“Давлат тили ҳақидаги”ги қонуннинг такомиллаштирилиши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос  бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратяпти. Бу борадаги қонунчиликнинг мустаҳкамланиши давлат тилининг мамлакатимизда тўлақонли амал қилинишини таъминлаш билан бирга, уни чуқур ўрганиш ва ҳаётнинг барча жабҳаларида татбиқ этиш заруратини кун тартибига қўймоқда.

Қиёсий таҳлил қилинганда, ўзбек тили дунёдаги гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимизга хос маданиятнинг узвий қисмидир.

Тарбиянинг мана шу нозик жиҳатларини ҳисобга олиб, бугун мактабгача таълим тизимида болажонларга она тилига меҳр-муҳаббат туйғуларини сингдириш мақсадида турли қадрият ва анъаналаримиз акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилмоқда. Шу билан бирга, мактабгача таълим ташкилотлари номланишидан тортиб, расмий иш ҳужжатларигача давлат тили қоидаларига қатъий амал қилиниши таъминланмоқда.

Жумладан, шу йил 1 августдан бошлаб мактабгача таълим тизимидаги барча ташкилотларда иш ҳужжатлари лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбосида юритилиши йўлга қўйилди.

Мактабгача таълим вазирининг тегишли буйруғига асосан, Тошкент шаҳри мактабгача таълим бош бошқармаси ишчи гуруҳи ташкил қилиниб, барча турдаги мактабгача таълим ташкилотларида давлат тили тўғрисидаги талабларга риоя этилиши, пешлавҳа, эълон тахталари, баннерларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида бўлиши ҳолати ўрганилди.

Ўрганишда аниқланган камчиликлар юзасидан тавсиялар берилди. Мактабгача таълим ташкилотларида кузатув кенгашлари билан ҳамкорликда 18 минг 976 та пешлавҳа, эълон тахтаси ва баннер лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида расмийлаштирилди.

Боғчалар номланишида она тилимиздаги соҳага мос сўзлардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, жорий йилда бир нечта янги мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиб, уларга “Билимлар олами”, “Болалик академияси”, “Зукко болалар” каби ўзбекона номлар берилди. Келгусида Тошкент шаҳридаги 473 та мактабгача таълим ташкилотининг номи қайта кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Бош бошқарма тасарруфидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида “Маънавият бурчаклари”, “Ватанпарварлик бурчаклари” лотин графикасига асосланган ўзбек тилида ташкил этилган. Бу саъй-ҳаракатлар болажонларнинг келгусида ватанпарвар, давлат тилига ҳурмати баланд инсонлар бўлиб етишишида пойдевор вазифасини ўтайди, деб умид қиламиз.