажакда ҳам хавфсиз, хотиржам яшаши учун шароит яратиш, биздан кейин авлодларимиз ҳам муносиб ҳаёт кечириши учун бугун мустаҳкам замин тайёрлаш борасида кўп ишлар қилинаётгани гувоҳи бўлиб турибмиз. Лекин бу бизни, ҳеч биримизни бефарқ тин олишга ундамаслиги керак.

Шу ўринда Президентимизнинг Сурхондарё вилоятида сайловчилар билан учрашувда айтган гапини эслайлик. Ўша учрашувда миллий армиямиз салоҳиятини ошириш, миллий ғоя ва мафкуравий тарбия масалалари ҳақида кўп яхши гаплар айтилди. Жумладан, “Кимки миллий ғоя, мафкура масаласида орқада қолса, ҳеч шубҳасиз, бошқа соҳаларда ҳам енгилади”, деди давлатимиз раҳбари.

Бунинг учун қандай йўл тутмоқ керак? Президентимиз бу борада ҳам аниқ таклифларни илгари сурди. Таниқли тарихчи ва шарқшунос олимлар, археолог ва файласуфлар, шоир ва адиблар, журналистлар иштирокида доимий ишловчи нуфузли комиссия ташкил қилиниши, бу комиссия 3 минг йилдан зиёд тарихни аниқ даврларга бўлиб, уларнинг барча жиҳатларини тарихий далиллар асосида объектив ва танқидий ўрганиш ишларини ташкил этиши, пировардида 2025 йилга қадар кўп жилдли “Ўзбекистон тарихи энциклопедияси” тайёрланиши айтиб ўтилди.

Бугун биз шу муҳим вазифанинг ажралмас бир қисми бўлган ҳарбий ватанпаварлик борасидаги айрим мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз.

Бу ҳақда гапиришдан олдин соҳада амалга оширилган энг муҳим ислоҳотлардан баъзиларини санаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўтган даврда қўшинларимиз энг замонавий авиация, қурол-яроғ, жанговар ва махсус техника билан таъминланди. Замонавий инфратузилмага эга ҳарбий қисм ва шаҳарчалар, полигон ва ўқув марказлари барпо этилди, уларнинг моддий-ўқув базаси тубдан янгиланди. Ҳарбийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими кучайтирилди.

Гап миллий ғоя ва мафкура масаласида борар экан, ҳеч шубҳасиз, ёшлар қалбида ҳарбий ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш зарурлигини ҳаётнинг ўзи олдимизга катта вазифа сифатида қўймоқда.

Биз нима учун мамлакатимизнинг хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ҳаракатидамиз? Чунки бугунги таҳликали замон, ўзгариб ва мураккаблашиб бораётган геосиёсий муҳит шуни тақозо қилади.

Хавфсиз ва тинчликсевар давлат яратиш, наздимизда, миллий тараққиётимизнинг ўта муҳим йўналишини, ҳаёт-мамот масаласини ташкил этади. Шу боис, Президентимиз Албатта, дунёда қарама-қаршилик, тўқнашувлар тобора кучайиб бораётган, эртага халқаро вазият қандай тус олишини олдиндан айтиб бўлмайдиган бугунги ғоят мураккаб замонда биз кўзлаган мақсадларга эришиш осон бўлмайди. Лекин биз ўтган даврда сизлар билан, халқимиз билан катта сафарбарлик руҳида ишлашни, аниқ натижаларга эришишни ўргандик. Илгари ўн йиллар керак бўлган йўлни қисқа муддатда босиб ўтдик. Етарлича билим ва тажриба орттирдик. Жаҳонда қанча дўст ва ҳамкорлар топдик. Дунё – бизга, биз дунёга очилдик”, дея бежиз айтмади.

Агар чуқур мулоҳаза юритмасангиз, бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлгандек туюлаверади. Гўёки шундай бўлиши керакдек. Аслида-чи?

Аслида бу ниҳоятда машаққатли йўл бўлди. Яқин-йироқ давлатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатилди, чегаралар очилди, ўзаро тенглик ва манфаатли руҳдаги дипломатик алоқалар тикланди ёки янгидан йўлга қўйилди. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган етти йилда халқимиз ислоҳотлар қудратига ишонди.

Мана шундай ислоҳотлардан бири – мудофаа қудратини таъминлаш билан боғлиқ янгиланишлар эди. Миллий сиёсий етакчимиз юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда Қуролли Кучларимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида барча поғонадаги профессионал ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини доимий равишда такомиллаштириб бориш нақадар муҳим аҳамиятга эгалигига алоҳида эътибор қаратди.

Туб ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Қуролли Кучлар академиясини етакчи ҳарбий илм-фан соҳаси локомотивига айлантириш ҳамда амалиётга узвий боғлаган ҳолда тизимли ривожлантириш ва илмий салоҳияти натижадорлигини ошириш чоралари кўрилди. Бу, ўз навбатида, сифатли академик таълим асосида олий малакавий ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада юксалтириш, янги Ўзбекистоннинг жаҳондаги ҳарбий имижини мустаҳкамлаш учун замин яратишга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, эришган ютуқларимизни янада мустаҳкамлаб, белгиланган энг муҳим ва устувор вазифаларни сидқидилдан бажаришга киришдик. Бунда ўқув ва илмий ишларни, тингловчи ва курсантларнинг билим даражасини ривожлантириш, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди каби ота-боболаримиз ҳарбий меросини ўрганиш ҳамда уларнинг жасоратини ёшлар онгига доимий равишда сингдириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дунёда ва минтақамизда вужудга келаётган бугунги мураккаб ва таҳликали вазиятда ўз ҳаётини ватан ҳимоясидек шарафли ишга бағишлаган, халқимиз фахрига айланган жасур ҳарбийларимизнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтириш долзарб вазифамиздир.

Президентимиз сайловолди учрашувларида таъкидлаганидек, бундан кейин ҳам ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, моддий таъминотини янада яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш, фарзандлари замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилади.

Шу ўринда Президентимизнинг бир эзгу ниятини келтириб ўтамиз: “Мен олижаноб, буюк халқимиз билан бирга юртимизда эркин ва фаровон, инсон қадри баланд бўлган янги давлат, янги жамиятни барпо этишга қаттиқ бел боғлаганман. Бу буюк масъулиятли вазифани адо этиш йўлида ўзимнинг бор куч-ғайратим, билим ва тажрибамни, керак бўлса, бутун борлиғимни беришга тайёрман. Эл-юртимизга фарзандлик садоқати билан хизмат қилишдек буюк эътиқод доимо ҳаётимнинг маъно-мазмуни бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади”.

Янги жамиятни қуриш ва унга янгича руҳ бағишлаш узоқ вақт талаб қилиши тайин. Лекин ўтган етти йил мобайнида дадил ва ортга қайтмас ислоҳотлар амалга оширилдики, пировардида одамлар онги ҳам, шунга ҳамоҳанг жамиятдаги кайфият ҳам кўтаринкилик касб этди.

Тўғри, ҳозир уларнинг кўпини эсламаймиз. Аслида бир қарашда арзимас бўлиб кўринган ўзгаришлар замирида бутун бошли мафкуравий руҳ турган бўлиши ҳам бизга яхши маълум. Шулардан бири – Темурбеклар мактаблари.

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо бир суҳбатда халқ орасида “Суворовчилар мактаби” деб танилган ҳарбий ўқув юртларини эслаган эди: “Фарғонада ўқиб юрган кезларда “Суворов” деб номланган ўқув маскани биноси олдидан ўтишга юрагимиз безилларди. У ердан доим қандайдир бир рутубат, тушкун кайфият, салбий тўлқин таралиб тургандек туюларди. Ичкаридан ҳар хил бақир-чақирлар, дўқ-пўписалар, русча буйруқлар эшитилиб турарди. Бу ерда ўқиётган қиёфаси хомуш, баъзан юз-кўзи кўкарган болаларни кўрганимизда юрагимиз янада орқага тортиб кетарди. Тўғрисини айтганда, тасаввуримизда ушбу мактаб худди жазо колониясига ўхшаш жой эди. Кимки фарзанди тарбиясини эплолмайдиган бўлса, фарзанди ёмон йўлларга кириб кетган бўлса, бу жойга бериб қутуларди. Шунинг учун уларнинг аксарияти боласидан хабар ҳам олмасди. Бу жойдан бола жамиятга “бир бало” бўлиб етишиб чиқарди.

Хуллас, орадан йиллар ўтиб, ушбу ҳарбий академик лицейга борганимда бутунлай бошқача ёруғ манзарани кўрдим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташрифидан сўнг бу маскандаги шарт-шароитлар мутлақо ўзгарган. Нафақат бинолар кўриниши, балки ўқитувчиларнинг қарашлари ҳам, юришлари ҳам буткул янги мазмун ва шакл касб этган. Уларнинг бола тарбиясига ёндашувлари, дарс услублари ўзгарган”.

Президентимиз 2017 йилда катта бир йиғилишда дунёни таълим, билим ва илм-фан бошқаришини қатъий таъкидлар экан, айниқса, ҳарбий таълим – унинг оқсашларини, хусусан, “Суворов” деб юритиб келинган ҳарбий мактабларда миллий руҳнинг йўқлиги, давр талабларидан ортда қолиш намоён бўлаётганини танқид қилганди. Албатта, бу аччиқ ҳақиқат эди. Буни кўпчилигимиз билсак-да, уни ўзгартиришга қурбимиз етмасди. Имконсиз, нажотсиз эдик.

Давлатимиз раҳбари ғояси ва ташаббуси билан барча вилоятларда ҳарбий таълим маскани Темурбеклар мактаби деб аталди. Аҳамиятлиси, бу ўқув даргоҳларининг фақат номи ўзгармади, балки улардаги муҳит, шарт-шароитлар бутунлай янги мазмун, янги қиёфа касб этди.

Мана, кўряпсизми, жамиятнинг янги қиёфаси қандай шаклланади. Бугун Темурбеклар мактабларини тамомлаган ёшлар ҳақиқий ватан ҳимоячиси, халқ ҳимоячиси бўлиб чиқаётгани ҳам бор гап.

Яқинда Термиз шаҳрида жойлашган, чегара қўшинлари тасарруфидаги ҳарбий академик лицейда бўлганимизда, ана шу фикрлар хаёлимиздан ўтди. Бу ерда таҳсил олаётган азаматлар учун яратилган шароитларни кўриб, қувончдан тўлқинланиб кетдик. Ўқув аудиториялари, ўқувчиларнинг ётоқ жойи, овқатланадиган, дам оладиган хоналар, кутубхона – барча-барчаси замонавий қулайликларга эга. Ёшларнинг таълим-тарбияси, китобхонлиги, ҳордиқ чиқариши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, ҳатто истеъмол қилаётган озиқ-овқат қуввати қатъий назоратга олинган. Лицейдаги дарс жараёнлари бугунги кун талабларига жавоб берувчи ўқув қўлланмалар, “Темур тузуклари” бўйича ўтилаётган курслар, бу ерга жалб этилган олимлар – буларнинг ҳаммаси Амир Темур бобомизнинг бугунги авлодларини тарбиялашда ўрнак оларли эди.

Ёки яна бир мисол. Ўтган йили ҳарбий қисмларда илк бор “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақалари бўлиб ўтди. Қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, ҳарбий анъаналарни янада мустаҳкамлаш, буюк аждодларимизга муносиб мард ва жасур, билимли ва жисмонан бақувват ватан ҳимоячиларини тарбиялашда ушбу мусобақалар беқиёс аҳамиятга эга.

Айни вақтда азми қатъий, шижоатли аскарларимиз халқаро майдонларда ўтказилаётган кўплаб нуфузли ҳарбий мусобақаларда ҳам фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ҳарбийлари Халқаро армия ўйинлари, “Кембрия патрули” ва бошқа йирик ҳарбий-спорт мусобақаларида бир неча йиллардан буён салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани барчамизни қувонтиради.

Ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича тизимли ишларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ўтган йили мамлакатимиз бўйлаб “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракатини ташкил этганимиз ҳамда барча умумтаълим мактабларида мазкур ҳаракатнинг 20 мингдан зиёд ўқувчи ёшни қамраб олган гуруҳлари тузилгани фарзандларимиз қалбида ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаш лозим.

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, энди сўзлари ўзбекча бўлса-да, моҳияти билан эскича қолган, аскар қалбида ҳеч қандай маънавий-руҳий туйғу уйғотмайдиган “Ҳарбий қасамёд” ўзгартирилиб, халқ тилига, дилига яқин, қабул қилувчини тўлқинлантириб, руҳиятини кўтарувчи “Ватанга қасамёд” матни яратилади. Давлатимиз раҳбари айтдики, мураккаб халқаро вазият, хавфсизликка нисбатан хавф-хатар ва таҳдидлар кучайган ҳозирги шароитда биз Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, унинг сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашимиз шарт. Бу бизнинг тарих ва келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиз ва мажбуриятимиздир.

Мамлакатимизнинг ҳарбий доктринаси мудофаага асосланган. Демак, юртимизни, эркинлигимизни мудофаа қилишга асосланган ҳарбий қудратга, ҳарбий кучга, ҳарбий тузилмага эгамиз. Бугун жаҳонда ўз Қуролли Кучларини ҳар томонлама таъминлаш, тараққий эттириш, жанг санъати, умуман, ҳарбий тарих борасида Ўзбекистон энг сара давлатлар қаторида туради.

Шу ўринда “Эл-юртимиз тақдири – менинг тақдирим, Ватанимнинг келажаги – менинг келажагим”, деган эзгу тамойилни ҳар биримиз қалбимизга сингдириб олишимиз керак бўлади. Бу жуда муҳим. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди”.

Яна бир муҳим масала — ҳарбий сафарбарлик. Амир Темур даврида ўз қўшини — лашкарлари, сипоҳийларини асосий армияга жалб қилиб, тўлдириб бориш учун забт этилган туман, шаҳар ва вилоятлардан улар ўз ихтиёрлари билан ота-оналари рози бўлиши эвазига аскарликка олинган. Бугун ҳам ҳарбий хизматга имтиёз учун эмас, балки ватан олдидаги муқаддас йигитлик бурчи деб билганлар сафи тобора кенгаймоқда.

“Бугунги таҳликали замонда яшаш, ташқи сиёсатни ҳам, ички сиёсатни ҳам барқарор қилиб, жонажон Ватанимиз манфаатини таъминлаш, халқимизни рози қилиш осон эмас. Бунинг учун ҳар куни изланиб, бор имкониятларни тўлиқ ишга солиш керак”. Давлатимиз раҳбарининг бу фикри айни муддаодир. Шу боис, янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари – юртимиз мустақиллиги ва хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлигини сўзсиз таъминлаш – энг муҳим муқаддас бурч.

Албатта, келгуси етти йилликда ҳам Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ташаббуслари халқаро майдонда фаол илгари сурилади. Энг аввало, қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини жадал ривожлантирамиз. Ёш авлодни ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ғояси атрофида бирлаштириш бўйича самарали иш олиб боришимиз зарур.

Бу борада Президентимиз таъкидлаганидек, Қуролли Кучларимизнинг қудрати, мудофаа қобилиятимиз ва ҳарбий салоҳиятимизни янада ошириш мақсадида миллий армиямиз 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланади. Қўшинларнинг жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида бошланган ишларимизни жадаллаштирамиз. Шу муносабат билан ҳарбий-жанговар қудрат ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур.

Бир сўз билан айтганда, миллий ғоя, мафкура масаласида орқада қолмаслик ва бошқа соҳаларда ҳам енгилмаслик йўли сифатида бугун ёшларимиз қалбида ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини янада жўштиришимиз керак. Бу йўлда эса, шак-шубҳасиз, Президентимизнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни биргаликда ва ҳамжиҳатликда бажариш ғоят муҳим ўрин тутади.

Карим НОРМАТОВ,

тарих фанлари доктори