Турли манбалардан олинган тасвирли лавҳалар, постлар, иқтибослар, “Фейсбук” ва “Инстаграм”даги чиқишларга берилган ҳаволалар ўзига оханрабодек тортиб олади. Улар орасида эса “мазалиси”дан бемазаси кўп.
Яқинда ана шундай “сайру саёҳат” давомида қандайдир модалар намойишидан кесиб олинган бир лавҳага кўзим тушди. Тепа сочимни тикка қилган бу манзарани кўрмаганим яхши эди. Агар ички маданиятим монелик қилмаганида, агар қоғоз кўтарганида “таассуротларим”ни болахонадор қилиб ифо-далаган бўлармидим? Афсуски ва яхшиям ундай эмас...
Хуллас денг, қайсидир хорижий давлат (катта эҳтимол билан Европа)даги мода бизнеси билан шуғулланувчи бир компания жорий йил баҳор-ёз ойларида русум бўлиши кутилаётган либосларни намойиш қилди. Ёш йигит-қизлар асосан очиқ-сочиқ услубда тикилган “замонавий” дизайндаги турли кийимларни кўз-кўз қилиб, у ёқдан бу ёққа юряпти. Энди бетим қизариб, кўришни тўхтатмоқчи ҳам эдимки, бир пайт икки қарич атлас бўлагини баданининг у ер-бу ерига ёпиштириб олган бир қиз чиқиб келди. Орти-дан яна бир нечаси атласу адрасларимиздан тикилган унданам баттар “либос”ларда кўриниш берди.
Интернет тармоғида “алгоритм” деган тушунча бор. Бирор лавҳа, матн, рекламани кўпроқ томоша қилиб қолсангиз, бир оз вақт ўтгач, сиз истамасангиз ҳам шу йўналишдаги бошқа ҳаволалар тақдим қилинаверади, тасмадан чиқиб келаверади. Бундай мазмундаги, яъни атлас, адрас, шойи, сўзана, дўппи каби миллий либосларимиз “иштирок этган” бемаза намойишлар кўп экан ва интернет алгоритми энди менга уларни бирин-кетин тақдим қила бошлади.
Энг даҳшатлиси, бир пайт ўзимизнинг юртимизда, қоракўз йигит-қизларимиз иштирокида бўлиб ўтган (ўтаётган) шу қабилидаги модалар намойиши ҳақида лавҳа ҳам айланиб қолди. Бир қур назар ташлашга одам уяладиган, миллий матоларимиздан тикилган уст-бошларни кийим десак, кўзимиз ҳам, тилимиз ҳам хафа бўлади. Яна айримлари бошига ўзбек дўппиларини қўндириб олган. Бу нимаси энди? Қачондан миллий либосларимиз мода олами корчалонлари учун шармсизликни тарғиб қилувчи воситага айланди? Ахир бу либослар миллатимиз ори, номуси, ибо ва ҳаёси рамзи эмасмиди?
Ташаббуслар эсдан чиқмадими?
Бирмунча вақт аввал Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази каби ташкилотлар хайрли йўналишда қатор ташаббусларни илгари сурган эди. Миллийликни тарғиб қилиш, давлат идораларида миллий кийимда юриш, миллий либослар челленжи ўтказиш назарда тутилган, қадриятларни асраш, уларни кенг тарғиб қилиш ҳамда авлодлар ўртасидаги боғланишни мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатлар муайян муддат гуркиради. Жуда кўплаб юртдошларимиз миллий либосларда қатнашиб, миллийликка эҳтиромини ифода этди. Шундоқ ҳам гўзал ўзбек аёллари миллий либосларга бурканиб, дўппиларни қўндириб, янада мафтункор эканини намойиш қилди.
Бу ишларда эркаклар ҳам қатордан қолмади. Аслида, эркаклар либосининг асосини белга қийиқча (кичикроқ рўмол) билан боғланадиган чопон-тўн ташкил этади. Анъанавий бош кийим сифатида дўппи кийилса, танага асосан пахтали матодан кўйлак-шимлар танланади. Оёқ кийим учун махси ва чармдан тикилган этиклардан фойдаланилади. Лекин юқоридаги челленжда йигитларимиз фақат дўппи кийиш билан чекланди. Шунисига ҳам хурсанд бўлдик.
Айниқса, пойтахт ҳокими қарори билан Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилгани, шу мақсадга қаратилган “Миллий Тошкент” лойиҳаси асосида амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқлангани кўпчиликнинг олқишига сабаб бўлди.
“Миллий либослар ва миллийликни оммалаштиришга оид тарғибот материалларини ишлаб чиқиш, корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни ташкил этиш, оммавий тадбирлар даврида миллий либослар ва миллийликнинг мавқеи мустаҳкамланишини таъминлаш, миллий либослар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш” каби йўналишлар ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари сифатида қайд этилди. Бу бўйича Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар, туман ҳокимликларига тегишли вазифалар юкланди.
Натижада шаҳар миқёсида ўтказиладиган барча оммавий тадбирлар (байрамлар, фестиваллар, кўргазмалар, спорт мусобақалари, концертлар ва бошқалар) миллий услубда безатилишини ҳамда иштирокчиларнинг миллий либосларда бўлишини таъминлаш ва бошқа кўплаб вазифалар белгиланди.
Шунингдек, оммавий тадбирларда энг яхши миллий либослар намойиши, миллий ўйинлар, миллий рақс ва қўшиқлар танловлари ўтказилиб, ғолибларга совғалар ҳамда дипломлар бериб борилиши назарда тутилди.
Юқоридаги ташаббус шиддат билан бошланган эди. Назаримизда, орадан 5-6 ой фурсат ўтиб, бугун унинг чўғи бир оз пасайгандек. “Қайга бормай бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб”, дея фахр қилган Эркин Воҳидов, миллий кийимдаги қизларимиз олдида осмондаги ой ҳам хижолат эканини исботлаб кетган Муҳаммад Юсуфнинг ўтли сатрлари, халқимизнинг севимли санъаткори Неъматжон Қулабдуллаев “кўзи яшнаб” Муҳайё, Сурайё, Раъно, Муқаддаслар кийган атлас шарафига куйлаган дилтортар қўшиқлар мавзусига бугун яна мурожаат қилмай қўйгандекмиз...
Мавзуга қайтиб...
“Янги Ўзбекистон” газетасида (жорий йил 30 март, 65-сон) иқтидорли ёш ҳамкасбимиз Азизбек Юсуповнинг “Дўппи кийсам... ёхуд миллийлигимиз намунаси бугун мазах объектига айланиб қолмаяптими?” мақоласи эълон қилинган эди. Унда муаллиф куйинчаклик билан миллий бош кийим — дўппининг бугунга келиб одамлар онгида беўхшов буюмга айланиб қолгани, уни кийган одам дидсизликда айбланиб, дўппили одам керагидан ортиқ тўпори киши деган тасаввур шакллангани ва шу каби оғриқли масалалар сабаблари таҳлилини келтиради.
Ўша мақоладан кейин ўзим ҳам бу масалага бошқача нигоҳ билан қарай бошладим. Дарҳақиқат, давлат ва хусусий телеканалларда тинмай эфирга узатилаётган замонавий хонандалар ижросидаги қўшиқларга ишланган клиплар, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган тутуриқсиз ва тошбосмас мем, вайн, видеолавҳалардаги меровроқ, довдирроқ, алмойи-алжойи гаплари билан бачканалик қилаётган аксарият қаҳрамонлар дўппида ёки тўн кийиб олган ҳолатда тақдим қилинмоқда. Бошқа “ақлли, бойвучча, тадбиркор” персонажлар эса оддий, замонавий кийимда. Мақсад нима? Мато тўқийдиган ҳунармандлар, дўппидўзлар, тўн тикувчилар санъати азалдан юксак қадрланган, эъзозланган, улар жамиятда муайян мавқега эга бўлган. Нима учун уларнинг меҳнат маҳсулидан “саноаткорлар” тескари мақсадларда фойдаланяпти? Нега айнан фақат томошабин кулиши, аниқроғи, мазахлаши учун киритилган образларга миллий либослар кийдириш урфга кириб кетди?
Президентимизнинг жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан мулоқотида улар учун имкониятларни янада кенгайтириш чора- тадбирлари муҳокама қилинди. Мулоқотда томошабин учун фойдали, тарихимиз ва ке-лажагимиз, қадриятларимиз хусусида янги авлод учун манфаатли бўладиган медиамаҳсулотлар тайёрлашда жонбозлик кўрсатадиган ёшларга имкониятлар бериш кераклиги таъкидланди. Майли, ёшлар ёшлик қилаётгандир, биз катталар-чи, бу ҳолга қачонгача жим қараб туришимиз мумкин?
Айбдор ким?
Шу ўринда ўйланиб қолдим: балки миллий мато ва либосларимизга хориж подиумларида бизнинг асабга тегаётган муносабатга ўзимиз сабабчидирмиз. Аввал ўз юртимизда, ўз миллатдошларимиз орасида мерос бўлиб келаётган боқий қадриятларни муносиб ҳимоя қила олсак, ўшанда чет элларда ҳам унинг мавқеи ошади. Қачонки миллий кийимлар ҳар бир халқнинг маданий қиёфаси, миллий ўзлигининг ифодаси эканини, шонли тарихи унинг матоларида, ранг ва нақшларида намоён бўлишини англасак, сўнг бошқа-ларга ҳам англатиб қўйишимиз осон кечади.
— Атлас ва адрас каби матодан тикилган миллий либосларни масхара қилиш, уларни замонавий кийимлардан паст кўриш миллий қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик, — дейди Европада вақтинча фаолият юритаётган дизайнер Шаҳзода Қобилжонова. — Ижтимоий тармоқларда бу каби муомалалар тар-қалиши, ҳатто ёшлар орасида уялиб, миллий либосдан воз кечиш ҳолатлари кўпайиши хавотирли ҳолат. Беш ёшли қизим ўзимиз истиқомат қилаётган шаҳардаги боғчага боради. Гуруҳида асосан бошқа давлатлардан келган турли миллат вакилларининг жажжи фарзандлари йиғилган. Қизим ҳар куни боғча-сига миллий либосда бораман дейди. Негаки тарбиячилар миллий либосдаги болаларни бошқаларга ҳар куни ўрнак қилиб кўрсатар экан.
Ҳа, миллий кийим орқали кимнинг қайси халқ, қайси миллатга мансуб эканини аниқлаш мумкин. Агар биз бугун миллий кийимларни қадрламасак, эртанги авлод уларни умуман танимай қолиши мумкин. Атлас ва адрас эса шунчаки ипак мато эмас, улар орқали халқимиз асрлар давомида ўз маданиятини, урф-одатини намоён қилиб келган. Ҳозир миллий матоларни кийишдан уялиш ҳолатлари, афсуски, йўқ эмас. Дизайнерларимиз миллий матолардан жуда чиройли, замонавий фасондаги кўйлак, костюм ва аксессуар-лар тикяпти. Фақат уларни кийиб бера олсак кифоя.
— Миллий кийимларни кийиш ёшлар онгида миллий ғурур, ватанга муҳаббат ва тарихга ҳурмат туйғуларини шакллантиради, — дейди педагог Қудратилла Каримов. — Миллий либослар орқали ёшлар ўз илдизларига, аждодларининг ҳаёт тарзига ва қадриятларига янада яқинлашади. Бу эса уларнинг ўзини таниши, маданий ўзлигини англаши ва маънавий етук шахс сифатида шаклланишига хизмат қилади.
Шунингдек, миллий кийимлар одоб-ахлоқни, соддаликни, ор-номусни қадрлашга ундайди. Қизлар орасида адрас, атлас каби матолардан тикилган либослар кийиш уларни хушмуомала, одобли ва эстетик дид, нафислик билан тарбиялашга ижобий таъсир кўрсатади. Ўғил болалар эса миллий кийимлар орқали мардлик, жасорат, туркий халқларга хос ғурур ва бир сўзлилик каби хислатларни ўзида мужассамлаштира олади.
Мухтасар айтганда, ўзбек миллий кийимлари оддий матолардан тикилган, тайёрланган либос ва буюмлар эмас, балки тарих, санъат, маданият ва ўзлик тимсолидир. Улар нафақат тўй, маърака, маросимларда, балки кундалик ҳаётда ҳам ўрнини топиб бориши лозим. Уларни асраш, авайлаш, янги авлодга етказиш ҳар биримизнинг ватан ва миллатимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир.
Аҳамият бердингизми, сўнгги пайт халқаро ареналарда спортчиларимиз, айниқса, футболчиларимиз ҳар сафар зафар қучиб, ғалаба ёки натижани қўлда ватан байроғи, бошда дўпписи билан нишонлаяпти. Мух-лислар ҳам кийиб олган дўпписи орқали кимни ёки қайси жамоани қўллаб-қувватлаётганини аён қиляпти. Бу яхши тенденция, албатта.
Юқорида келтирганимиз миллий мато ва либосларимизга менсимай муносабатда бўлаётган, бўлганда ҳам шармсизларча тақдим қилаётганларга эса айтадиганимиз шу: миллатимиз вакилларининг ичидаги қоғоз кўтара олмайдиган гапларни қўзғаманг. Акс ҳолда, ўзимизга жавоб бера олмай қоламиз.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири