Мамлакатимизнинг тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликларнинг, ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши кураш, уларга чек қўйиш, содир этилганларини фош этиш, жамоат тартибини сақлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида тизимли ва самарали чора-тадбирлари амалга оширилишида сезилаётган камчиликлар, тизимли ишларнинг сустлиги, бу борада ишларнинг самарали ташкил этиш мақсадида яна бир орган — Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташкил этилган бўлиб, унинг ҳуқуқий асоси, яъни “Ўзбекистон Республикасининг Миллий гвардияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Ушбу органнинг ташкил этилишига эҳтиёж сезилди ва 2017 йилда ташкил этилди, бироқ фаолиятини тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий асос мавжуд эмасди.

Шу ўринда Миллий гвардия органлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Миллий гвардия (фр. Garde Nationale, ингл. National Guard), миллий посбонлар (итал. guardia – посбон) – турли мамлакатларда ва тарихий даврларда ҳар хил қуролли ташкилотларнинг номи бўлган. Дастлабки орган Франция ва АҚШда 1830-1872 йилларда ташкил этилган, 1940 йилларда Швеция Миллий гвардияси ва Россия Миллий гвардияси қўшинлари фаолият юрита бошлаган.

Мамлакатимизда Миллий гвардия органлари ташкил этилганлигининг яна бир долзарблигини бутун дунё ва республика бўйлаб эълон қилинган коронавирус пандемияси шароитидаги кўрсатган жонбозлиги ва соҳа ходимларининг тун-у кун тиним билмай қилган меҳнатларида яққол намоён бўлди ва бунинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Қонуннинг қабул қилиниши билан Миллий гвардиянинг фаолиятини ҳуқуқий тартибга солинди ва унда органнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда асосий вазифалари белгилаб берилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Миллий гвардияси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган махсус тури эканлиги ўрнатилди. Шунингдек, Миллий гвардиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;

терроризмга қарши курашишда, шунингдек террорчилик ҳаракатларининг ҳамда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш;

терговга қадар текширувни амалга ошириш, суриштирув ўтказиш, жиноят ишларини қўзғатиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш;

давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ҳамда бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш;

қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш;

жамоат тартибини сақлаш, шу жумладан оммавий тадбирлар, митинглар, йиғилишлар, намойишлар ўтказилаётганда ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш;

фавқулодда ҳолат, алоҳида давр ва террорчиликка қарши операцияларни ўтказиш шароитларида ҳуқуқий режимни таъминлаш;

қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш;

чет давлатларнинг расмий вакилларини, олий даражадаги хорижий делегацияларни кутиб олишда ва кузатиб қўйишда, Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокидаги тантанали тадбирлар чоғида расмий маросимларни ўтказиш;

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида аҳоли пунктларидаги жамоат жойларида патруллик қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий мудофааси тизимида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини жанговар қўллаш режалари бўйича махсус вазифаларни ҳал этиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишда кўмаклашиш.

Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан фарқли равишда Миллий гвардиянинг бошқарув органи Миллий гвардиянинг марказий девони этиб номланди.

Қонунда Миллий гвардиянинг фаолиятини ташкил этишда Миллий гвардия бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсуниши ва унга ҳисобдорлиги, унга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Миллий гвардия қўмондони раҳбарлик қилиши, қўмондон эса мақомига кўра вазирга тенглаштирилиши қайд этилди.

Шу билан бирга, мазкур қонун билан Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари этиб қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, ягоналик, мустақилликдан иборатлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талаблари, шу жумладан қонунга риоя этиш, ҳужжатларни, текширув материалларини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, мутахассис ажратиш, Миллий гвардияга келиш ҳамда аниқланган қонунбузарликлар хусусида тушунтиришлар бериш тўғрисидаги, қоидабузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийлиги ўрнатилди ҳамда Миллий гвардиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларининг) ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш каби нормалар мустаҳкамланди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Улар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

Эслатиб ўтиш лозимки, ушбу Қонун олти ойдан кейин, яъни 2021 йил 20 майдан эътиборан кучга киради.

Буларнинг бари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган сифатида Миллий гвардия органлари ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларининг) ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва ҳаётдаги мавқеини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Алижон Бинакулов,

Тошкент давлат юридик университетининг

Ихтисослаштирилган филиали

Жиноят-ҳуқуқий фанлар кафедраси ўқитувчиси