“Миллий илмий портал” Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан йўлга қўйилган бўлиб, Ўзбекистонда илк бора мамлакатнинг илмий салоҳиятига оид барча маълумотларни ўз ичига олган. Мазкур портал илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида молиялаштирилган бўлиб, мамлакатимизда фаолият юритаётган олимлар, тадқиқотчилар, шунингдек, кенг жамоатчилик вакилларини илм-фан соҳасига бирлаштириш мақсадида йўлга қўйилди.

“Миллий илмий портал”да олимлар учун алоҳида модул йўлга қўйилган бўлиб, унда лойиҳалар танлови, олимлар учун (докторантура, ноширлик фаолияти, илмий стажировкалар, халқаро грантлар, дастурлар), дайжест ва таҳлилий маълумотномалар берилган. Шунингдек, порталда 450 га яқин маҳаллий ва хорижий конференция, 15га яқин халқаро ташкилот ва молия институтлари, хорижий ташкилотлар билан тузилган меморандумлар, 3000 дан ортиқ миллий илмий-техник ахборот ресурслари модулидаги диссертациялар реестри, 174 га яқин интеллекуал мулк объекти бюллетенлари базаси ҳамда илмий ишланмалар ва инновацион ғояларни тижоратлаштириш модулида 143 та самарадор лойиҳа тўғрисидаги маълумотлар базасини ўз ичига олади.

Порталда интерактив харита кўринишида Ўзбекистон Республикаси Илмий ва инновацион инфратузилмаси навигаторига 62 та соҳа ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар базалари жойлаштирилган.

Йўлга қўйилган порталда Ўзбекистон ва жаҳонда илм-фан йўналишида бўлаётган янгиликлар эълон қилинибгина қолмай, республика бўйлаб ташкил этилаётган анжуманлар тўғрисида ҳам бериб борилади.

Мазкур портал https://nsp.gov.uz/ домени остида йўлга қўйилган бўлиб, илмий муассасалар ўз фаолияти давомида фойдаланиши мумкин. Платформа ҳар бир таълим муассасаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олибгина қолмай, улар тасарруфидаги ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилган.

Азиза АСЛАНОВА,

Илмий-техник ахборот маркази мутахассиси